Меню
Қашқадарё
ҲАР БИР ХОНАДОНДА ТОВУҚ БОҚИЛАДИ, ЁНFОҚ, ЛИМОН ВА УНАБИ ПАРВАРИШЛАНАДИ
Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ерга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Улар қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда фаол иштирок этишмоқда. Шу билан бирга, бугунги шароитда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаси учун ажратилган ер майдонларидан янада самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш ҳажмларини кескин ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш долзарблик касб этмоқда.
Тегишли қарорга асосан, ушбу мақсадлар рўёбини таъминлаш учун бир қатор чора-тадбирларни адо этиш белгиланган. Хусусан, аҳолининг деҳқончилик маданиятини янада ошириш, уларни янги, серҳосил, касалликларга чидамли кўчат ва уруғликлар билан таъминлаш, шу орқали деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида экспортбоп маҳсулотлар етиштирилишини рағбатлантириш кўзда тутилган. Шунингдек, аҳолига минерал ўғит, уруғлик, кўчат, ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситалари, паррандалар ва бошқа моддий ресурсларни етказиб берувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектлари тўлиқ шакллантирилади.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2017-2019 йилларда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида 100 бошдан парранда боқиш, лимон, унаби ва грек ёнғоғи етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ишлаб чиқилди. Аҳамиятлиси, дастур ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кенг қамровли ишларни бажариш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар аллақачон бошлаб юборилди.
Таъкидлаш жоиз, юқоридаги қарор асосида вилоятимизнинг Шаҳрисабз ва Касби туманлари жорий йилда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида парранда боқиш, лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш, унаби ва грек ёнғоғи етиштириш бўйича намунали ҳудудлар сифатида танлаб олинган.
- Бугунги кунда туманимизда 30 мингдан зиёд аҳоли хонадони бор, улар ихтиёрига 3200 гектардан ортиқ ер майдони деҳқон хўжалиги ва томорқа қилиб берилган, - дейди Касби тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Қурбон Сариқов. - Уларда муҳим ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйиш бўйича иш олиб бораяпмиз. Туманимиз фаоллари, жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, улар ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли билан суҳбатлашаяпти, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича тушунтириш бераяпти. Тегишли қарор билан белгиланган прогноз кўрсаткичларига кўра, туманимиздаги 12 мингдан ошиқ аҳоли хонадонида лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар барпо этиш, барча хонадонларда товуқ боқишни йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулот ҳисобланган ёнғоқ ва унаби, яъни чилонжийда кўчатларини экиш назарда тутилган. Шу мақсадда ҳозирги кунда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозиргача аҳоли томорқаларида 3600 туп 2-3 ёшли лимон кўчати, 3000 тупдан зиёд ёнғоқ ниҳоллари экилди, 300 га яқин иссиқхона қурилди. Пешма-пеш товуқ тарқатилмоқда. Кўчатлар мутахассислар томонидан экиб берилаяпти, аҳолига уларни парваришлаш технологияси ўргатилаяпти.
3 йилга мўжалланган ушбу дастурга мувофиқ, Шаҳрисабз ва Касби туманларидан ташқари яна тўрт туман – Ғузор ва Косон (2018 йил) ҳамда Қамаши ва Яккабоғ (2019 йил) намунали ҳудудлар сифатида танлаб олинган. Тегишли даврда мазкур туманлардаги кўплаб аҳоли хонадонларида ҳам парранда боқиш йўлга қўйилади, лимон етиштириш учун иссиқхоналар ташкил этилади, грек ёнғоғи ва унаби кўчатлари экилади. Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларини таъминлаш учун талаб этиладиган лимон, ёнғоқ ва унаби кўчатларини кўпайтириш бўйича вилоятимиздаги ўрмон хўжаликларига ҳам алоҳида масъулият юкланган. Ҳозирги кунда мазкур хўжаликларда ушбу ниҳолларни етиштиришга киришилгани аҳамиятлидир.
