Меню

Қашқадарё

30.07.2016 1789

ҲАРАКАТ, ФАОЛИЯТ ВА МАСЪУЛИЯТ

Маълумки, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати республикамиздаги йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида ҳозирги кунда 4 миллион нафардан зиёд ёшларни эзгу мақсадлар йўлида ихтиёрий бирлаштирган бўлиб, таълим даргоҳларида таҳсил олаётган, корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ёшларнинг ташаббуслари билан ташкил этилган 15 мингга яқин бошланғич ташкилотга эга.

Ҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ўтган даврдаги фаолиятни таҳлил қилиш, келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида эса ҳар 2,5 йилда камида бир марта конференция чақирилади.

 “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгашининг навбатдаги конференциясида вилоят ва маҳаллий кенгашларнинг ўтган 2,5 йилдаги умумий фаолияти таҳлил қилиниб, эришилган ютуқлар қаторида фаолиятни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда бошланғич ташкилотларнинг масъулияти ва таъсирини ошириш, ёшларда “оммавий маданият” ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликлари профилактикасини самарали ташкил этишга кўмаклашиш каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни таълимнинг  кейинги босқичига янада кенг йўналтириш масалаларида ҳам амалий ишларни кучайтириш зарурлиги, ёшларнинг чет давлатларга чиқиб кетишининг олдини олиш, вилоятимизнинг чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи ўғил-қизлар  билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, “Камолот” стипендияси танловини, “Ёш олимлар кенгаши” ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш, бошланғич ташкилотларга доимий услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб бориш мақсадида “Кўмак” гуруҳи фаолиятини танқидий кўриб чиқиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Конференция иши давомида кенгаш аъзолари, назорат-тафтиш комиссияси янги таркиби, кенгаш раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди.

Унга кўра, Шомурод Сатторов “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раиси этиб сайланди.

Шунингдек, ҳаракатнинг IV қурултойида вилоятимиздан иштирок этадиган делегатлар ҳам сайлаб олинди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Қурбонов ҳамда вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Баҳодир Қодиров иштирок этди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!