Меню

Қашқадарё

29.10.2021 2088

АНГЛАНГАН ДУНЁ - ЯНГИЛАНАЁТГАН ДУНЁДИР

Сараланган сатрлар

"Европа виждони", "Ақллар ҳукмдори" дея таърифланган француз адиби ва файласуфи, адабиёт соҳасида Нобель мукофоти совриндори  Альбер Камю "Бегона", "Вабо", "Цизиф ҳақида афсона", "Калигула", "Исёнкор одам" каби асарлари билан бизга яхши таниш. Инсоният бу катта ижодкор асарларига мудом эҳтиёж сезиб яшайди. Бинобарин, бугун ҳукмингизга муаллифнинг "Исёнкор одам" китобидан санъат ва ижодга тааллуқли лавҳаларни келтираяпмиз. Таниқли ёзувчи Назар Эшонқул таржимасидаги ушбу битиклар сизнинг дунё, ижод ва санъат хусусидаги қарашларингизни янада бойитиши, ўзгартиришига ишонамиз.

***

Санъат бир пайтнинг ўзида ҳам эътироф, ҳам инкор этувчи ҳодисалар сирасига киради. "Биронта ҳам санъаткор воқеаликка охиригача дош беролмайди", дейди Ницше. Бу ҳақиқат, бироқ биронта ҳам санъаткор воқеаликни четлаб ўтолмаслиги ҳам ҳақиқат.

***

Исён - олам бўлинишидан бошланган. Шу сабабли санъат исённинг моҳиятини бизга тўла очиб бера олувчи восита бўлиши ҳам мумкин.

***

Инқилобчи ислоҳотчилар ҳақиқий санъатга ёт кўз билан қараб келишган. Афлотуннинг қарашлари бу масалада ҳаммадан ошиб тушади. Унинг учун "гўзаллик ҳамма нарсадан устун, тил бор-йўғи жило берувчи восита эди". Шу сабабли у ўз давлатидан шоирларни бадарға қилишда ташаббускор бўлганди.

***

Писарёв моддий фойда бермайдиган эстетикани тан олмади. "Рус Рафаэли бўлгандан кўра рус этикдўзи бўлиш фойдалироқдир", дерди у. У ҳатто Шекспирга ҳам этик тиктирмоқчи бўлди. Кейинчалик машҳур ва катта шоир бўлиб етишган нигилист Некрасов "Пушкиндан кўра бир бурда пишлоқ менга афзал" деган эди. Санъатни "тарбия воситаси"га айлантирмоқчи бўлган Толстой қарашлари ҳаммага маълум. Улуғ Пётр саъй-ҳаракати билан Петербургдаги Ёзги боғга келтирилган ва Италия қуёшида пишган, мармари ҳозиргача ярақлаб турган Венера ва Апполондан эса Инқилобий Россия бутунлай юз ўгирди. Қашшоқлик баъзида беҳисоб бойликни кўрганда ана шундай бурнини жийиради.

***

Ақлга мувофиқ воқеаликнинг ўзи инсоннинг жами эҳтиёжини қондира олади.

***

Санъат устидан ҳукми ҳозиқлик давом этмоқда ва бунга санъаткорлар, ақл-идрок эгалари ҳам қўшилишмоқда: улар санъатга туҳмат қилар эканлар, энг аввало ўзлари ўтирган шохга болта уришмоқда, ўзларини ўзлари шармандали равишда масхара қилишмоқда. Аслида санъаткор Шекспир  билан этикдўз Шекспир ўртасидаги баҳсдан шу нарса маълум бўлдики, этик тикаётган паллада эмас, Шекспирни ўқиётган паллада инсон гўзаллик билан юзма-юз келади.

***

Давримиз санъаткорлари тавба-тазарру қилаётган XIX аср рус дворянига ўхшайди, зеро иккаласи ҳам виждони оғригани учунгина узрхоҳликка ўтган.

***

Ҳар қандай исёнда исён қилинган нарсанинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва унинг ўрнини бошқаси билан алмаштиришдек истакларни жамлаштирган умумий талаблар акс этади. Шу маънода исён - янги дунё қуришга интилишдир.

