Меню

Қашқадарё

12.11.2019 206

Ҳар бир тадбиркорга кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!

 Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг воҳа тадбиркорлари, ишбилармонлари ва бизнес вакилларига

 МУРОЖААТИ

 Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!

 Қашқадарё воҳаси мамлакатимизда ўзининг шонли тарихи, тенги йўқ осори атиқалари ва маданий мерос объектлари билан ўз ўрнига эга. Шу билан биргаликда саховатли заминимиз гўзал ва бетакрор табиати, қулай иқлими, сархил мевалари, бой табиий ресурслари, унумдор ерлари тадбиркорликнинг барча йўналишларида кенг ва самарали фаолият олиб бориш имконини беради.

 Бугунги кунда вилоятимизда 58300 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритади. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши кейинги 3 йилда 51,1 фоиздан 61,4 фоизга кўтарилди.

 Сиз яхши биласиз, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг саъйи ҳаракатлари ва шахсий ташаббуслари билан мамлакатимизда тадбиркорликнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Хитой, Германия, Россия каби ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, ҳалқаро даражадаги консультантлар ва экспертларни жалб қилиш орқали соҳа ривожи учун қулай муҳит шаклланди.

 Жумладан, тадбиркорлик фаолиятига рухсат бериш ва янги субъектларни рўйхатга олишда қоғозбозлик ва бюрократик жараёнлар сезиларли даражада қисқарди. Тадбиркорлик субъектларини текширмаслик бўйича икки йиллик мораторий эълон қилиниб, улар фаолиятини барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан текширишларга қатъий барҳам берилди. Тижорат банклари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва манфаатларининг устуворлиги принципи жорий этилиб, кредитларни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган жараёнлар бир мунча соддалашди. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан кейинги уч йилда қабул қилинган 50 дан ортиқ фармон ва қарорлар асосида мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шунга монанд, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган “Биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”, деган ҳаётбахш ғоя ижро органлари раҳбарлари онгига сингдириб келинмоқда. 

 Биз вилоятдаги барча маҳаллий бошқарув ва ижро органларининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга оид фаолиятини танқидий таҳлил қилган ҳолда, олиб бораётган ишларимиз талабга жавоб бермаслигига ишонч ҳосил қилдик ва Сиз азиз ишбилармонларнинг янада самаралироқ фаолият юритишларингиз учун тўсиқ бўлаётган қуйидаги муаммолар мавжудлигини:

 - Тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш ва субъектларнинг инфратузилма тармоқларига уланишда қатьий белгилаб қўйилган муддатларга риоя қилмаслик ёки бу борадаги мурожаатларни асоссиз рад этиш;

 - Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, фаолиятга рухсат бериш ва уни лицензиялаш, мулкга эгалик ҳуқуқини белгилашда ваколатли органлар томонидан сансоларлик ва ортиқча ҳужжатлар талаб қилиш ҳолатлари;

 - Кредит ажратишда “ресурс йўқ”, “гаров таъминоти етарли эмас” каби асоссиз важлар келтирилиши, кредит фоизларининг юқорилиги ҳамда гаровга қўйилаётган мулкларни нархлашда тадбиркор билан банк ўртасида келишмовчиликлар кўплаб учраётгани;

 - Банклар томонидан ажратилаётган кредитлар фоизларини белгилашда тадбиркорлик йўналишидан келиб чиқиб, дифференциал ёндашувнинг йўқлиги сабаб саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш самарадорлиги пастлиги;

  - Тадбиркорларга тегишли бўлган хусусий мулкларни асоссиз олиб қўйиш, ободонлаштириш баҳонасида улар мулкини ноқонуний бузиш ёки кўчириш ҳолатларининг кўплаб учраётгани;

 - Солиқ имтиёзларини қўллаш, фаолиятга асоссиз аралашиш ва ҳомийлик қилишга мажбурлаш ҳолатларига барҳам берилмаётганлиги;

 - Маҳаллий ҳокимликларда малакали мутахассисларнинг етишмаслиги,  солиқ органлари, савдо-саноат палатаси, тижорат банклари, давлат активларини бошқариш ҳамда давлат хизматлари агентликлари, архитектура, кадастр хизматлари ва шу каби тадбиркорлик фаолияти ишларига алоқадор бўлган бошқа кўплаб идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг мувофиқлаштирилмаганлиги, натижада ҳудудлардаги минерал ресурслар, табиий бойликлар ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, ташаббускорлар ва инвесторларни йўналтириш, бу борада зарур ахборотларни уларга тақдим қилиш тизими тўлақонли шаклланмаганини тан оламиз.

