Меню

Қашқадарё

02.06.2020 1639

ҲАР БИР АВЛОД ЎЗИНИ ДУНЁНИ ҚАЙТА ҚУРИШГА МАСЪУЛ ДЕБ ҲИСОБЛАЙДИ

Мутолаа учун тавсия

Француз ёзувчиси Альбер Камю (1913-1960)нинг "Бегона", "Вабо", "Сизиф ҳақида асотир" каби асарлари дунё адабиётининг энг буюк асарлари сифатида эътироф этилади. Адиб 1957 йилда "Инсон виждони олдида турган муаммоларни адабиётда юксак руҳда ёритиб бергани учун" адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлган. Ғарбнинг виждони сифатида эътироф этилган Альбер Камю адабиёт ва фалсафани бир-бирига яқинлаштирган. Инсон шахсиятига зарар етказувчи мафкураларни қоралаган. Фашизмга қарши Қаршилик ҳаракатининг фаол аъзоси сифатида танилган. Камю одоб-ахлоққа оид ҳақиқатгўйлик, самимийлик, эрксеварлик ва инсонпарварлик каби фазилатларни улуғлаган. Унинг асарларида азалий ва ҳеч қачон эскирмайдиган масалалар борасида мушоҳада юритилади.

Альбер Камю асарлари ҳақида ёзишдан олдин унинг қуйидаги фикрларига эътиборингизни қаратаман: "Биз - инсонлармиз. Озод юракларнинг адоқсиз соғинчини қондириш бизнинг бурчимиздир. Нимаики тилка-пора қилинган бўлса, уни қайтадан бутлаш, бўлакларга ажралган бўлса, бирлаштириш, очиқдан-очиқ адолатсиз дунёда баҳоли қудрат адолат мезонини ўрнатиш, аср хасталиги билан заҳарланган халқларда бахт-саодат рўёбига ишонч уйғотишимиз лозим", "Ҳар бир авлод ўзини дунёни қайта қуришга масъул деб ҳисоблайди. Мен мансуб бўлган авлоднинг... вазифаси, эҳтимол, ундан каттароқдир. Бу вазифа Ер курраси йўқ бўлиб кетишига халал беришдан иборат", "Носоғлом тарихни, инқилоблар таназзули, қутурган техникаю тугаб битган мафкуралар даврини, ...зиёлилари эса тубанлашиб, нафрат ва зулм малайларига айланган даврни ўзига мерос қилиб олган авлод ...ўзига таяниб, ўзида ва ўз атрофида ҳаёт учун муносиб шароитни тиклаши керак бўлади".

Адибнинг "Бегона" асари ўлимга маҳкум этилган Мерсонинг "Бугун онам ўлди. Ё кечамикан" деган сўзлари билан бошланади. Мерсо ғарибхонада вафот этган онасининг дафн маросими, онаси билан яқин бўлган ғарибу ожиз инсонлар ҳаётини таърифлаб ўтган. Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Мерсонинг хотиралари тасвирланади. Мерсо ва Мари ўртасидаги муносабатлар, Масон ва Раймоннинг хислатлари, Мерсонинг араб йигитни отиб қўйиши воқеалари, тергов ва суд жараёнлари баён қилинади. Асар ўлим сюжетидан бошланиб ўлим билан якун топади. Ҳамма нарса ўлим тарозисида тортилади ва баҳоланади. Қуёш - Мерсо    табиий мавжуд бўлишининг ўзига хос рамзидир.

Мерсо ўзини жамиятга бегона ҳисоблайди. Отиб ўлдиришда ўзини айбдор эмас деб билади. У имон-эътиқодни ниқобдаги ёлғон деб билади ва ўлимидан олдин руҳоний билан қаршиликка боради. Адибнинг фикрича, Мерсони қотиллик учун эмас, жамиятда қабул қилинган тартибларга риоя қилмаганлиги ва одамлар орасидаги муносабатларни менсимаганлиги учун ўлимга маҳкум қиладилар. Альбер Камюнинг хулосасича, дунёдаги ҳамма нарса, тирик жон ҳам ҳеч қандай қимматга эга эмас ва унинг бор-йўқлиги ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.

