Меню
Қашқадарё
Арабхона маҳалласида 7-оилавий поликлиника иш бошлайди
Тиббиёт
Вилоятимиз марказида оилавий поликлиникалар сони яна биттага кўпаядиган бўлди - Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 5-сон оилавий поликлиниканинг Арабхона филиалига 7-оилавий поликлиника мақоми берилмоқда.
Шаҳар ҳокимининг шу йил 29 сентябрдаги тегишли қарорида қайд этилишича, ушбу чора Арабхона маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур ҳужжатга асосан шаҳар молия бўлимига 7-оилавий поликлиникага белгиланган меъёрлар бўйича штат бирлиги ва маблағ ажратиш, тиббиёт бирлашмасига эса уни зарур тиббиёт жиҳозлари ва малакали ходимлар билан таъминлаб, фаолиятини белгиланган тартибда сифатли йўлга қўйиш вазифалари юклатилди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, Қарши шаҳридаги 5-сон оилавий поликлиниканинг Арабхона филиали республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли хати ва вилоят ҳокимининг шу йил 20 июндаги қарорига асосан тикланган эди. Бир ой ўтгач, унга Арабхона оилавий пункти, сўнг оилавий шифокорлик пункти мақоми берилганди, энди эса у оилавий поликлиника сифатида фаолият юритадиган бўлди.
Вилоят ҳокимининг қарорига биноан, воҳамизнинг бир қатор туманларида жойлашган яна 9 та тиббиёт маскани, хусусан, Китоб тумани Обиканда оилавий шифокорлик пункти Қатлос филиали, Яккабоғ тумани 71-сон Алақарға оилавий поликлиникаси (ОП) Чинобод филиали, Ғузор тумани 43-сон Халқобод ОП Батош филиали, Қарши тумани 55-сон Сарой ОП Қоратепа филиали, Миришкор тумани 26-сон Вори ОП Авазчўл филиали, Қамаши тумани 47-сон ОП Гагарин филиали, Чироқчи тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси (КТМП) Уйшун филиали, Косон тумани 22-сон Сурхон ОП Майдаёбу филиали ва Шаҳрисабз тумани КТМП Мўминобод филиалининг ҳам фаолияти тикланган эди.
Ўз мухбиримиз