Меню
Қашқадарё
ҲАР ҚАНДАЙ БУЮК ШАХС ОРТИДА АЁЛ ТУРАДИ
Инсоният ичидаги энг буюк зотлар бўлмиш пайғамбарларни ҳам ёлғизгина оналарининг ўзи ўстириб-ундиргани, барча ёмонлик ва нохушликлардан ҳимоя қилгани, шунингдек, улар учун керак бўладиган тарбияни мукаммал бергани маълум. Бу ҳолат бир-икки эмас, балки бир неча пайғамбарлар ҳаётида ўз аксини топган. Ана шундай ҳаётий мисоллардан бири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз оналари Оминанинг қўлида тарбия топганликларидир.
Пайғамбаримизнинг аммалари бўлмиш София бинти Абдулмутталиб ҳам ёлғиз ўзи бўлишига қарамай, ўғли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга яхши сифат ва олижаноб хулқ-атворни сингдириб тарбиялади. Зубайрнинг ҳақиқий мард, қўрқмас, жисмонан ўта бақувват, қайтмас, қатъиятли ва саркардаларга хос хусусиятлар билан тарбиялангани алоҳида эътиборга молик.
Куняси Абу Абдуллоҳ бўлган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Қурайш қабиласининг Асад уруғидан бўладилар. У зот ёшликдан от миниш, чавандозлик ва паҳлавонликка мойил бўлиб ўсдилар.
Ибн Саъд ўзининг “Табақотул Кубро” китобида зикр қилишича, кичиклигида отасидан етим қолган Зубайр ибн Аввомни онаси қаттиқ калтаклар, одамлар: “Ахир уни ўлдириб қўясан-ку, жигарини эзиб юбординг-ку, болани ҳалок қилдинг-ку”, десалар, “Мен буни пишсин, катта бўлганда катта лашкарни ортидан эргаштирсин, деб ураман”, дер эди.
Али ибн Абу Толиб оқиллик, саховат ва яхши табиатни оналари Фотима бинти Асаддан мерос қилиб олганлар.
Араб йўлбошчилари орасида энг олийҳимматлиси бўлган Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳам ёшлигида ўз отасидан айрилиб қолган эди. Волидалари Асмо бинти Умайс у кишини олижаноб ва олийҳиммат қилиб тарбиялади, натижада бу онанинг ўзи ҳам ислом тарихидаги энг улуғ аёллар сафидан ўрин олди.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ўта карамли, сахий, хушхулқ, иффатли ва гўзал инсон эди. Одамлар у кишини “сахийлик денгизи” деб аташарди. Баъзи уламоларнинг айтишича, исломда у кишидан кўра сахийроқ зот бўлмаган экан.
Муовия ибн Абу Суфён кучли табиати ва донишмандлиги билан онаси Ҳинд бинти Утбага ўхшарди. Муовия Шом вилоятининг волийси бўлиб, ислом тарихида биринчи бўлиб денгиз кучларига асос солган ва денгиз орқали бир неча шаҳарларни фатҳ қилган.
Тарихда улкан из қолдирган таниқли алломалар Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ва Имом Бухорийларнинг ҳам волидалари ўз фарзандларини ёлғиз вояга етказганлари маълум.
Имом Бухорийнинг кўзлари ёшлик пайтларида ожиз бўлиб, кўрмай қолади. Онаси Иброҳим пайғамбарни туш кўради. У киши: “Эй аёл, Аллоҳ таоло кўп дуоинг сабабли ўғлингга кўзини қайтариб беради”, дейди. Бир неча кундан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди.
Имом 18 ёшга тўлганида онаси ва акаси билан Ҳаж қилиш учун Маккаи мукаррамага боради. Ҳаж амалларини бажариб бўлгач, онаси ва акасини Бухорога жўнатиб, ўзи ҳадис жамлаш учун ўша ерда қолади.
Имом Бухорийдан “Нега бу ишга қўл урдингиз?” деб сўрашганида, шундай жавоб беради: “Бир куни Расулуллоҳни туш кўрдим, қўлимда елпиғич, у кишини елпир эдим. Бу тушимни баъзи таъбир айтувчиларга айтсам, “Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турасан”, дейишди”.
Аслини олганда, Имом Бухорий “муҳаддислар имоми”, “устозлар устози”, “ҳадис иллатларининг табиби” деган буюк мақом-мартабаларга эришишида волидаларининг хизматлари беқиёс. У зотнинг волидалари нафақат таълим-тарбия берган, балки ўғли ҳаққига тинмасдан дуолар ҳам қилар эди. Ана шундай дуоларининг самараси ўлароқ, юқорида келган ривоятда ўз аксини топгандек, Бухорийнинг ожиз кўзлари ҳам очилади.
