Меню
Қашқадарё
АНОР - БАРАКА, ТИНЧЛИК ВА ФАРОВОНЛИК РАМЗИДИР
Тадбир Президентнинг "Қашқадарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, бу орқали бой маданий мерос ва тарихий анъаналарни сақлаш, боғдорчилик фаолияти билан шуғулланувчи аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудда агротуризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Дастлаб фестиваль иштирокчилари Қашқадарё халқаро инвестиция форумида қатнашишди. Шунингдек, ОАВ ходимлари ва хорижий меҳмонлар учун Шаҳрисабзнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.
Аҳамиятли воқеалардан бири Шаҳрисабзнинг Коба тарихий қадамжосида Италиянинг Казерта шаҳри мери ва вилоят ҳокими ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди.
- Ушбу тадбирни бекаму кўст ўтказиш мақсадида катта тайёргарлик кўрилди, - дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжонов. - Қишлоқлар тарихи, анъаналари ва урф-одатлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлган гид-экскурсоводлар тайёрланди. Шу билан бирга, мазкур ҳудуддаги анорчиликка ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликларида дала шийпонлари ва дегустация (мева ва шарбатларни татиб кўриш) хоналари ташкил қилинди. Бунга уйғун равишда Варганза анори, уни етиштириш ва сақлаш технологияси, фойдали хусусиятлари ва жаҳон бозоридаги нуфузи ҳақида қизиқарли фото ва видео материаллар тайёрланиб, иштирокчиларга етказилди.
Қайд этиш лозим, Варганза қишлоғига Ўзбекистондаги илк агротуризм қишлоғи мақоми берилиб, йиғин раиси Зиёдулла Мирзаевга рамзий калит топширилди.
Халқаро анор фестивалида ўзига хос аукцион савдоси ҳам ташкил этилди. Дастурга кўра, чет эллик меҳмонлар иштирокида анорзорга уюштирилган саёҳат давомида анор дарахтларидан энг катта мева танлаб олиниб, аукционда сотилди. Варганзанинг бир дона анорини харидор 50 долларга сотиб олди ва ушбу пул Варганзада навбатдаги дунёга келадиган биринчи чақалоққа бериладиган бўлди.
Анор кесиш мусобақасида иштирок этган италиялик меҳмон Барбара Парелло ғолиб бўлиб, махсус совғани қўлга киритди.
- Бу даражада кўнгли очиқ, меҳмондўст инсонларни кўрмаганман, - дейди Барбара Парелло. - Ушбу саёҳат менда жуда катта таассурот қолдирди. Бизнинг давлатда ҳам анор меваси қадимдан жуда қадрланади. Чунки бизда бу мева фарзанд белгисидир.
Шунингдек, "Анор" фестивали доирасида миллий урф-одатлар, либослар кўргазмаси, вилоят фольклор жамоалари иштирокида қисқа метражли фильмлар намойиши, ёш рассомлар ва суратчилар танлови каби тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.
- Марказий Осиё юраги ҳисобланган Ўзбекистон ҳақида интернет орқали маълумотга эга бўлсам-да, аммо бу ерга келишни кўпдан буён ният қилардим, - дейди Казерта шаҳри ҳокими маслаҳатчиси Жанлука Ианнуччи. - Таассуротларим чексиз. Варганза қишлоғининг анорлари, гўзал табиати ва одамларнинг меҳрибонлиги унутилмас хотирага айланди. Бу қишлоқда яшовчи ўзбек аёлларининг тандирда нон ёпишига гувоҳ бўлиб, очиғи лол қолдим. Таъми ҳам мазали экан. Шаҳрисабз ва Китоб туманларида кўрган, эшитганларимни албатта италияликларга сўзлаб бераман. Ўзбекистонга тез-тез келишни дилимга тугиб қўйдим.
Юқоридагилардан ташқари фестиваль доирасида Китоб кенглик обсерваториясига саёҳат, Яккабоғда кўпкари, кураш мусобақалари ҳам ташкил этилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Муаллиф олган суратларда тадбирдан лавҳалар.