 Бунинг исботини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича вилоятдаги қабулхонаси фаолият бошлаган қисқа беш ой ичида у ерга қилинган 1598 та мурожаат, қайд этилган 2116 та муаммо ҳам кўрсатиб турибди.

 Давлатимиз раҳбари “Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни елкамда кўтараман” дея уларни руҳлантириб турган бир пайтда, ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятида юқоридаги каби камчиликларга йўл қўйилаётганига қандай муроса қилиш мумкин.

 Лекин, ана шундай қийинчилик ва бюрократик ҳолатлар бўлишига қарамасдан ўзларининг ватанпарварлиги, тинимсиз ҳаракати туфайли самарали фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз бор ва қувонарлиси улар сони жадал суръатларда кўпайиб бормоқда.

 Масалан, Қарши туманидаги “Шарофиддин Нурулло” масъулияти чекланган жамияти (раҳбари Н.Номозов) аҳолига юк ва йўловчи ташиш хизматини йўлга қўйиб, 120 нафар фуқарони иш билан таъминлади ва давлатга йилига 400 миллион сўм солиқ тўламоқда.

 Нишон туманидаги “Нишон кўзгу” кўп тармоқли фермер хўжалиги эса (раҳбари Ш.Узоқов), 100 нафарга яқин фуқарони иш билан таъминлаб, йилига 1 миллион 200 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини амалга оширган ҳолда, давлатга 120 миллион сўм солиқ тўламоқда.

 Худди шундай, пахта тўқимачилик кластери ташкил қилиб 250 та иш ўрни яратган Қарши шаҳридаги “Султон текс гроуп” хусусий корхонаси (раҳбари Н.Эргашев) ҳамда мева-сабзовот кластери ташкил қилаётган Яккабоғ туманидаги “Шарофат она Қаҳрамон қизи” масъулияти чекланган жамияти (раҳбари А.Нормуродов) фаолиятини ҳам алоҳида тилга олиш ўринли.

 Биз юқорида номлари келтирилган ва шулар қаторида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фидокорона меҳнатларини юксак қадрлаймиз ва уларга миннатдорлик билдирамиз.

 Шунингдек, вилоятда 2020 йилда кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 67 фоизга етказиш мақсадида барча зарурий чоралар кўрилади. Хусусан, бунга эришиш учун 9 мингдан зиёд юридик мақомдаги янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтатган 3 мингдан ортиқ субъектларни қўллаб-қувватлаш орқали фаолиятини тиклаш назарда тутилмоқда.

 Бундан ташқари, келгуси йилда тадбиркорларимиз томонидан амалга оширилиши мўлжалланган 1 триллион 695 миллиард сўмлик 312 та саноат, 1 триллион 491 миллиард сўмлик 478 та хизмат кўрсатиш ва 1 триллион 350 миллиард сўмлик 407 та қишлоқ хўжалиги соҳасига оид янги лойиҳаларнинг тўлиқ ишга туширилишида уларга елкадош бўламиз.

 Янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳудудларнинг ихтисослашувига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Китоб туманида анорчилик ва узумчилик, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида боғдорчилик, Чироқчи туманида полизчилик (тарвуз), Қамаши туманида куркачилик ва қуёнчилик, Деҳқонобод туманида доривор ўсимликларни (коврак) етиштириш ва қайта ишлаш кластерларини ташкил қилиш бўйича иш олиб борилмоқда.

 Қадрли тадбиркорлар, азиз ишбилармонлар!

 Бугундан бошлаб барча маҳаллий давлат идораларида фаолиятнинг 50 фоизи тадбиркорлик соҳаси муаммоларини ҳал қилишга қаратилади.

 Бунда:

 - вилоятнинг 4 та сектори, бошқарувнинг барча бўғинлари раҳбарлари томонидан ҳар бир ташаббускор лойиҳасини амалга оширишда ҳудуднинг эртанги куни, аҳоли фаровонлиги, янги иш жойларининг кафолати нуқтаи назаридан ёндашув таъминланади;

 - тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи куч, иқтисодиётимизни таянч устуни эканлигини инобатга олиб ҳамда маҳаллий давлат идоралари фаолиятига баҳо бериш мақсадида вилоят, барча шаҳар ва туманларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар жамоатчилик кенгашларининг таркиби қайтадан кўриб чиқилади.

