Меню

Қашқадарё

12.05.2020 1249

АНИҚЛАНДИ, ВАЗИФА ВА МУДДАТ БЕЛГИЛАНДИ. УНДАН КЕЙИН-ЧИ?

"Бир туманда бир кун"

Қашқадарёда ҳудудларнинг мавжуд имкониятларини чуқур ўрганиш, ишлаб чиқариш салоҳияти ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини изчил оширишни таъминлаш мақсадида "Бир туманда бир кун" лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари кун давомида бир ҳудудда бўлиб, ўз йўналишлари ва соҳалари бўйича ислоҳотлар натижадорлигини,  мавжуд муаммоларни, истиқболли лойиҳалар ва уларни ҳаётга татбиқ этишга тўсқинлик қилаётган омилларни синчиклаб ўрганишади. Чуқур таҳлил асосида ечимини кутаётган масалалар, камчилик-нуқсонларни ўз вақтида ва ўз ўрнида бартараф этиш чоралари белгилаб олиниб, шунга кўра амалий ишларга киришилади.

Лойиҳанинг навбатдаги манзили Шаҳрисабз тумани бўлди. Маълумки, бу ҳудуд қулай географик жойлашуви, табиий иқлим шароити, ерларининг унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Катта резерв ва имкониятларга эга. Бироқ, кун давомидаги ўрганишлардан маълум бўлдики, туманда бу имкониятлардан самарали фойдаланиш хусусида ўйлаб ҳам кўрилмаган. Вилоят ҳокими кўздан кечирган ўндан ортиқ объектларнинг ўзиёқ бунга яққол гувоҳлик бериб турибди.

Масалан, Шаматон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган молхона бинолари кўп йиллар илгари хусусийлаштирилган. Бироқ тадбиркор бинони арзимаган пулга сотиб олишга олгану ўз ҳолига ташлаб қўйган. Натижада унинг аҳволи абгор. Қарийб 5 гектар ер майдони эса қаровсиз. Мевазор маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган эски молхона биносида ҳам, унга қарашли ерларда ҳам худди шу манзара. Хароба, вайрона.

Мамлакатимизда ер майдонларидан самарали ва оқилона фойдаланишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда Янгибоғ маҳалласидаги "Номоз оқ олтин" фермер хўжалигига қарашли молхонанинг ва 1 гектар ер майдонининг ҳолига кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайди киши. Энг қизиғи, бу ерда қимматбаҳо наслли қорамоллар парваришланади.

Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиш кўникмаси ҳам мақтарли эмас. Картошка, сабзавот ва полиз маҳсулотлари экиб, рўзғорни ҳам, бозорни ҳам обод қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганлар кўп.

Хўш, бундай ҳолатни маҳалла раиси, сектор раҳбари кўрмаганми? Аҳолини томорқа ерларидан самарасиз фойдаланиш қандай оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмаганми?

Биргина шу ҳудуд мисолида кўриш мумкинки, туманда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатишнинг асосий омилларидан бири сифатида қаралаётган аҳоли томорқаларига эътибор умуман талабга жавоб бермайди. Томорқасидан авваллари фойдаланмаганлар уни ҳозир ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйишган. Эски ҳаммом, эски тос. Бу ҳолни кўриб кўрмаганга, билиб, билмаганга олиб юриш билан ҳеч нарса ўзгармайди.

Кўчага кимўзгарга чиқариб ташланган ахлат уюмларининг ҳиди дунёни тутади.

Шу маҳалладаги 7 гектардан ортиқ боғда ҳосилдан нишона ҳам кўринмайди. Боз устига қатор ораларини ёввойи ўт босиб ётибди. У ҳам "Номоз оқ олтин" фермер хўжалигига қарашли. Аммо бу шунчаки қоғозда экан.

Қизиқ, ер фермер хўжалигига қарашли бўлсаю, унга бошқалар эгалик қилса. Эртага 100 тонналаб маҳсулот етиштириш мумкин бўлган шунча ернинг увол-савоби учун ким жавоб беради? Ҳуқуқини билмайдиган фермерми ёки ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўладиганларми? Шуни айтмайдиларми, ҳақиқий хўжасизлик деб.

- Оптималлаштириш жараёнида бу ер фермер хўжалигимизга қўшиб берилганди, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Номоз Боймуродов.     - Даладаги дарахтларни аввал    бошқалар эккани учун ер шу пайтгача уларнинг ихтиёрида қолаётган эди. Қатор ораларига экин экинглар, деб айтдим, лекин айтганимни қилишмади.

Оқдарё маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган боғда ҳам аҳвол бундан баттар бўлса борки, беҳ эмас.

- Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан ер қайтариб олинди, - дейди туман ҳокими    Исроил Аманов. - Икки-уч кун ичида маҳаллий аҳоли вакилларига бўлиб берилади.

Шу ўринда бир мулоҳазаки, ҳақиқатан ҳам ер қайтариб олинганмикан? Олинган бўлса, нега бу ерлар деҳқончилик илмидан бохабар, "экин экиб, даромад қиламан" дейдиган кишиларга ҳозиргача бўлиб берилмади ва яна икки кун керак? Экин учун баҳорнинг бир дақиқаси ғанимат-ку.

Оқдарё маҳалласида бир оила учун оз эмас, кўп эмас 60 сотих томорқа ер майдони ажратиб берилгани ғалати. Янаям ажабланарлиси, бу ернинг каттагина қисми ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Полмон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги собиқ "шароб заводи"ни "Шоҳрух" фермер хўжалиги харид қилганига 10 йилдан ошибди. Аммо бинонинг янги эгалари 10 йилдан буён режа қилиб, режадан нарига ўтишмаган.

Ўрганилган барча объектлар эгаларининг хатти-ҳаракатларидан улар даромад эмас, ўша объектлар ва ер майдонларига харидор илинжида пайт пойлаётганга ўхшайди.

Ўрганиш натижалари кечга бориб, туман ҳокимлигида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, маҳаллалар раислари, самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ер майдонлари эгалари, аҳоли вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Мулкдорлар, томорқа ер эгалари томонидан самарасиз фойдаланилган ерларга нисбатан қонуний чоралар кўриладиган бўлди. Энди бу ерлар эгаларига қонунчиликда белгиланган тартибда оширилган солиқ ставкалари қўлланади. Ерларнинг бир қисми туман захира ер фондига қайтарилиб, истиқболли лойиҳалар учун ажратилади. Яъни туман аҳолиси учун фойдали, даромадли ишга йўналтирилади.

Мулоқот давомида чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Эътиборлиси, уларнинг ҳар бири бўйича ўнлаб ташаббускорлар топилди. Мазкур ташаббусларни лойиҳалаштириш бўйича масъуллар, молиялаштириш манбалари, ажратиладиган ер майдонлари, субсидиялар, барча-барчасига ойдинлик киритилди. Йиғилишда аниқ вазифалар ва уларнинг аниқ муддатлари белгилаб олинди.

Т.ТЕМИРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!