Меню

Қашқадарё

14.07.2020 1845

ҲАР БИРИ 800 МИНГ СЎМЛИК КЎЧА ЁРИТҚИЧЛАРИ ҚАЕРГА КЕТДИ?

Фотонигоҳ

Хабарингиз бор, Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури доирасида вилоят марказини айланиб ўтадиган, узунлиги 56 километрга тенг ҳалқа йўли қурилиши бошланган эди. Мазкур магистраль халқаро йўлнинг бир қисми ҳисоблангани боис, транспорт воситаларига унда юқори тезликда ҳаракатланиш ҳуқуқи берилди. Хориж тажрибасидан келиб чиқиб, йўлнинг ўртасини кесиб турувчи тўсиқлар аввалгидек темир-бетондан эмас, балки биринчи даражали металлдан қурилди.

Йўлнинг темир йўл, дарё ва автомобиль йўллари билан кесишадиган нуқталарида 6 та замонавий йўл ўтказгич ва кўприк қуриш белгиланди. Қурилиш ишлари 2017 йилнинг охирига қадар якунланиши режалаштирилди. Лойиҳанинг аҳамияти шунда эдики, ҳалқа йўл ишга тушгач, оғир юк машиналари, кўплаб бошқа транспорт воситалари шаҳарни айланиб ўтадиган бўларди. Ва қисман шундай бўлди ҳам.

Ҳеч кимга сир эмас, шу вақтгача ҳалқа йўлининг 29 километри битиб, қолган қисми якунланмаганча турибди. Биз ҳозир бу йўл нега ҳалқага айланмади, қолгани қачон битади, деган саволларга жавоб излаш ниятида эмасмиз. Бу - галдаги мақолаларимиз мавзуси.

Ҳозир айни шу йўлдаги, Арабхона  маҳалласи тарафда йўл ўртасига ўрнатилган ёритқичлар қайгадир йўқолиб қолгани бизда кўпроқ таажжуб уйғотаяпти.

Сўраб билишимизча, бу ёритқичларнинг бозор баҳоси 800 минг сўмдан экан. Чўтласак, айни шу тарафда оз эмас, кўп эмас, нақ 40 та "столба"нинг ёритқичлари гум бўлибди. Ҳар бир "столба"да  4 тадан "лампа" борлигини ҳисобга олсак, 160 тасининг нархи 128 миллион сўм бўларкан.

Айтишларига кўра, бу кўча ёритқичлари ўрнатилганидан бери йўлни айтарли ёритмаган. Шундай бўлгандан кейин уларнинг "йўқ бўлиб  қолиши" кутиш мумкин бир ҳолат. Яъни кўчада қимматбаҳо, замонавий "лампа"лар турибди ва у умуман ишлатилмаяпти, одамлар орасида эса тўғрисиям, қўли эгрисиям бор - ўмариш учун шароит яратиб берилгандан кейин бошқа нимани кутиш мумкин?

Биз ҳалқа йўли тезроқ битиши баробарида, ушбу йўлга ўрнатилган ёритқичлар тезроқ ўз ўрнига қайтарилиши ва мунтазам ишлатилиши тарафдоримиз. Хўжакўрсинга ўрнатиб, унинг кейинги тақдири билан қизиқмаслик - буни қандай тушуниш керак? Ахир одам учун топган бир мисқол бойлиги қанчалик аҳамиятли бўлса, давлатникиям шу - миллионлаб маблағ кимлардир ўмариб кетиши учун сарфланмаган...

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!