Меню
Қашқадарё
ҲАР СОВЛИҚДАН БИР ҚЎЗИ
- Бу йилги тўл олиш мавсуми ҳар қачонгидан баракали кечмоқда, - дейди хўжалик раҳбари Азиз Усмонов. – Айни пайтда хўжалигимиз отарларида 12 минг бошга яқин қоракўл қўй парваришланмоқда. Шунинг ярмини совлиқ қўйлар ташкил этади. Мазкур мавсумни талафотларсиз ўтказиш ҳаракатидамиз. Ҳар совлиқдан биттадан қўзи олиш кўзланган. Ҳозирги кунгача совлиқларнинг қарийб 25 фоизи қўзилади. Баҳор серёғин келгани ва далаларда ўт-ўлан мўллиги боис қўзиларнинг асосий қисмини ўстиришга қолдиришни мақсад қилганмиз.
Айтиш жоизки, соҳада юқори маҳсулдорликка эришиш кўп жиҳатдан чўпонларнинг саъй-ҳаракати, қаровига боғлиқ. Қўйларни яхши сақлаган ва зарур тартибда озиқлантирган, қўра ва қўзихоналарни тўлга пухта тайёрлаган чўпоннинг иши бароридан келади. Бироқ вазифа шу билан тугаб қолмайди. Балки бунда янги туғилган қўзиларнинг яхши униб-ўсишига шароит яратиш талаб этилади. Мазкур хўжаликнинг бош чўпони Эркин Хўжамуродов бу борада катта тажрибага эга, ўз ишини яхши билади.
- Отаримизда 150 бош совлиқ бор, шу кунгача уларнинг кўпи қўзи берди, - дейди чўпон. – Янги туғилган қўзиларнинг ривожланиши маромида кечаяпти. Аксариятини ўстиришга қолдирдик. Хўжалигимизда наслчилик ишларига қаратилаётган эътибор катта. Негаки наслдор қўйларни кўпайтириш олинадиган қоракўл терилари сифатли бўлишини кафолатлайди. Шу мақсадда отаримизда 100 бош наслдор қўчқор боқилаяпти.
Халқимизда шундай гап бор: тўёқ сони кўпайса, тўкинлик таъминланади, фаровонлик ошади. Бу айни ҳақиқат. Зеро, чорва бош сонининг ортиши гўшт-сут маҳсулотлари, енгил саноат учун қимматли хомашё саналган тери сероб бўлишига имкон беради.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.