Меню
Қашқадарё
ҲАР БИР МАКТУБ - ДИЛ ОЙНАСИ
Китоб туманидаги Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юртининг бир гуруҳ талабалари томонидан таҳририятимиз электрон манзилига йўлланган хатларда маънавиятимиз устуни – ислом дини ғоялари асосида турли мавзуларда сўз юритилган. 3-босқич талабалари Фаррухжон Аҳмаджонов ва Абдулваисхон Қосимов инсон қалби кушандаси - ҳасад ҳақида фикр юритар эканлар, ўз сўзларини таниқли ислом уламолари ва ҳадиси шарифлар билан далиллайдилар. Жумладан, “Ҳасад яхшиликларни еб битиради” мақоласида келтирилади:
“Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Ҳасад ҳасадгўйнинг адоватидан, кибр ва бадбахтлигидан келиб чиқадиган ёмон иллатдир. Шунинг учун ҳасад қилувчи доимо руҳий азобда яшайди. Бир кишининг муваффақиятини кўргани ҳамон ҳасад оловида ёнади. Ҳасадгўйга бундан ҳам қаттиқ жазо бўладими?!”
Билим юрти талабалари Саидбурҳон Давутов, Ғолибжон Хидиров, Ҳикматулло Даминов, Жасур Жумаевлар муаллифлигидаги мақолаларда маърифатлилик, маънавиятга таҳдидлар ва уларга қарши туришнинг муҳим омиллари, огоҳлик, одоб-ахлоқ ҳақида сўз юритилади. Мазкур даргоҳ ўқитувчиси Азамат Усмонов йўллаган мақола эса “ўргимчак тўри” – интернетдаги зарарли ғояларни тарғиб этишга қаратилган сайтлар таъсиридан огоҳ бўлишга чорлайди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти доценти Ҳаловат Исмоилова томонидан йўлланган мактубда юксак инсоний туйғу – меҳр-мурувват ҳақида сўз боради. Институтнинг технология факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари Қамаши туманидаги 4-сонли Меҳрибонлик уйида бўлиб қайтишгани ҳақида ёзиб, у ерда тарбияланаётган болалар ҳаёти билан яқиндан танишиш асносида кўнглида уйғонган туйғулар билан ўртоқлашади.
“Меҳрибонлик уйида яшовчи қоракўзларнинг беғубор орзулари, мақсадлари билан танишдик. Уларнинг гоҳ болаларча самимий ва дилкаш суҳбатларидан завқландик, гоҳ ҳаёт, оила ва келажак ҳақидаги теран қарашларидан жунбишга келдик”, дейилади мактубда.
Нишон туманилик Жуманазар Акрамов юборган хат эса ўғлини йигитлик бурчини ўташга кузатган ота таассуротларини ўзида жамлаган.
“Шоирликни даъво қилмасам-да, шеърлар машқ қилиб тураман. Ушбу шеъримни ўғлимнинг аскар бўлиб, Ватан ҳимоячиси бўлганидан илҳомланиб ёздим”, дея “Посбоним” сарлавҳали шеърини ҳавола этади. Шеър қуйидаги сатрлар билан тугалланади:
Ватанга садоқат йўлин тутибсан,
Юзинг ёруғлиги менинг бахтимдир.
Элнинг тинчлигига ҳиссанг қўшибсан,
Билгилки, шу менинг олий тахтимдир!
Булар – таҳририятимизга келаётган хатлар оқимининг кичик бир тўлқини, холос. Уларда акс этган газетхонларимиз ўй-фикрлари эса бизда юртдошларимиз кўнгил кечинмалари ҳақида ёрқин тасаввур ҳосил қилади. Зеро, айтишганидек, мактублар – дил ойнасидир.
ТАҲРИРИЯТ