Меню
Қашқадарё
ҲАР ҚАНДАЙ СОХТА ҲУКУМАТ СЎЗ ЭРКИНЛИГИДАН ҚЎРҚАДИ
Сараланган сатрлар
Дунё ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини, оригинал тилдан ўгирмалар чоп этиш бўйича пешқадамга айланган "Академнашр" нашриёти ўтган йили навбатдаги ташаббусга қўл урди: асарлари мамлакатда 30 йилга яқин вақт давомида тақиқланган адиб китобини нашр қилди. Бу ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) қаламига мансуб "Ойнур" романи эди.
Китобга Николай Бердяевнинг (сарлавҳадаги) фикри эпиграф сифатида танлангани бежиз эмас.
Эврил Туроннинг чор Россияси томонидан Туркистон миллионлар қони эвазига босиб олиниши ҳақида ҳикоя қилувчи "Ўлмас қоялар" романи 1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида эълон қилиниши ортидан журналнинг ўша сони ҳамма ердан йиғиштириб олиниб, муаллиф ишдан ҳайдалади.
Шўро мафкурабозлари романдан сиёсий айб топиб, муаллифни тайёр жиноятчига айлантириб қўйишади. Энди фақат уни қамоққа тиқиш қолади, холос. Айтишларича, республиканинг ўша вақтдаги раҳбари Шароф Рашидов аралашуви билан Эврил Турон кескин жазодан омон қолади...
Ўтган аср 80-йилларида ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш, Оролни асраш, Бўстонлиқда зарарли завод қурилишига қарши кураш, армиядан келаётган металл тобутлар мавзусида оммавий ахборот воситаларида, турли машварату йиғинларнинг олд сафларида Эврил Турон бор эди.
"Энди очунни булғаган СССР йўқ.
Компартияга Тангридай сиғинган қорин бандалари қани дерсиз?
Бари бир ўлароқ мустақиллик ниқобини кийди.
Қандоқ мунофиқлик!
Қандоқ олчоқлик!
Қандоқ шармандалик!" деб ёзади у "Ойнур" романида. Дарҳақиқат, юрт мустақил бўлдию, мустабидликнинг айрим илдизлари сақланиб қолди: ҳақ сўзни айтадиганлар, бошига қилич келса-да, рост сўзловчилар бошида калтак синишда давом этаверди - шунинг оқибатида Эврил Турон 20 йилга яқин вақт давомида қамоқда ўтирди!!!
Бу давр ичида унинг "Туманли кунлар" қиссаси Лондонда, "Кишанланган қалблар" Норвегияда, "Омонсиз йиллар", "Афсона ва ҳақиқат" Америкада, "Оқ гул" романи Канадада, "Бўз бўри" Америка ва Буюк Британияда, "Ойнур" романи Туркияда, "Бу тоғлар улуғ тоғлар" романи ва "Ҳақни айтмаслик хиёнат" эссеси Парижда нашр этилди.
Борини айтиш керак: Эврил Туроннинг оқланиши ҳозирги давлат раҳбари номи билан боғлиқ. Адибдан барча сиёсий айблар олиб ташланди, асарлари Ўзбекистонда ҳам нашр қилина бошланди, муаллифга пойтахтнинг 2 нуқтасидан уй совға қилинди. Гарчи оқлангандан кейин кўп яшамаган бўлса-да (қамоқдаги қийноқлар унинг саломатлигини буткул издан чиқарганди), Эврил Турон эрк ва миллат ошиғи сифатида "қора рўйхат"лардан чиқарилди.
"Ойнур" романида босқинчиларга қарши кескин нафрат уфуриб туради. КГБ отлиқ идоранинг арзимаган сабаблар билан не-не инсонлар ёстиғини қуритгани таъсирчан, шоирона тарзда ҳикоя қилиб берилади. Буюк аждодлар ворисларининг бу қадар хорлик кишанларига боғланиши сабаблари таҳлил қилинади.
Биласиз, бир неча кундан кейин юртимизда муҳим сана: матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу борада оғиз кўпиртириб, журналистлар ва ОАВ ходимларининг масъулияти, бурчи ҳақида соатлаб сафсата сотиш мумкин. Аммо... Сўзи билан бутун бошли тузумни қўрқувга солган ва шу жасорати туфайли умрининг қарийб 20 йилини панжара ортида ўтказган адиб асарини мутолаа қилиш кўпроқ фойда беради, чамамда.
Зотан, ҳаммаям ҳақ сўзни айтолмайди. Сўз айтган ҳамма эса ҳақиқатгўй бўлиб қолавермайди...
* * *
Сталин ҳақидаги латифа ҳам дунёга ёйилади:
Сталиннинг буйруғи билан Кремл қопқасининг икки томонига икки улкан ит занжирлаб қўйилади: бири тўқ, бири оч.
Сталин (Политбюро аъзолари билан) қопқадан ичкарига киради. Тўқ ит занжирини узгудай бўлиб ер титиб, вовуллаб уларга ташланади. Сталин итга бармоғини нуққан ҳолда Политбюро аъзоларидан сўрайди:
- Кўряпсизларми у қандоқ хавфли?
Политбюро аъзолари бир овоздан жавоб қайтаришади:
- Кўряпмиз.
- Нимага? - сўрайди "Буюк Доҳий".
- Тўқ, - баралла жавоб беришади аъзолар.
- Шундан қўрқиш керак! - таъкидлайди "халқлар отаси".