Зикр қилинган аёлларнинг барчасига хос сифат шуки, улар ўз фарзандлари учун энг яхши она бўлиш мақсадида Аллоҳга умид билан таваккал этиб, кўп меҳнат қилганлар. Умуман олганда, фарзандини ёлғиз тарбиялаб, уларнинг ҳақиқий эркак ва кучли шахс бўлиб етишишларида улкан хизмат кўрсатган, фарзанди ютуқларининг асл сабабчиси бўлган муслима аёллар ислом тарихида жуда кўп учрайди. Аммо биз улар ҳақида баъзан унутиб қўямиз.
Мазкур унутишимиз туфайли қанчадан-қанча кулфат ва мусибатларга дучор бўламиз. Зотан, ҳар бир халқ ўтмишини, маданияти, миллийлиги ва урф-одатларини унутар экан, келажагини қандай режалаштириш, уни қай тарзда тасаввур қилишда ҳам янглишади. Келажак эса доимо ёшлар билан белгиланади. Қайсики халқ ёшларига, уларнинг таълим-тарбиясига, ахлоқ-одобига, дин-диёнатига, миллийлиги ва маданиятига беэътибор бўлса, албатта, заволга юз тутади. Буни ҳозирги кунда Ғарб халқлари мисолида кўриш мумкин. Минг афсуслар бўлсинки, биздаги ҳолат ҳам кишини тўлиқ оромга қўймайди, бу борада оиладаги асосий тарбия ва ахлоқ-одобни ушлаб турувчи оналарнинг айблари жуда ҳам салмоқли. Қайсики жамиятда ёшларнинг тарбияси ва уларнинг маданияти бузилиб бораётган бўлса, демак, ўша жамиятда буюк тарбиячилар бўлмиш оналарнинг хизматлари кундан-кунга унутилаётган бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?” деб сўрабди. Шунда ҳаким зот: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан.
Яна ҳаким зотлардан бири айтади: “Аёлларнинг жамият олдидаги энг буюк хизмати ҳар тарафлама баркамол ва етук фарзандларни тақдим қилмоқлигидир”.
Кўраяпмизки, қанчадан-қанча далилларда фарзанд тарбияси асосан оналар қўлида эканлиги келтирилмоқда. Албатта, бу бежиз эмас. Чунки оналар асосий вақтини фарзандлари билан ўтказади. Бунинг учун эса ота барча шарт-шароитни яратиб беради. Яъни оналар ўз фарзандлари тарбияси билан тўлиқ машғул бўлишлари учун уларнинг нафақаси, ейиш-ичиши, кийим-кечаги, турар жойи ва бошқа барча харажату эҳтиёжларини оталар адо этадилар. Оналар эса ўз ўрнида бутун вужуди, борлиғи, меҳр-эътиборини фарзанд тарбиясига қаратадилар.
Мана шу қонун-қоида амалга оширилган пайтда жамиятда ҳар хил фисқу фасодлар, жинояту қонунбузарликлар, маънавий бузилишларнинг олди олинган. Ҳозирга келиб эса, Ғарб “маданият”ига кўр-кўрона тақлид қилароқ айрим эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўзларининг асл вазифа ва масъулиятлари қолиб, бошқаларникига аралашиб кетди. Натижа эса улар қарамоғидаги ёшларнинг тарбиясизлиги ва ҳар тарафлама носоғлом ҳолда ўсиб-улғайиши билан якун топаётир.
Нима бўлганда ҳам аёллар ҳеч қачон ўзларининг она эканликларини унутмасликлари керак. Эр озроқ топаётган бўлса ҳам аёл борига шукур ва қаноат қилиб, бор эътиборини фарзанд тарбиясига қаратса, албатта, келажакда барака топади. Барака эса фақатгина моддий бойликда эмас, маънавият, ахлоқ-одоб, тинчлик ва хотиржамликдадир. Агар мазкур неъматлар фақатгина моддий бойликка боғлиқ бўлганида ҳеч қачон бойлар йиғламас ва шикоят қилмас эдилар. Ваҳоланки, бойларнинг асосий шикоятлари, кулфат ва аламлари фарзандларининг тарбиясизлигидадир.
Миллатимиз оналари, не-не алломаларни дунёга келтирган, уларни аёл боши ила тарбиялаб, ҳар тарафлама баркамол инсон сифатида жамиятга тақдим этган буюк ва қаҳрамон момоларимизнинг зурриётларисиз. Ўзларингизнинг ва бутун жамиятимизнинг келажаги бўлмиш фарзандларингиз тарбиясига беэътибор бўлманг. Зотан юрт, миллат тақдири Сиз – азиз аёллар қўлидадир.
И.БЕГМАТОВ