Меню

Қашқадарё

30.05.2024 5289

ҚАНОТСИЗ ҚУШНИНГ ПАРВОЗИ

Китоб ўқимайдиган миллат тараққиёти айни шу кўринишда бўлади


Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Китоб ўқиган, ўз устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. 


Бугун ва эртага дахлдор масала

Михаил Ромм режиссёрлигидаги "Оддий фашизм" фильмини кўргандирсиз. Фашистлар жиноятлари ҳужжатлар асосида кўрсатиб берилган ушбу фильм сценарий муаллифи Мая Туровская ўз интервьюсида бир воқеани айтиб берган экан.

Фильм дунё бўйлаб намойиш этилганидан сўнг, шу асосда китоб тайёрлашади. Ҳамма нарса нашр қилишга тайёр бўлиб турган пайтда, бирданига унинг чоп этилиши бўйича "юқори"дан тақиқ келиб тушади.

Режиссёр Ромм собиқ иттифоқ раҳбари Брежневга "Бутун дунё фильмни томоша қилиб улгурган бўлса, унинг китобини тақиқлашнинг нима кераги бор?" мазмунида хат ёзади. Бироз вақт ўтиб у шундай жавоб олади: "Миллионлаб одам фильмни кўрган бўлса ҳам уни тезда унутади. Китобларни эса ўқиб чиқишади ва ўйлашни бошлашади".

Дарҳақиқат, китоб ана шундай қудратга, кучга эга. "Одамлар ўқишдан тўхташлари билан фикрлашдан ҳам тўхтайдилар", деган эди Дени Дидро. Фикрлашдан тўхтаган жамият эса олдинга юрмайди - ё жойида депсиниб туради ёинки орқага қараб кетади. Чунончи, ўқимаган миллат қанотсиз қуш каби - демакки, парвозу ривож ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади.

Эътиборлиси, тараққий истаган халқ, миллат истаги ва маслаги ўлароқ, кейинги йилларда мамлакатимизда китоб мутолаасига бўлган эътибор кучайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан тасдиқланган "2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий Дастури"да мамлакатимизда китобхонлик муҳитини янада юксалтириш бўйича муҳим вазифалар белгилангани аҳамиятга молик. Зеро, Президентнинг "Китоб ўқиган, ўз устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади", деган сўзлари айни ҳақиқат эканини барча бирдек эътироф этади.

Аммо шуни ҳам тан олиш керак, вилоятда китобхонлик муҳитини яхшилаш бўйича қилинадиган ишлар ҳали кўп.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими, Сайидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қарши, Касби, Қамаши, Яккабоғ, Чироқчи, Шаҳрисабз ҳамда Нишон туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ахборот-кутубхона марказлари, таълим муассасалари ва маҳаллалар кутубхоналари, ташкилот ва корхоналардаги "Маънавият бурчаклари"  фаолиятини ўрганиш асносида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланди. Қуйида шу ҳақда сўз боради.

Туман марказий кутубхонаси учун ётоқхонадан бошқа жой йўқми?

Қайд этиш лозим, вилоятда айни пайтда фақат 3 та - Қарши, Қамаши ва Косон туманлари ахборот-кутубхона марказлари ўз биносига эга. Қолган 10 та туман ахборот-кутубхона маркази бошқа ташкилот балансидаги мослашмаган биноларда фаолият юритади. Барча кутубхоналарга тегишли умумий муаммо - жиҳозлар етишмайди ёки эскирган, оргтехника, компьютер воситаларига эҳтиёж мавжуд, янги адабиётлар кам, шу сабаб қатновлар ҳам сийрак.

Яккабоғ туманида 62 та маҳаллада 278 мингдан зиёд аҳоли вакиллари истиқомат қилса, шундан 8 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар сони 130 минг кишини ташкил этади. Албатта, китобхонликни ёш билан чегаралаб бўлмайди. Лекин мана шу 130 минг нафар ёш айни китоб ўқиши энг зарур бўлган тоифа ҳисобланади.

