Меню

Қашқадарё

14.01.2020 1980

ҲАРБИЙ САЛОМАТ БЎЛСА, ХИЗМАТИ КЎНГИЛДАГИДАЙ ЎТАДИ

Тиббиёт

Ёши улуғлар дуога қўл очганида албатта "Юртимиз тинч бўлсин" деган муқаддас истак ҳам янграйди. Бунда юрт сарҳадлари ҳимоясида куну тун меҳнат қилаётган жасур ўғлонларимизнинг хизмати борлигини-да унутишга ҳаққимиз йўқ. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимиз мудофаа салоҳиятини ошириш, Қуролли Кучларимизни янада мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Демак, ҳарбий хизматчилар фаолиятини янада яхшилаш, уларга ҳар томонлама рағбат кўрсатиш, оила аъзолари, фарзандлари саломатлигини муҳофаза қилиш асосий вазифаларимиздан бўлиб қолади.

Бугун юртимизда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига тиббий-профилактика ва даволаш ёрдами кўрсатиш борасида самарали тизим шакллантирилган. Ҳарбий қисмлардаги тиббиёт пунктлари, ҳарбий госпиталлар замонавий асбоб-ускуналар, тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган. Тиббий хизмат подполковниги Суръат Болтаев бошчилик қилаётган Қарши ҳарбий госпитали ҳақида ҳам шу    фикрларни айтиш мумкин.

- Олдимизда турган вазифаларнинг масъулияти улкан, - дейди ҳарбий госпиталь бошлиғи. - Чунки Ватан ҳимоячиларининг саломатлигини сақлаш, демакки, тинчлик ва осойишталикни таъминлашдек улуғ мақсад йўлида хизмат қилаяпмиз. Демак, ҳамиша ўқиб-ўрганиш, изланиш, тажриба оширишимиз лозим. Шунинг учун шифокорларимиз белгиланган режа асосида малака ошириш курсларида таҳсил олиб қайтишаяпти. Мақсадимиз -тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб тарзда фаолият юритиб, ҳарбийларга сифатли хизмат кўрсатиш.

Госпиталда ҳарбий хизматчиларнинг даволанишлари учун барча шароитлар ҳозирланган. Бўлимлар сўнгги русумдаги тиббиёт анжомлари билан жиҳозланган. Биргина 2019 йилнинг ўзида Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан янги замонавий турдаги "Амплипульс-5М", "Рақамли тиббий рентген радиографик тизими", "Рентгеноскопик ташхислаш", "Проскан-2000" флюрография сингари бир қанча  тиббий аппаратлар ўрнатилди.

Госпиталнинг тажрибали шифокорлари ҳақида сўз кетганда, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги Жўрақул  Мамадалиев номи биринчилардан бўлиб тилга олинади. Умрининг 50 йилини шу соҳага бағишлаган бу инсон билан суҳбатлашиб, куч-ғайратига ҳавасингиз келади.

- Ҳаётимда эришган ютуқлардан бири кўплаб шогирдларга устозлик қилганимдир, - дейди "Соғлиқни сақлаш аълочиси", "Шуҳрат" медали соҳиби Жўрақул Мамадалиев. - Энг асосийси, мамлакатимиз мустақилликка эришганида унинг тиббиётдаги ривожига озми-кўпми меҳнатим сингди. Шу кунга қадар хизмат қилиб келаётганимдан хурсандман.

Госпиталда соҳа фахрийларининг ётиб даволанишлари учун ҳам барча имкониятлар муҳайё. Уларга мўлжалланган хоналарга қўшимча ёруғлик мосламалари, тўғридан-тўғри навбатчи шифокор билан боғланиш имконини берувчи алоқа воситалари ўрнатилган. Муолажа, физиотерапевтик даволаш хоналари ётоқ бинолари билан ёнма-ён ташкил этилиб, қўшимча равишда малакали тиббиёт ходимлари бириктирилган.

- Чекка ҳудудларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамоат фонди билан биргаликда гуруҳлар ташкил этганмиз, - дейди Суръат Болтаев. - Бу гуруҳларда жарроҳ,  ички касалликлар шифокори,   невропатолог, гинеколог, тиш ва кўз касалликлари шифокорлари каби бир қатор тажрибали ходимлар жамланган бўлиб, улар оналар ва болалар саломатлигини обдан текширувдан ўтказишади. Шунингдек, ҳарбий оилалар ўртасида соғлом турмуш тарзи, саломатликни асраш шартлари, гигиенага риоя қилиш тартиби, касалликнинг олдини олиш борасида суҳбатлар олиб бориш ҳам белгиланган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган низомга асосан ҳарбий тиббий   муассасалар ҳарбий хизматчилар ва имтиёзли мижозлар тоифасига тааллуқли бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга ҳам хизмат кўрсатиши белгиланди.

Қарши ҳарбий госпиталида мазкур қарор талаблари асосида ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва аҳолининг тиббий текширувлардан ўтиши учун пуллик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

- Госпиталда мижозлар лаборатор, рентгенологик, ультратовуш ва бошқа инструментал текширувлардан ўтиши билан бир қаторда, стоматолог, ЛОР, гинеколог, терапевт, жарроҳ, невропатолог, офтальмолог, дерматолог, рентгенолог каби мутахассислар кўригидан ўтиши ва маслаҳат олишлари мумкин, - дейди госпиталь бош ҳамшираси Айша Шукурова. - Жорий йилдан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ҳам госпиталь ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тинчлик-осойишталик ҳукмрон юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ушбу тиббий маскан фаолияти госпиталда даволанаётган беморларнинг муносиб эътирофларига сазовор бўлаётгани бор гап.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!