"Вабо" романида Европанинг фашизмга қарши кураши, жамият инқирози ва инсон эркинлиги, инсон умрининг моҳияти ва ўлими билан боғлиқ воқеликлар баён қилинган. Асарда инсониятнинг бефарқлиги, лоқайдлиги ва маддоҳлиги туфайли фашизмга ўхшаш ўлатлар пайдо бўлиши ишончли тасвирланган. Адиб маънавий қадриятлар  завол топаётган ёки йўқолаётган дунёда инсон эркинлиги муаммосига жавоб топишга ҳаракат қилади. Роман қаҳрамонларидан бири, собиқ судья Жан-Батист Кламанс қашшоқлар ва жиноятчиларнинг ҳуқуқий маслаҳатчисига айланади.   У ўз ўтмишини танқид остига олиб, ахлоқ, виждон ва эътиқод қоидаларига риоя қилиб адолатни очиб беради.

"Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!" деб яшаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод (1948-2003) қаламига мансуб "Отамдан қолган далалар", "Бу дунёда ўлиб бўлмайди", "От кишнаган оқшом", "Ойдинда юрган одамлар" каби асарлар диққатга сазовор. Ёзувчи бу асарларида юрт озодлиги ва халқ эрки учун кечган курашларнинг моҳиятини, меҳнаткаш, танти, андишали, содда ва ишонувчан ўзбек халқининг ҳаёти, турмуш тарзи ҳамда маънавий қиёфасини очиб берган. Ўзи мансуб бўлган элу улуснинг орзу-умидлари ва ташвиш-изтиробларини ишончли тасвирлаган. Бефарқлик, лоқайдлик ва малайлигу маддоҳликни қоралаган.

"Отамдан қолган далалар" романида бош қаҳрамон Деҳқонқул тақдири орқали ўзбек деҳқонларининг яқин ўтмишдаги оғир меҳнати, турмуш тарзи ва руҳий дунёси акс эттирилади. Воқеалар Деҳқонқул тилидан ҳикоя қилинади.

Деҳқонқул дастлаб бобоси Жамолиддиннинг халқ, Ватан ва она заминга бўлган меҳрини, бобоси Оқподшо истилосидан кейинги хўрликларга чидамасдан гўзал Фарғонадан бош олиб кетгани, отаси Ақраб қизил империяга қарши курашиб ҳалок бўлганидан сўз юритади. Сўнгра Жамолиддину Ақрабнинг Деҳқонқулга ўхшаш авлодлари эрксизу ғурурсиз, бефарқу лоқайд, маддоҳу ожиз кимсаларга айлангани баён этилади. Бу авлодда ота-бобосининг меҳнатсеварлиги мерос қолган, холос!

Адиб "Нега шундай бўлди?" деган саволга жавоб излайди. Бунинг сабабини элнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан топади. Ёзувчининг фикрича, бу авлод ёлғон шиорлару ваъдаларга, яъни Ер юзидаги энг бахтли инсонлар эканлигига, ўтган аср ўрталарида социализм ва сўнгра коммунизмда яшашига ишонтирилган. Деҳқонқул ҳам уста пахтакор бўлиб етишса-да, теварак-атрофидаги ҳақиқий ҳолатни англаб етмайди. Мунофиқ қаламкашу киночиларнинг ўзи ҳақидаги қиссаю лавҳаларидан мағрурланиб яшайди. Болаларининг оч-юпунлиги ва ҳунарсиз, илмсиз қолаётганига бефарқ бўлади. Кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилса-да, ёлғончи, фирибгар ва порахўр сифатида қамоққа олиниб, азоб ва хўрликларга гирифтор қилинади. Шунда ҳам адолату мурувватдан умидвор бўлиб яшайди. Аксарият  зиёлилар "Тоғай Мурод  Деҳқонқул образи орқали ўзи ният қилганидай, ўзбек   халқининг, аниқроғи, шўро даври етиштирган ўзбек деҳқонининг ўзига хос ҳайкалини яратди" дейишган.