Туман ахборот-кутубхона маркази мактабгача ва мактаб таълими бўлими балансидаги бинонинг биринчи қаватида фаолият юритмоқда. Бинода иситиш, совутиш тизимлари ишламайди. Шу боис ҳам қишнинг совуқ ва ёзнинг иссиқ кунларида китобхонларнинг бу ерда ўтириб китоб ўқиши қийинчилик туғдиради.

Чироқчи тумани ахборот-кутубхона маркази эса тумандаги 4-сонли касб-ҳунар мактаби ётоқхонасида жойлашган бўлиб, хоналари жуда тор, ўқиш заллари мавжуд эмас. Тумандаги аҳоли сони 262 мингдан ортиқ, кутубхона фондида эса 39 минг 836 та китоб мавжуд. 2024 йилда 7310 киши кутубхонадан китоб олиб ўқиган, бу - туман аҳолисининг 3 фоизигина кутубхонага мурожаат қилганини англатади.

Кутубхонага туман ҳокимлиги томонидан ўтган йили бор-йўғи 80 дона китоб олиб берилган, холос.

Кутубхонага 4 та сектор раҳбари ҳам, ташкилотлар раҳбарлари ҳам аъзо бўлмаган. Хўш, бу нарса нега керак ўзи? Маълумки, ходимлар ва бошқа кишилар раҳбарлардан ўрнак олади, уларга ўхшашга ҳаракат қилади. Модомики, раҳбарлар кутубхонага аъзо бўлиб, китоб тарғиботи бўйича ташаббус кўрсатишса, меҳнат жамоаларида ҳам мутолаа маданияти анча юксалади.

Қарши тумани ахборот-кутубхона маркази 2020 йилда фойдаланишга топширилган. Бу ерда 16 нафар асосий ходим фаолият кўрсатса-да, бор-йўғи 5 та компьютер бор, холос. Шу сабаб ҳам ахборот-кутубхона маркази ходимлари аҳолига ижтимоий тармоқ орқали хизмат кўрсатиш, ўз фаолияти ҳамда китобхонликни тарғиб этиш борасида анча орқада қолган. Кутубхонанинг "Telegram" ижтимоий тармоғидаги каналида бор-йўғи 27 нафар аъзо бор. 11 минг киши эса кутубхонага келиб китоб олган. Туманда 280 мингдан зиёд киши яшашини ҳисобга олсак, бу қанчалик паст кўрсаткич экани кўринади.

Кутубхонада айни дамда 43 минг 315 та китоб бўлса, уларнинг 31 мингдан зиёди бадиий китоблар. Муаммо шундаки, болалар учун мўлжалланган адабиётлар сони жуда кам - 2445 та, холос.

Қамаши тумани ахборот-кутубхона маркази учун ҳам хоналар етишмайди, тадбирлар зали йўқ. Компьютер воситаларига эҳтиёж мавжуд. Кутубхонага ўтган йили вилоят ахборот-кутубхона марказидан 1000 дона бадиий адабиёт берилган. Шундан бошқа янги китоб келтирилмаган.

Нишон тумани ахборот-кутубхона маркази вилоят адлия бошқармаси балансидаги ФҲДЁ бўлими маъмурий биносида фаолият кўрсатади. Туман аҳолиси 175 минг нафарни ташкил этгани ҳолда, китоблар сонининг аҳолига нисбати 0,2 донадан тўғри келади.

2024 йил биринчи чорак ҳолатига кўра, туман ҳокимлиги томонидан кутубхона фондини бойитиш учун умуман маблағ ажратилмаган. Ахборот-кутубхона марказининг моддий-техник базаси талаб даражасида эмас. Ўқув залидаги жиҳозлар яроқсиз, китобхонлар учун шароит яратилмаган, компьютер жиҳозлари эскирган ёки етишмайди.

Касби тумани ахборот-кутубхона маркази 2023 йилда фойдаланишга топширилган ёшлар ва маънавият марказида жойлашган бўлиб, бино янги, шароит етарли бўлишига қарамай китоб тарғиботи бўйича ишлар етарли даражада эмас. Жумладан, марказ атрофида китобхонлик бўйича ташқи тарғибот воситалари йўқ. Бор-йўғи 5 та ташкилот билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Марказнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари оммабоп эмас.

