Меню

Қашқадарё

27.03.2018 2095

ҲАР ҚАРИЧ ЕР-ЧИНАКАМ ХАЗИНА

Ердан унумли фойдаланиш, деҳқончилик маданиятини  юксалтириш орқали бу миқдорни яна бир неча маротаба ошириш мумкин. Айниқса, дунё бўйлаб аҳоли сони юқори суръатларда ўсиб, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кун сайин ошиб бораётган бир пайтда мавжуд ерлардан имкон қадар унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.

Буни тўғри англаб, ер билан тиллашиб, диллашиб меҳнат қилаётган деҳқон борки, кам бўлаётгани йўқ. Касби тумани Юксалиш маҳалласида яшовчи Тўймурод Бобожонов ҳам ана шундай юртдошларимиздан. Унинг томорқасида бир қарич ҳам бўш ерни кўрмайсиз.

- 0,08 гектар томорқамиз бор, - дейди у. – Ҳар йили турли озиқ-овқат экинларини экиб, яхши ҳосил оламиз. Бу билан аввало оиланинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи қопланади, қолаверса, ортиқча маҳсулотни ички бозорга сотиш орқали қўшимча даромад оламиз.

Уста томорқачининг ишларини кузатиб, бир парча ердан ҳам каттагина даромад олиш мумкинлигига яна бир карра амин бўласиз. Боиси, томорқа четига қатор қилиб экилган бодом дарахтларининг ўзидан йилига 200 килограммдан ошиқ ҳосил олинар экан. Икки сотих ердаги исмалоқ аллақачон терилиб, бозорга чиқарилган, ер иккинчи экинга тайёрланаётган бўлса, 4 сотих ердаги саримсоқпиёзларнинг бўлимдорлиги кўзни яшнатади.

- Саримсоқпиёзнинг бозори чаққон, харидоргир маҳсулот, - дейди томорқачи. - Нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талаб юқори. Шу боис бир неча йилдан буён бу иш билан шуғулланиб келамиз. Бу йил экинимизнинг етилиши янада яхши. Май ойи ўрталарига бориб, ҳосилни йиғиб оламиз. Ерга эса яна бошқа экин экамиз. Бир сўз билан айтганда, ҳар йили томорқанинг ўзидан 25, 30 миллион сўм атрофида даромад оламиз.

Ҳа, халқимизда “Ер - хазина, калити - меҳнат” деган нақл бор. Бу асрлар оша ўз исботини топиб келаётган айни ҳақиқатдир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

 

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!