Меню

Қашқадарё

07.10.2017 1859

ҲАР КИМ АДОЛАТЛИ МЕҲНАТ ШАРОИТЛАРИДА ИШЛАШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

Семинар-тренингда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакили Харри Талига маъруза қилди.

Маълумки, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг  аъзоси ҳисобланади ва  мазкур ташкилотнинг 14 та,  шу жумладан,  болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги 29, 105, 138 ва 182-сонли конвенцияларини ратификация қилган. 

Шунингдек, миллий қонун ҳужжатларимизда болаларни меҳнатга жалб қилиш ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш учун қатъий тақиқ назарда тутилган. Меҳнат қилишга бирор-бир шаклда мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилган. 

Маърузачи ана шулар ҳақида батафсил тўхталар экан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг кўриниш ва шакллари, қандай ҳолатларда юзага келиши ҳамда бунга йўл қўймаслик учун амал қилиниши лозим бўлган талаблар ҳақида атрофлича маълумот берди.

- Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат сингари ҳолларга йўл қўймасликда собитқадамлигини тасдиқлаб, бу соҳада амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқликни таъминлаб келмоқда, - дейди Харри Талига.   

         – Мана, бир неча йиллардан буён пахта йиғим-терими мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти мониторинг гуруҳи таркибида мамлакатнинг турли вилоятларида бўлиб, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таҳлил қиламиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, кейинги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат сингари ҳолларга йўл қўймаслик борасида қатъий позиция шаклланиб, бу борада ишонарли ижобий натижалар кўзга ташланмоқда.

Семинар-тренингда меҳнат органлари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари,  нодавлат нотижорат, касаба уюшма ташкилотлари ва    оммавий ахборот воситаларининг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат борасида аҳоли ўртасида ҳуқуқий тушунтиришлар олиб бориш, бунда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида ҳам фикрлашилди. 

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!