"Ўткан кунлар"ни билмайдиган кутубхоначи

Президент Шавкат Мирзиёев "Ҳудудларга китоб етказиб бериш яхши. Лекин уларни ўқиш, ўқитиш етарли даражада эмас. Болаларимизни боғча ёшидан, бошланғич синфлардан китобсевар этиб улғайтириш зарур. Шундагина жамиятимизда китобхонлик муҳити шаклланади, бошқалар ҳам китоб ўқишга қайтади", деган эди. Афсуски, таълим муассасаларидаги барча кутубхоналар ҳам самарали фаолият кўрсатаётгани йўқ.

Қамаши туманидаги 5-мактабда барча ўқувчи ва ўқитувчилар кутубхонага аъзо, бироқ бадиий адабиётлар етишмайди. Кутубхонага жорий йилда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 20 дона китоб-альбом берилган. Яқин йиллар ичида кутубхона фонди бошқа бойитилмаган.

Қамаши туманидаги 16-мактабда 999 нафар ўқувчи таҳсил олиб, 75 нафар ўқитувчи ҳамда 23 нафар ишчи ходим меҳнат қилади. Кутубхонада эса 800 дан ошиқ китоб бор, холос. Энг ёмони, шу китоблар ҳам тахланганича турибди, кутубхонага яқин-орада бошқалар тугул кутубхоначилар ҳам қадам босишмаган.

Яккабоғ туманида туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими, мактаблар маъмурияти томонидан кутубхоналарни бойитиш, ривожлантиришга айтарли эътибор қаратилмаган. Мактаб кутубхонларидаги шарт-шароит етарли эмас. Китоблар фонди деярли янгиланмайди. Аксарият мактаб кутубхоналари фондидаги китоблар асосий қисми собиқ тузум даврида нашр қилинган.

Шунингдек, мактабларда кутубхоначилик ишига номзоднинг қизиқиши, китобхонлиги, малака талабларига қараб эмас, балки дарси кам бўлган ўқитувчиларни ўтказиб қўйиш амалиёти кўп учрамоқда. Бундай ҳолатда китобга умуман қизиқмаган кутубхоначининг ёшларни китобга жалб эта олишига ишониш қийин.

Тумандаги 37-мактаб шарт-шароитига кўра намунали мактаблардан бири ҳисобланади. Мактаб кутубхонаси учун ҳам кенг ва шинам хона ажратилган. Мебель жиҳозлари, компьютер, сканер, принтер қурилмалари мавжуд. Аммо кутубхонадаги китоблар бугунги кун ўқувчисини қизиқтирмайди. Мактаб кутубхоначиси лавозимида мутахассислиги жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлган ходим фаолият кўрсатмоқда. Кутубхоначининг "Ўткан кунлар", "Кеча ва кундуз" асарлари муаллифи ва қаҳрамонларини билмаслиги, ўзи ўқиган бирор асар номини айтолмагани кишини жиддий ўйлантириб қўяди.

Ўрганишларга кўра, тумандаги мактаб кутубхоналарида фаолият юритаётган 117 кутубхоначининг фақат 28 нафари олий маълумотга эга. Шундан 14 нафарининг мутахассислиги - кутубхоначилик. Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳудуддаги таълим муассасалари кутубхоначилари салоҳиятини ҳам ўрганиб, баҳолаб бориши керак, назаримизда.

Чироқчи тумани 6-мактаб кутубхонаси учун 2 йилдан буён бирорта китоб олинмаган. Айнан кутубхоначи ташаббуси билан китоб тарғиботи бўйича бирорта тадбир ўтказилмаган.

Қарши туманидаги 41-мактабда 700 дан зиёд ўқувчи, 100 га яқин ўқитувчи бўлиб, кутубхонадаги бадиий китоблар сони 2500 атрофида, холос. Янги нашрлар кам, ижтимоий тармоқлар орқали китоб тарғиботи бўйича ишлар ташкил қилинмаган.

