Меню

Қашқадарё

17.09.2016 2077

ҲАР БИР БОЛА ЎЗИГА ХОС ҚОБИЛИЯТГА ЭГА

- Болалигимдан ҳар бир бошлаган ишим қайсидир жиҳати билан бошқаларникидан фарқ қилиб туриши керак, деб ўйлардим, - дейди Дилфуза Атамуродова. - Шу боис ўқитувчи сифатида фаолиятимни бошлаганимда ўқувчиларим билан қаттиқ шуғулланишни ва уларни албатта катта марраларга олиб чиқишни олдимга мақсад қилиб олдим. Касбим менга шуни англатдики, ҳар бир бола ўзига хос қобилиятга эга. Агар ўқитувчи ўқувчининг ана шу қобилиятини тўғри пайқаб, у билан шу истеъдодига монанд ишласа, албатта,  ўша бола келажакда ўзи хоҳлаган маррани эгаллашга қодир инсон бўлиши шубҳасиз.

Дилфуза Атамуродова Қарши шаҳридаги “Нуристон” академик лицейида ўқитувчи сифатида фаолият олиб бораётганига 14 йил бўлди. У ўқувчиларига чет тилларини ўргатишда замонавий ва жаҳон тажрибаларидан фойдаланиб иш юритади. Дарслар давомида ўтилган мавзулар бола хотирасида янада мустаҳкам қолиши ва машғулотларни қизиқиш билан бажариши учун тез-тез бир-биридан қизиқарли тадбирлар, байрамлар ва очиқ дарслар ташкил қилиб боради. Айниқса, лицейда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган тиллар фестивали барчада катта қизиқиш уйғотиб келади. 2015 йилнинг ноябрь ойида ўқитувчи Германия Федератив Республикасида чет тили ўқитувчилари учун ўтказилган анжуманда иштирок этиб қайтди. Бу анжуман Дилфуза Атамуродовада катта таассурот қолдирди. Шу билан бирга, унда ўзига бўлган ишончни ҳам мустаҳкамлади.

- Анжуман якунида имтиҳон ўтказилди, – деб эслайди Дилфуза Атамуродова. – Мени энг фаол тингловчи ва кучли тажрибага эга ўқитувчи сифатида эътироф этишди. Энг муҳими, турли давлат вакилларининг Ўзбекистонда чет тилларига бўлган қизиқиш ва таълим тизимида яратилган шароитларга бўлган ҳайратини алоҳида таъкидлаб ўтишгани мени жудаям қувонтириб юборди. Ҳақиқатан  эришаётган ютуқларимиз, кўрсатаётган натижаларимиз замирида мана шу қулай шароитлар, имкониятлар турибди.

Муваффақият интилувчан кишига ёр бўлади. Ютуққа эришишни истаган одам ўз устида астойдил ишлаши ҳамда касбини пухта эгаллаб, фидойиларча меҳнат қилиши лозим. Дилфуза Атамуродованинг ўқитувчилик фаолиятига назар ташлаб, бу фикрларнинг нақадар тўғри эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Зеро, ўтаётган йилнинг 31 июнь-1 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” республика танловида у ўз фани бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди.

- Бу танловда иштирок этганим ҳамда ғолиблар сафида бўлганим  меҳнатларимнинг юксак эътирофи бўлди ва шу билан бирга зиммамга катта масъулият ҳам юклади, - дейди ўқитувчи. – Демак, бундан кейин янада кўпроқ ишлашим, изланишим керак. Мақсадим эса шогирдларимни халқаро танловларга олиб чиқиш. Ёшларимизнинг қобилият ва истеъдоди, билимини жаҳон миқёсида янада кўпроқ эътироф этишларини истайман. Бугунги авлодга таълим-тарбия бериш эса кишидан чуқур билим, катта масъулиятни талаб этади. Чунки истиқлол йилларида юртимизда янги бир авлод шаклланди. Мен улар каби ўзига ишончи баланд, дадил ёшларга устозлик қилаётганимдан ғурурланаман.

Ҳақиқатан, изланган одам кўзлаган ҳар қандай мақсадига етади. Дилфуза Атамуродова билан бўлган суҳбатда бунга яна бир бор амин бўлдим. Ундаги ғайрат-шижоат эса ўз олдига янада катта марраларни қўйиб, олға интилишга ундамоқда.

Соҳиба СУЮНОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!