Тоғай Муроднинг "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" романида Туркистон ўлкасида совет ҳукумати ўрнатилиши, бу ҳукумат билан муроса қилишни истамаганларнинг чет элларга кетиб қолиши, совет тузумининг иллатлари, қайта қуриш ва Ўзбекистон мустақилликка эришиши арафасидаги воқеалар ёритиб берилган. Ботир, Дилбар, Қаҳрамон, Зайнаб, Обод каби образлар орқали турли инсонлар ҳаёти, дунёқараши ва шу вақтдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат очиб берилган. Ёзувчи айрим инсонларнинг давру тузумга дарҳол мослашиб олиши, яъни атеистдан диндорга, партия жонкуяридан қайта қуриш ва сўнгра мустақиллик тарафдорига айланиб олганини кўрсатиб беради.

Француз классик адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан бири Стендаль (асл исми-шарифи Мари Анри Бейль, 1783-1842 йилларда яшаган) ижодига мансуб "Қизил ва қора", "Парма ибодатхонаси" каби асарлар машҳур. Стендаль ўзининг бетакрор асарлари билан жаҳон адабиётида реалистик роман жанри юксалишига муносиб ҳисса қўшган. У ҳақиқат излаб ва фақат ҳақиқатни ёзиб яшаган адибдир.

"Қизил ва қора" романида 1820-йилларда Францияда содир бўлган воқеалар тасвирланади. Романнинг яратилишига ўлимга маҳкум этилган бир ўспирин ҳақидаги кичик мақола, яъни унинг ўлимидан олдин айтган "Ҳақиқатни севардим" деган сўзлари туртки бўлган экан. Асардаги яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва разиллик ўртасидаги кураш қизил ва қора рангларда ифода этилади.

Асар воқеалари Верер шаҳарчаси мэри жаноб де Реналь ўз уйига Жюльен исмли йигитни ишга олиши билан бошланади. Жанобнинг хотини мадам де Реналь хоним Жюльенни севиб қолиб, улар ўртасида ишқий муносабатлар бошланади (шу ўринда савол туғилади: Ғарб адабиётида нега эрли аёл билан бўйдоқ йигит ўртасидаги севги можароси кўп талқин этилган?).

Жаноб де Реналга хотинининг хиёнати ҳақида аноним хат келади. Жюльен хоним билан ўзаро тил бириктириб, худди шундай хат хонимга ҳам келганини уюштиради. Верер шаҳарчасида миш-мишлар кўпайиши натижасида Жюльен жаноб де Реналь хонадонидан кетишга мажбур бўлади.

Жюльен ўзининг қобилияти ва интилиши сабабли Парижга келиб, обрўли маркиз де Ла Моль исмли кишига котиб бўлиб ишга киради. Маркизнинг гўзал ва мағрурлигига қарамасдан эрка ва худбин қизи Матильда Жюльенни севиб қолади. Вақт ўтиб, Матильда Жюльенга фарзанд кутаётганини билдиради. Мадам де Реналдан Жюльенга шундай хат келади: "Қашшоқлик ва очкўзлик иккиюзламачиликка қодир бўлган бу одамни кучсиз ва бахтсиз аёлни йўлдан оздиришга ундади ва шу тариқа ўзи учун ўзига хос шароит яратиб, одамларга қўшилди... У ҳеч қандай дин қонунларини тан олмайди. Ростини айтсам, унинг муваффақиятга эришиш усулларидан бири - у келган уйлардаги энг катта таъсирга эга бўлган аёлларни йўлдан оздириш деб ўйлашга мажбурман".

Жюльен бу хат учун мадам де Ренални черковда ўқ отиб яралайди. Суд пайтида мадам уни оқлашни сўрайди. Матильда ҳам пул ва оиласининг обрўйидан фойдаланиб Жюльенга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Аммо судда Жюльен буржуа жамиятини  танқид қилгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинади. Дафн маросимини Матильда ташкил қилади. Орадан уч кун ўтгач, мадам де Реналь хоним ҳам вафот этиб севги қиссаси якунига етади.

Сюжет чизиғи оддий кўринса-да, асар ғояси ва ифода этиш услуби, мутолаа асносидаги таассуротлар китобни кўнгил мулкингизга айлантиради.

 Абдишукур ОМОНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!