Касби туманидаги 16-мактабда ҳам 920 ўқувчи, 76 ўқитувчи бўлгани ҳолда бадиий китоблар 2500 га ҳам етмайди. Жавонлар бўшаб ётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Китобларни сақлов хонаси ва ўқув зали учун кичик хона ажратилган.

Маҳалла идорасидаги 10-15 та китоб - кутубхона дегани эмас!

Маълумки, ҳар қандай одам турли юмуш билан маҳалла, корхона ёки ташкилотда бўлади ва у ерда маълум вақт сарфлашига тўғри келади. Шундай жойларда ҳам китоб тарғиботига эътибор қаратилса, яхши самара беради, одамларнинг вақти беҳуда кетмайди, бирор идорада бошлаб қўйган китобни топиб, тўлиқ ўқиб чиқишга интилади.

Афсуски, бундай тизимни аксарият идора ёки ташкилотда кўрмаймиз.

Қарши туманидаги Бодомзор маҳалласида "Маънавият бурчаги" сифатида столга бир нечта китоб териб қўйилган. Аммо улар йўл-йўлакай иш билан келган кишиларнинг эътиборини айтарли даражада тортмайди.

Лаганди маҳалласида китоблар хотин-қизлар фаоли хонасида, даврий нашрлар эса ёшлар етакчиси хонасида турибди. Бадиий китоблар кам, сиёсий адабиётлар эса эскирган, кучини йўқотган ҳужжатлар тўпламидан иборат.

Қарши тумани давлат солиқ   инспекциясида маънавият бурчаги ташкил қилинмаган. Масъул ходим бириктирилмаган ва маош тайин қилинмаган. Ваҳоланки, китоблар, даврий нашрлар жойлаштириш учун шароит, жиҳозлар бор, шундан унумли фойдаланилмаган.

Яккабоғ туманидаги 62 та маҳалланинг бирортасида етарли шарт-шароитга ва китоблар фондига эга маҳалла кутубхонаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Айрим маҳаллалар идораларидаги 10-15 та китобни бир четга териб қўйиш билан эса "Маҳалла кутубхонаси" ташкил бўлиб қолмайди.

Касби туманидаги Мустақилобод маҳалласи биноси анча эски, ҳатто аянчли кўринишда, бу ерда кутубхона ёки "Маънавият бурчаги" ташкил этиш ҳақида айтишга киши истиҳола қилади.

Касби тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида кутубхона ташкил этиш учун шароит, жавонлар бор, бироқ бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрилмаган.

Туман иқтисодиёт ва молия бўлимида ҳам шу аҳвол: кенг-мўл кутиш залига кичик бўлса ҳам жавон ўрнатиб, 40-50 та китоб териб қўйилса, кимгадир фойдаси тегиши аниқ.

Китобсиз жойда муаммо ҳам кўп

Албатта, китобхонликнинг жамият ривожига таъсири жуда катта. Халқаро маданият индекси эълон қиладиган рўйхатда Хитой, Россия, АҚШ, Германия, Франция, Канада, Испания, Швеция каби ривожланган мамлакатлар аҳолиси китоб мутолааси учун энг кўп вақт ажратиши қайд этилган. Шунинг ўзиёқ китобхонлик мамлакатлар тараққиётига қанчалик боғлиқ эканини кўрсатади. Демак, биз ҳам бугунимиз барқарор, эртамиз янада ёруғ бўлишини истасак, кўпроқ ўқишимиз, болаларимиз асосий вақтини телефон, ижтимоий тармоқларда эмас, мутолаа учун сарфлашига эришишимиз даркор. Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг "Бугун китоб ўқиган бир бола, телевизор кўрган ўн болани бошқаради", деган сўзлари айни ҳақиқат.

Энди қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Юқорида Касби туманидаги Мустақилобод маҳалласида кутубхона бўйича муаммоли ҳолатни тилга олдик. Ўрганишларда маълум бўлишича, маҳаллада 6500 дан зиёд киши истиқомат қилса, уларнинг расмий ишсиз сифатида рўйхатга олингани 168 нафар, иш излаб чет элга кетганлар сони 314 нафарни ташкил этади. Ажрим ёқасидаги, низоли оилалар ҳам бор. Боз устига, жорий йилда 2 та жиноят содир этилган.