- Айни вақтга қадар барча хўжаликларимизда кўчатхоналар ташкил этилди, - дейди вилоят давлат марказий ўрмон хўжалиги директори Бекбўта Абраев. – Бу кўчатхоналарда 125 минг туп ёнғоқ, 100 минг туп лимон ва 30 минг тупга яқин унаби кўчатларини ўстираяпмиз. 2-3 ёшли ниҳолларни аҳолига тарқатишни бошлаймиз. Эътиборли жиҳати шундаки, бу дарахтлар меваси шифобахшлик хусусиятига эга, жаҳон бозорида юқори баҳоланади. Томорқа ерларида ўстириш орқали аҳоли ҳам даромад кўради, ҳосилнинг бир қисмини истеъмол қилиши билан саломатлиги таъминланишига эришади.
Айтиш ўринлики, бу борадаги ишлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида вилоятимизда агрофирмалар ҳам ташкил этилиши белгиланган. Улар деҳқон хўжаликлари ва хонадон эгаларининг буюртмаларига мувофиқ лимон ўстириш учун ихчам, арзон турдаги, енгил конструкцияли иссиқхоналар ва парранда боқиш учун қафасларни марказлашган ҳолда қуриб бериш ва тайёр ҳолда хонадон эгаларига топшириш билан шуғулланади. Шунингдек, агрофирмалар парранда боқиш истагини билдирган ҳар бир хонадон учун ёши 90 кунликдан катта бўлган 100 бош паррандани марказлашган ҳолда етказиб беради, лимон, унаби ва грек ёнғоғи кўчатларини олиб келиб экиб беради, агротехникаси ва касалликларга қарши курашиш бўйича амалий ёрдам кўрсатади ҳамда барча зарурий моддий-техника ресурслари ва ем маҳсулотларини етказиб берувчи савдо шохобчаларини ташкил этади. Мазкур тадбиркорлик субъектлари деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа ер участкаларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, лимон, унаби, ёнғоқ ва парранда маҳсулотларини харид қилиб, тайёрлайди, қайта ишлайди, экспортга йўналтиради.
Бундан ташқари, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларига 90 кунлик, тегишли юқумли касалликларга қарши тўлиқ эмланган паррандаларни тизимли равишда етказиб беришни таъминлаш мақсадида жўжаларни ўстиришга мўлжалланган замонавий паррандачилик комплексларини барпо этиш режалаштирилган.
- Жорий йилда вилоятимизда ана шундай 2 та комплекс ташкил этилади, - дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси чорвачилик сектори бошлиғи Абдуқаюм Бекназаров. – Бугунги кунда Шаҳрисабз туманидаги “Эко парранда” ва Яккабоғ туманидаги “Яккабоғ парранда” масъулияти чекланган жамиятлари ушбу лойиҳалар ташаббускори бўлиб чиққан. Асосан паррандачиликка ихтисослашган ушбу икки тадбиркорлик субъекти томонидан бир марталик қуввати 468 минг дона жўжа очиришга мўлжалланган инкубация цехи бунёд этилади. Ҳозирги вақтда цех қурилиши учун тадбиркорларга ер ажратиб берилган, тижорат банкларининг кредитлари тақдим этилган. Мазкур цехларда Италия ва Украина технологияларини қўллаган ҳолда жўжа очирилади ва парвариш қилинади. 90 кунлик жўжалар пешма-пеш аҳолига етказиб берилади. Бунинг натижасида аҳоли хонадонларида маҳсулдор товуқлар боқилишига кенг шароит яратилади.
Қайд этиш жоиз, қарорга кўра, деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқа ер участкаларида иссиқхоналар ташкил этиш учун ажратилаётган кредитлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизларда 5 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан ва парранда боқишни ташкил этиш учун 3 йил муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан расмийлаштирилади. Бундан ташқари, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос лимон, унаби ва грек ёнғоғининг серҳосил, касалликларга чидамли, экспортбоп янги навларини яратиш, табиий иқлим шароитига мос парранда зотларини танлаш, уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичларини ошириш ҳамда паррандалар учун маҳаллий, ноанъанавий озуқа рецептларини ишлаб чиқишга устувор аҳамият қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор билан тасдиқланган дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши аҳолининг доимий даромад манбалари яратилишида муҳим омил бўлади. Аниқ фаолият билан машғул бўлиши натижасида одамларда тадбиркорлик кўникмаси ортади, улар ишлаб чиқаришга кенг жалб этилади. Муайян турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмлари ортиши эса мамлакатимиз экспорт салоҳияти янада ортишига ҳам қулай шароит ҳозирлайди. Асосийси, аҳоли турмуши янада фаровонлашади, сифат жиҳатидан юксалади.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