Меню

Қашқадарё

14.03.2017 1840

ҲАР ГЎШАДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ

Маҳалла ва қишлоқларда ободонлаштириш ишлари авжида. Хонадонларга бўйласангиз, кунда-куноша дошқозонларда сумалак қайнаётганининг устидан чиқасиз. Баҳорий кайфият уфуриб турган, тараддудда ўтаётган шу кунларда вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўҳна ва боқий қадрият, умумхалқ байрами - Наврўз шодиёналарига тайёргарлик ишлари қизғин тус олган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 февралида қабул қилинган "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ асрий байрамни халқ сайиллари тарзида, юқори даражада нишонлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Вилоят маданият бошқармаси маълумотларига кўра, жойларда бу йилги асосий байрам тантаналари уч кун давомида - 19-21 март кунлари "Навобахш юртимга хуш келдинг, Наврўз!" номи остида бўлиб ўтади.

- Бу йил воҳадошларимиз Қарши шаҳрининг 9 жойида ўтказилиши белгиланган байрам  сайилларида иштирок этишлари мумкин, - дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Олим Маматов. - Асосий байрам тантаналари эса Қашқадарё дарёси соҳили, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда Наврўз хиёбонида ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Мустақиллик майдони, Ёшлар маданият ва истироҳат боғи, Одина мажмуаси, вилоят "Баркамол авлод" маркази, "Ўзбекистон почтаси" АЖ вилоят филиали, вилоят мусиқали драма театри ёнидаги хиёбонларда ҳам Наврўз шодиёналари ўтказилади. Байрамга ташриф  буюрганлар миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаларини томоша қилишлари, миллий   таомлардан татиб кўришлари мумкин. Қолаверса, бу йил Қашқадарё дарёси соҳили ҳамда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида дор ўйинлари ҳам намойиш этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ёшлар учун боғларда караоке ўйинлари, ёш рассомлар кўргазмалари, "Камолот" ЁИҲ вилоят кенгашининг "Энг яхши китобхон", "Энг кўп шеър ёд айтувчи" сингари байрамона мусобақалар, миллий спорт ўйинлари ташкил қилиниши, гуллар ва қушлар байрами ўтказилиши назарда тутилган.

- Байрамнинг асосий концерт дастури ҳамда декорацияларни тайёрлашда албатта миллий руҳ акс этиши, миллатимизга хос кўҳна қадриятлар тараннум этилишига алоҳида эътибор қаратилаяпти, - дейди вилоят маданият бошқармаси Қарши шаҳар бўлими мудири Нарзулла Абдуллаев. -Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, режиссёр Исоқ Тўраев ҳамда филология фанлари доктори Нафас Шодмонов Наврўз байрами учун сценарий тайёрлашган. Шу кунларда байрам дастурининг репетиция жараёнлари бошланди.

Демак, Наврўзни кўтаринки руҳда, баҳорий хуш кайфиятда ўтказиш учун тараддуд қизғин. Тараддуд натижаларига эса, албатта, байрам кунлари биргаликда гувоҳ бўламиз. Айём     шукуҳи дилларимизни тарк этмасин!

Х.ҚИЛИЧЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!