Меню

Қашқадарё

17.01.2020 1437

ҲАРБИЙ УЧУВЧИЛАР МУРАККАБ ПАРВОЗЛАРНИ АМАЛГА ОШИРДИ

Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг вилоятимизда жойлашган ҳарбий қисмида ҳарбий учувчиларнинг мураккаб учиш амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар тарқатди.

Ми-8, Ми-24 каби вертолётлар ҳамда Миг-29, Су-25 каби қирувчи самолётларнинг ҳаводаги манёврлари - жанговар имкониятларини намойиш этиш мақсадида ташкил этилган ўқув машғулоти Ўзбекистон олий  ҳарбий авиация билим юрти курсантлари учун чин маънода маҳорат сабоғи бўлди.

Мамлакатимиз ҳарбий авиациясининг етук учувчилари мазкур шарафли ва машаққатли соҳанинг моҳир мутахассиси бўлишни улуғ мақсади  деб билган курсантларга муваффақиятли парвозни ташкиллаштириш учун қай муҳим жиҳатларни қунту сабот билан ўзлаштириш лозимлигини уқтирди.

Даставвал, вертолётларни бирваракайига парвозга чоғлаш, учув аппаратларининг парвоз олди тактик-техник хусусиятлари, учоқ бортида ва қўмондонлик пункти билан алоқани ташкиллаштириш хавфсизлик қоидалари, қўйилган жанговар вазифа бўйича ҳаводаги ҳаракат тартиби белгиланди.

Аэродром ҳудуди бўйлаб бирин-кетин учиб-қўнаётган замонавий учув аппаратлари яхлит кўриниш касб этиб, миллий армиямиз мудофаа қудратининг, хусусан, Ҳарбий ҳаво кучларининг нималарга қодир эканлигини намоён этди.

Шундан сўнг қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилди. Душманнинг жонли ва техник кучига ҳаводан қақшатқич зарба бериш борасида қирувчи самолётлар ҳал қилувчи воситалардан бири сифатида характерланади. Индивидуал маҳорат ва юксак тайёргарлик асосида ҳарбий учувчилар бу каби машғулотларда тобланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти фаолияти 2019 йилда Қарши шаҳрида тубдан қайта ташкил этилганди. Бундан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам ҳудудда жойлашган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли  Хонобод ҳарбий аэродроми имкониятларидан ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида самарали фойдаланишдир.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!