Меню
Қашқадарё
ҲАР КУНИ АҲОЛИДАН СОТИБ ОЛИНАЁТГАН 5 ТОННА СУТ ҚАЙТА ИШЛАНМОҚДА
Кўринадики, Чироқчида сут ишлаб чиқариш борасида жуда катта салоҳият мавжуд. Лекин, шунга қарамай туманнинг ўзида бирорта ҳам сутни қайта ишлаш субъекти фаолият кўрсатмаётган эди.
Буни ҳисоб-китоб қилиб кўрган тадбиркор Азамат Эшмирзаев янги лойиҳани, яъни замонавий технологиялар асосида сутни қайта ишлаш фаолиятини амалга оширишга қарор қилди.
Албатта, бугун тадбиркорлик қиламан, ўз бизнесимни ривожлантираман деган кишига давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда, қатор имтиёзлар тақдим этилаяпти. Азамат Эшмирзаев томонидан илгари сурилган лойиҳа ҳам ўз вақтида қўллаб-қувватланиб, унга фаолиятни амалга ошириши учун туман ҳудудидаги бир пайтлар жамоа хўжалиги гаражи бўлган, кейинчалик эса қаровсиз аҳволда қолган бино “ноль” қийматда берилди. Тижорат банки томонидан имтиёзли кредит тақдим этилди. Шу тариқа “Ҳайиткўл қаймоқ сут” масъулияти чекланган жамияти таъсис этилиб, 250 минг АҚШ доллари эвазига Россиядан замонавий сутни қайта ишлаш технологиялари олиб келиб ўрнатилди. Ҳудуддаги 15 нафар ёш йигит-қиз бу ерда иш бошлади.
- Шунингдек, яна бир нечта фуқароларни маҳсулот йиғиб келишга жалб этганмиз, - дейди корхона технологи Ҳалим Жўраев. - Улар ҳар куни эрта тонгдан туманнинг турли қишлоқ ва маҳаллаларига бориб, аҳолидан сут сотиб олади ва уни бизга келтириб топширади. Ҳозирги пайтда кунига ўртача 5 тонна сут йиғилмоқда ва қайта ишланиб, 10 турдаги маҳсулот тайёрланаяпти. Аслида эса корхонамизнинг мавжуд қуввати суткасига 10 тонна сутни қайта ишлашга етади.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, у келгусида корхона қошида ҳам сут ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун хориждан 200 бош зотли сигирларни сотиб олиш режалаштирилган.
Саҳифа материалларини Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.