Меню

Қашқадарё

19.02.2019 1589

ҲАРБИЙЛАР ИШТИРОКИДАГИ ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАЛАРИ СОНИ ОРТГАНМИ?

Яна бир ҳолатда Нишон туманидаги ҳарбий қисмлардан бирининг хизматчиси З.Р. ўзига бириктирилган автомобилни туманнинг ички йўлида бошқариб келаётганда чанг кўтарилиб, кўриш имконияти кескин пасайиб кетади. Аммо ҳайдовчи ўзбошимчалик билан юришда давом этади ва йўл четида кетаётган аёлни уриб юборади. Аёл воқеа жойида вафот этган, ҳарбий хизматчига эса суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу билан биргаликда, ҳарбий хизматчиларнинг хизмат вақтидан ташқарида, ўз шахсий автомобиллари иштирокида йўл ҳаракати ҳодисасини содир этиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчиси К.Р. ўзига тегишли "Кобальт" автомобилида кечқурун спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда Қарши-Бешкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланади. Натижада йўлни кесиб ўтаётган аёлни уриб юборган. Ҳодиса аёлнинг вафот этиши, ҳайдовчининг озодликдан маҳрум қилиниши билан якунланади.

Бу ҳолатлар ҳақида Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш марказида ҳарбий хизматчилар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган тадбирда гапирилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокуратураси, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Мудофаа вазирлиги медиа-маркази томонидан тайёрланган махсус видеофильм намойиши билан бошланди. Унда 2018 йил давомида юртимизда ҳарбий хизматчилар иштирокида содир бўлган йўл-ҳаракати ҳодисалари, уларнинг фожиали якуни ўз аксини топган.

Шундан сўнг, ҳарбий прокуратура, вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, округ қўмондонлиги вакиллари ҳарбийлар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган янги ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

- Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, улар бошқарувидаги хизмат ёки шахсий автомобиллар иштирокидаги йўл-ҳаракати ҳодисалари сони ўсиб бормоқда, - дейди Қарши ҳарбий прокуратураси ходими Азиз Исаков. - Бунинг асосий сабаби эса ҳайдовчининг белгиланган қоидаларни яхши билмаслиги ёки унга амал қилмаслиги, тезликни ошириши, эътиборсизлиги, масъулиятни унутишидир.

Тадбирда таъкидланганидек, айтиб ўтилган йўл ҳаракати ҳодисалари атайлаб ёки қасддан содир этилмаган. Лекин ҳайдовчининг эътиборсизлиги, масъулиятни унутиши, белгиланган қоидаларга риоя этмаслиги юқоридаги каби аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай экан, автомобиль бошқарувига ўтираётган ҳар бир киши огоҳликни, ҳушёрликни, масъулиятни унутмаслиги, белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиши лозим.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!