Меню

Қашқадарё

02.08.2018 2466

ҲАРБИЙ СПОРТЧИЛАР ИШТИРОКИДА БОКС ОҚШОМИ

Мусобақа дастлаб 5 та вазн тоифаси бўйича ҳарбий қисмлараро ўтказилган эди. Ушбу босқичда сараланган энг кучли боксчилар ўртасидаги баҳс амфитеатрда ўзига хос шоу тарзида ташкил этилди. Шу куни бокс кечасига ташриф буюрган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда мазкур спорт тури ишқибозлари бир-биридан шиддатли жангларнинг гувоҳи бўлди.

Дастлаб рингга 69 килограмм вазн тоифасида икки карра Ўзбекистон чемпиони, бир қанча халқаро мусобақалар совриндори, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ (ЖҒМҲО) вакили Азизжон Раҳмонов ҳамда бир карра Ўзбекистон чемпиони, қатор халқаро турнирлар иштирокчиси, вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Жамшид Сабиев таклиф этилди. Ҳар иккала спортчи ҳам катта тажриба ва маҳоратга эга. Бу улар ўртасидаги баҳснинг шиддатида ҳам ўз аксини топди. Уч раунд давом этган жангда кичик устунлик билан Азизжон Раҳмонов ғалаба қозонди.

Шунингдек, 75 килограмм вазн тоифасида вилоят ички ишлар бошқармаси вакили Жамшид Бузруков ҳамда ЖҒМҲО вакили Ҳожиакбар Қобулов ўзаро куч синашди. Ғолиблик Ҳожиакбар Қобуловга насиб этди.

81 килограмм вазн тоифасида эса ЖҒМҲО вакили Абдумалик Муҳаммадиев миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Эркин Ботировни мағлуб этган бўлса, 91 килограмм вазн тоифасида ҳам ЖҒМҲО вакили Мирали Боймирзаев Миллий гвардия вакили Тўлқинбой Нўъмонов устидан ишончли ғалабага эришди.

91 килограммдан ортиқ, яъни мутлақ вазн тоифасидаги спортчилар ўртасидаги баҳс ҳам жуда қизиқарли кечди. Бу жангда катта тажрибага эга икки спортчи – Миллий гвардия вакили Файзулла Мухторов ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси  вакили  Акмал Бозоров ўзаро куч синашди. Мухлислар олқишлари остида кечган жангда кичик устунлик билан Акмал  Бозоров ғалабага эришди.

 Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом, эсдалик совғалари ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.

Вилоятимиз санъат усталари томонидан намойиш этилган концерт дастури йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!