 Учраётган салбий ҳолатлардан хулоса қилган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ҳар бир тадбиркорнинг муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш ва бюрократик ҳолатларга чек қўйиш мақсадида қуйидаги тизимни жорий қилишни режалаштирдик:

 Биринчидан, чет эл инвестицияси иштирокидаги ва хорижий  корхоналар ташкил қилиш лойиҳалари вилоят ҳокимининг шахсий назоратида бўлади.

 Шунингдек, янги ташкил этилаётган ва фаолиятида муаммолари мавжуд тадбиркорлик субъектларининг ҳар бир лойиҳаси амалга оширилишини таъминлаш учун туман, шаҳарлар ҳокимлари шахсан масъул бўладилар.

 Қайдадир Сиз, ҳурматли тадбиркорларнинг муаммоларингиз ўз ечимини топмаган тақдирда вилоят ҳокимлигининг “qashqadaryo.uz” расмий сайти, ва 75-221-01-28, 75-221-20-16 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Мурожаатингиз юзасидан узоғи билан 3 кун муддатда вилоят ҳокими қабулига киришингиз таъминланади.

 Иккинчидан, фаолият йўналишидан қатъи назар ҳар бир вилоят ташкилоти ва идора раҳбари “Тадбиркорга кўмакдош ва елкадош” тамойили асосида иш олиб боради ва мурожаатингиз бўйича кўпи билан 3 кун ичида Сизни қабул қилади.

 Учинчидан, ҳар бир тадбиркорнинг мулкий дахлсизлиги кафолатланади, унинг мулкини асоссиз бузиш, кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолларига йўл қўйилмайди. Бу борада вилоят прокуратураси томонидан қонун устуворлиги таъминланади.

 Тўртинчидан, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашиш, ҳомийлик қилишга мажбурлаш, тадбиркорликка тааллуқли бўлмаган ҳар хил мажлисларга уларни чақириш ҳолатларига барҳам берилади.

 Бешинчидан, муаммоларингизни қисқа фурсатда бартараф этиш мақсадида, уч кун муддатда ҳар бир шаҳар ва туманнинг аҳоли гавжум бўлган камида 4 та жойида ҳоким ва сектор раҳбарларининг 24 соат ишлайдиган телефон рақамлари ёзиб қўйилади.

 Бундан кейин сектор раҳбарларининг фаолиятига нечта тадбиркор билан учрашгани, унинг масаласини ҳал қилгани бўйича мониторинг юритиш орқали баҳо берилади.

 Олтинчидан, ҳар бир туман, шаҳар ҳокимлиги томонидан минерал ресурслар, сув, тупроқ ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда ҳудудни тадбиркорликнинг муайян йўналишига ихтисослаштириш ягона концепцияси ишлаб чиқилиб, бир ҳафта муддатда кенг жамоатчилик олдида тақдимоти ўтказилади.

 Ҳурматли, вилоят ва туман раҳбарлари!

 Фаолиятингиз асосини тадбиркорликни ривожлантиришга қаратиш вақти келганлигини асло унутманг.

 Тадбиркорнинг мурожаатини тезкорлик билан, жойига чиққан ҳолда шу куннинг ўзида ҳал қилинг.

 Тадбиркорлар ва бизнес вакилларининг Сизга берган баҳоси фаолиятингиз кўзгусидир.

 Қадрли тадбиркорлар, ишбилармон ака-укалар, опа-сингиллар!

 Сиз ўз ҳаракатингиз, тадбиркорлигингиз ва ватанпарварлигингиз ортидан ҳозиргача жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдингиз ва тажриба орттирдингиз. Сиздан ёш тадбиркорларга кўмаклашишингиз ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда соҳани ривожлантириш борасида таклифлар беришингизни, жойларда дуч келаётган муаммоларингиз ва сансалорлик ҳолатларининг ҳар қандай кўриниши тўғрисида юқорида келтирилган расмий web-сайт ва телефон рақамлари орқали бизга маълум қилишингизни сўраймиз.

 Унутманг, биз Cизга кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!

 

                                                         

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!