Биргина Қарши туманида жорий йилда 60 та жиноят содир этилгани, ёшлар жиноятчилиги 14 та, хотин-қизлар жиноятчилиги 21 та экани, 8 та ажрим қайд этилгани ва 7469 киши мигрант сифатида чет давлатда ишлаётгани масала кўламини кўрсатади.

Касби туманида эса ўтган йили 219 та жиноят содир этилган, ёшлар жиноятчилиги 7 та, вояга етмаганлар жиноятчилиги 4 та, хотин-қизлар жинояти 23 та қайд этилган. 158 та оила ажрашган. 8700 дан зиёд киши хорижда ишлаб юрибди.

Шуни таъкидламоқчимизки, агар жамиятда китобхонлик, саводхонлик даражаси юқори бўлганида, бу кўринишдаги салбий ҳолатлар кам бўлиши аниқ эди. Ёки саволни бошқача қўйсак: албатта, 200 та жиноят кам эмас, аммо ушбу кўрсаткич бундан юқори бўлиши ҳам мумкин эди, тўғрими? Демак, жамиятимизда кенг билим ва дунёқарашга эга, кўп ўқиган ва уққан зиёлилар борлиги ривожланишимиз, тараққиётимиз асосий омили эканини ким инкор эта олади?

Нима қилмоқ керак?

Нима қилса, вилоятда китобхонлик муҳити янада яхшиланади? Мавжуд вазият қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Жумладан:

- маҳаллаларда камида 100 та бадиий китобдан иборат кутубхона  фаолиятини йўлга қўйиш ва ижтимоий тармоқ орқали тарғиб қилиш;

- ҳар бир таълим муассасасида бюджетдан ташқари топилган маблағ ҳисобидан ҳар ойда камида 100 та энг сўнгги нашр этилган сара китобларни харид қилиш;

- тадбиркорлар, фермерлар, саховатпеша инсонлар кўмагида мактаб ва маҳалла кутубхоналарига беғараз ёрдам кўрсатиш, янги китоблар олиб бериш;

- ташкилотларда "Энг яхши китобхон ходим" танловини ўтказиб, доимий рағбатлантириб бориш, ушбу танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичларини ўтказиш ҳамда ғолибларни моддий рағбатлантириш;

- маданият ва истироҳат боғларида, шаҳар ва қишлоқлардаги соя-салқин, аҳолига қулай нуқталарда ҳафтанинг 7 кунида 24 соат ишлайдиган "Хиёбон кутубхоналари" фаолиятини йўлга қўйиш. Бу кутубхоналарга дастлаб, дейлик, 100 та китоб жойлаштирилади. Кимдир ўқиш учун уйга олиб кетмоқчи бўлса, ўрнига бошқа китоб келтириб қўяди. Шу тариқа одамлар китоб алмашиб ўқиш имконияти юзга келади;

- "Адабий пикник" лойиҳаси орқали қишлоқларга кўчма кутубхоналарни олиб бориб, адабий тадбирлар ўтказиш, китобхонлар ўртасида энг яхши китобхон, энг яхши ёш шоир, ёзувчи ва таржимонлар танловларини, янги китоблар тақдимотини, асарлар муҳокамасини ташкил этиш.

- вилоят телерадиокомпанияси орқали "Мен ўқидим, сиз-чи?!" лойиҳаси давомида янги китоблар тарғиботини юритиш;

- оммавий ахборот воситалари орқали "Мени ўзгартирган китоб" лойиҳаси доирасида вилоятдаги машҳур шахслар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, ижодкорлар иштирокида сара китоблар тарғиботини олиб бориш.

Ушбу вазифаларни тўлақонли амалга ошира олсак, жамиятда китобхонлик маданияти янада юксалишига эришиш мумкин. Ўқиган одам бошқалардан бир қадам олдинда экан, ўқиган миллат ҳам ривож, тараққиётнинг юқорисида туради. Бундай натижани ким ҳам истамайди дейсиз...

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!