Меню

Қашқадарё

27.04.2023 4053

Apple ишлатилган смартфонлар бозорида етакчига айланди

2022 йилда ҳолати қайта тикланган iPhone қурилмалари савдоси дунё бўйича 16 фоизга ўсиб, ишлатилган смартфонлар бозорида Apple брендининг энг оммабоп бўлишини таъминлади. Бу ҳақда 9To5Mac манбаси Counterpoint Research таҳлил компанияси ҳисоботига таянган ҳолда хабар тарқатган.  

Ишлатилган қурилмалар бозори ҳам аввал истеъмолда бўлган, ҳам ҳолати қайта тикланган смартфонларни ўз ичига олади. Айнан қайта тикланган iPhone қурилмаларининг оммабоплиги ўсиши ортидан ўтган йил якуни билан Купертино шаҳридаги компания ундаги 49 фоиз ўринни банд этишга эришган.

"Apple дунёдаги аввал истеъмолда бўлган ва қайта тикланган товарлар секторида энг тез ўсиб бораётган брендга айланди", дея тасдиқлайди  Counterpoint Research.

Шу билан бирга 2022 йилда айрим бошқа брендларнинг ишлатилган ва қайта тикланган смартфонларига талаб, аксинча, қулаган. Мисол учун, иккиламчи бозорда Samsung улуши 28 фоиздан 26 фоизга, Huawei улуши 4 фоиздан 2 фоизга тушиб кетган.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, 2020 йилдан буён смартфонларнинг иккиламчи бозорида фақат ўсиш кузатилмоқда. Уларнинг маълумотларига кўра, жорий йилда ҳам бу тенденция сақланиб қолади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!