Оч ит эса ётган жойидан қимирламайди. "Бир бўлак нон бер" дегандай Сталинга мўлтираб боқади. Сталин оч итга бармоғини нуқади ва Политбюро аъзоларини саволга тутади:
- Кўряпсизларми, у қандоқ ювош?
Политбюро аъзолари бир овоздан жавоб беришади:
- Оч.
- Халқни ҳам шундай ушлаш керак! - дейди генералиссимус Сталин.
* * *
...ҳаёт довулларидан қўрқмайдиган, курашиб толмайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз йўлидан қайтмайдиган кишилар. Улар темир иродали, заковатли кишилар. Бундайларнинг қисмати зиддиятли кечади, хатарли кечади, бўронли кечади. Гўзал кечади.
* * *
Тўқсон фоиз киши мўъжизалар мўъжизаси бўлмиш ақлнинг қадрига етмайди ва ундан тўғри фойдаланмайди. Билъакс, ақлни оддий бир нарса деб билади.
* * *
Ватан, миллат, она тили деган тушунчалар оддий нарсалардек туюлган. Энди билсам, бу туйғулар туғма бериларкан, у одамнинг юрагида яшаркан, бошига "иш" тушмагунча буни сезмас экан.
* * *
Фикр, эътиқод эркинлиги бўғилган ерда ҳар бало бўлиши мумкин.
* * *
Баъзан одам оқибатини ўйламай бир сўз дейдики, бу сўз ўзининг бошига тўқмоқ бўлади. Баъзан ихтиёрсиз отилган тош ҳам нишонга тегади.
* * *
Одам боласи ҳар қандоқ қилмишига: жиноятми, хиёнатми, айросиз, сабаб топади. Баҳона топади. Асос топади. Шу йўл билан ўзини овутади, ўзини оқлайди.
* * *
Юраги тоза одамгина табиатдан шундай таъсирланади, шундай завқланади.
* * *
Ўзини сенга яқин олувчи, шу йўл билан ичингга кириб олувчи кимсалардан қўрқ.
* * *
Инсон ўз юртини тугал билиши керак. Инсон дунёни кўриши керак. Бу одамга роҳат беради, унинг ақлини қайрайди.
* * *
Дунёда ички сотқиндан тубани йўқ. Уни "одам" дейишга ҳам тилим бормайди.
Ички сотқинлар!
Йилдан-йилга улар кўпайиб боряптилар. Ажриқ мисол тузумнинг ўзи ички сотқинлар билан тирик. Шунга уларни сунъий равишда урчитяпти. Бунинг бошида Бош мунофиқнинг ўзи турибди. Ички сотқинлар муҳити вужудга келяпти. Йўқ, келган. Уларнинг бола-чақалари ҳам ўз миллатига хоинлик қиладилар. Бу ҳам сил касалига ўхшаш нарса: наслдан-наслга ўтади, юқумли.
Ундайлардан:
Илон яхши.
Чаён яхши.
Элни бузаётганлар ҳам шулар.
Оқилларга ўлат бўлаётганлар ҳам шулар.
Юртни сотаётганлар ҳам шулар.
Туркистонни бўлаклашга кўмаклашган ҳам шулар.
* * *
Ички ишлар тизимларида, уларнинг биз билган, билмаган бўлим, бўлинмаларида, қамоқ, прокуратура, суд тизимларида ундан-да (КГБдан-да) кўп.
Яна армия...
Куч ишлатар тизимларини (ишлаб чиқаришга дахли йўқ) миллион-миллион кишилар эгаллаб олишган. Боқиманда. Агар улар тақсимланса, ҳар бир совет кишисига икки-учтадан тўғри келади.
Буларга санаб саноғига етиб бўлмас ёлланма, қотил, искович, айғоқчиларни қўшсак, ҳисоб ортади.
Уларни тутиб туришга миллиардлар сарфланаяпти. Мана, ишчи-деҳқонларнинг топган-тутганлари қаерга кетяпти. Мана, қашшоқлик сабаби манбалари...
* * *
Одамни одам қилиб юрувчи нарса - ҒУРУР.
* * *
КГБнинг иши шу-да:
Искаш,
Пойлаш,
Тузоқ қўйиш,
Туҳмат қилиш.
* * *
Ўз ожизлигимни тан оламан: уларга қарши курашолмайман. Улар деганим: ТУЗУМ, СССР, КПСС, КГБ...
* * *
Қон, йиринг, ёлғон, туҳмат, ҳаромларга қотилган бу тузумдан ҳали ҳеч ким қочиб қутулмаган.
Бунга Фитрат, Чўлпон, Қодирий мисол.
Бунга миллион-миллион мустақил фикрли кишилар мисол.
* * *
Ҳатто Сталиндек ваҳший диктаторнинг ўзи ҳам: "Давлат тўнтариши қилмасин", дея юрагини ҳовучлаб юрган. Шунга у КГБ масъуллари орасига одам қўйган, одам устига одам қўйган.
Халқ орасида мана бу гап бежиз тарқамаган: "Қирув машинаси..."
* * *
Тузум ўзини сақлаб қолиш учун ҳар қандай тубанликдан қайтмайди.
* * *
Киши ноҳақ босим остида қолганда, қаттиқ изтироб чеккандан, фалокатга йўлиққанда... телбалик ҳолатига тушади. Ўзи билан ўзи гаплашади, ўзини ўзи эзади, овутади, ўзидан ўзи ғазабланади, "оҳ" чекади... Чунки одамнинг ичида ҳам "одам" бор.
НАСРИДДИН тайёрлади.