Меню

Қашқадарё

18.01.2024 6333

ҲАР ҚАДАМДА - ДОРИХОНА, ФАРМАЦЕВТИКА КОРХОНАСИ ЭСА КАМДАН-КАМ ТОПИЛАДИ

Нуқтаи назар

Қашқадарёда тегишли лицензияга эга 1 минг 160 та дорихона ва дорихона филиаллари фаолият кўрсатаётган бир пайтда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан саноқлигина корхоналар шуғулланади.

Биздаги маълумотларга кўра, бугунги кунда воҳамиз фармацевтика саноатида фақат иккита бизнес субъекти - Қарши туманидаги "Trast Med-Farm" хусусий корхонаси (гален препаратлари) ва Яккабоғ туманидаги "Burgut Farm" оилавий корхонаси (тиббий буюмлар) тўлақонли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Яна бир-иккита биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ишлаб чиқарувчи фирмалар бор, бироқ БФҚ дори воситаси ҳисобланмаганидек, бу фирмаларнинг ҳам фармацевтика соҳасига алоқаси йўқдир.

Жорий йил 10 январда давлатимиз раҳбари томонидан "Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорнинг қабул қилиниши яқин вақт ичида, ниҳоят, вилоятимизда ҳам мазкур соҳада жонланиш сезилишига умид уйғотади. Зеро, мазкур ҳужжатга мувофиқ, хусусан, 2024-2025 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича "йўл харитаси" ва  фармацевтика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг йиғма параметрлари ҳам тасдиқланган. Бу параметрларга кўра, яқин йилларда воҳамизда фармацевтика соҳасида умумий қиймати 37,3 миллион долларга тенг инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, уларни рўёбга чиқариш учун ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 17,3 миллион доллар, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 10 миллион доллар, кафотлатланмаган хорижий кредитлар ҳисобидан 3 миллион доллар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан 7 миллион доллар йўналтирилади.

Лекин, энг ачинарлиси, бошқа ҳудудлар билан таққослаганда, Қашқадарё  амалга оширилиши кутилаётган инвестиция лойиҳаларининг умумий ҳажми бўйича республика ҳудудлари орасида энг паст ўринлардан бирида экани аён бўлади. Мисол учун, унинг салмоғи Андижон вилоятидаги тегишли рақамдан 2 баравар, Жиззахникидан қарийб 3 баравар, Самарқандникидан қарийб 4 баравар, Тошкент вилоятида амалга оширилажак инвестиция лойиҳаларининг умумий ҳажмидан эса 23 баравар (!!!) камдир. Яъни яқин йилларда мамлакатимиз миқёсида фармацевтика соҳасига жалб қилинадиган сал кам 2 миллиард доллар миқдоридаги инвестицияларда вилоятимиздаги лойиҳалар ҳиссасига ҳатто 2 фоиз ҳам тўғри келмайди. Демак, ҳозир фармацевтика   соҳасида бошқа ҳудудлардан анчагина  ортда қолаётган воҳамизнинг бу борадаги қолоқлиги бундан кейин янада кескинлашиб борар экан-да?! Вилоятимиздаги соҳа масъулларининг мазкур ҳолатга  муносабатлари қандай бўлса?

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!