Меню
Қашқадарё
ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК МУҲОКАМАСИДА
Вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари, ННТлар, қатор жамоатчилик ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, вилоятдаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда мавзуга оид маърузалар қилиниб, тадбир иштирокчиларига 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
- Ҳозирги вақтда мазкур Ҳаракатлар стратегияси кенг муҳокама этилиб, у юзасидан мутахассислар, ёшлар, умуман, кенг жамоатчиликнинг фикри ўрганилаяпти, - дейди "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши бўлим мудири Маҳлиё Шукурова. - Энг муҳими, унда жамиятимиздаги барча соҳалар, хусусан, халқ билан мулоқот, тадбиркорликни ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш каби кўплаб жабҳалар қамраб олинган. Семинар давомида бошқа иштирокчилар қаторида мен ҳам айрим масалалар бўйича ўз муносабатимни баён қилдим.
Тадбир давомида иштирокчилар уч гуруҳга бўлиниб, мазкур Ҳаракатлар стратегиясини муҳокама қилишди ва у юзасидан ўз таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларини тақдим этишди.
Азизбек НОРОВ