***

Лукрецийнинг шаҳар деворлари, Саднинг одам ўтолмас қўрғонлари, хаёл қояси ва ёлғизлик чўққиларидан иборат Ницшенинг тафаккур ороли, Лотреамоннинг илк ҳаёт океани, Рембонинг оҳанг панжараси, сюрреалистларнинг борлиқни ларзага солган бўрондан сўнг қоладиган из каби фикр истеҳкомлари, мамлакатнинг қоқ ярмини эгаллаган қамоқхона тасвирлари, концлагерлар, озод қуллар империяси - булар ҳаммаси бир бутунликни, ягоналикни ва унга бўлган иштиёқу майлларни ифодалайди. Мана шу тасвир этилган дунёни одам тезроқ англаши мумкин: англанган дунё - янгиланаётган дунёдир.

***

Санъаткор дунёни ўз тушунчасидан келиб чиқиб қуради. Табиат мусиқасидагина ҳудуд ва замон йўқ. Борлиқ эса ҳеч қачон жим турмайди: ҳатто сукунат пайти ҳам у биздан таралаётган оҳангларга акс-садо бериб, ўзининг азалий куйини чалаверади.

***

Делакруа ўз санъати ҳақида мушоҳада қилиб, шундай ёзган эди: "Даҳолик бу - уйғунлаштириш ва ифодалай олиш истеъдоддир".

***

"Бизни нарсалар манзараси билан ўзига ром қилмоқчи бўлган, бироқ ҳеч қачон бизни мафтун қилолмайдиган бу тасвирий санъат дегани аслида бир пулга қиммат". Бу Паскалнинг машҳур ибораси. Делакруа ҳеч бир асоссиз равишда "бир пулга қиммат" сифатлашини "ғалатироқ" деб ўзгартирган. Бир қарашда ҳақиқатан ҳам ўша нарсалар бизни мафтун қила олмайди, чунки биз уларни кўрмаймиз. У биздан узилган ҳолда абадий ҳаракатда яшайди. Исо Масиҳни қамчилаётган жаллоднинг қўлини ким кўрган? Салб юришига кетаётганлар изидан зайтунзорга сингаётган ғуборларни ким кўрган?

***

Санъат Гегель орзу қилган хусусийдан умумийга қараб интилувчи доимий ҳаракатдаги ва курашдаги ҳодисалар сирасига киради. Балки бани башар бирдамлигига интилаётган бугунги замон шу сабабли ҳам ана шу яхлитликка интилишнинг энг мукаммал намунаси бўлмиш санъатга кўпроқ эҳтиёж сезаётгандир?

***

Инсон умумий адолат талаб қилиб, умумий адолатсизликка қарши оёққа туриши, адолатли жамият ижодкори бўлиб чиқиши мумкин, бироқ унинг  дунёдаги барча нарсага ҳаммаси бир пулга қиммат деб қарашга ҳаққи йўқ. Гўзалликни ижод қилиши учун у воқеликни инкор қилиши ва айни пайтда унинг завқли томонларини кўра олиши шарт бўлади.

***

Санъат бизни исённинг ҳақиқий моҳиятига - унга юксак қадрият ва янгиловчи куч, абадий кураш ҳамда ички тикланишнинг воситаси сифатида қарашга ўргатади.

***

Бир куни Бальзак сиёсат ва дунё тақдири ҳақидаги узундан-узун маърузасини шундай сўзлар билан тугатган: "Энди жиддий масала ҳақида гаплашсак". У бу билан ўзининг романларини назарда тутганди. Икки асрдан буён романнавис даҳолар бизга тақдим этаётган ва бизни мафтун қилаётган сон-саноқсиз мифларни жиддий шарҳламасдан, шунчаки, воқеликдан қочиш деб баҳолашнинг ўзи билан моҳиятни очиб бўлмайди. Романнавис ижодкорлар воқеликдан қочганлиги ёки уни четлаб ўтаётганлиги аниқ ва бор гап.

***

Бор ҳақиқат шундаки, реал дунёни инкор қилаётган одам, айни замонда бу дунёдан мутлақо узилишни ҳам истамайди. Одамлар шу дунёда яшашга маҳкум этилганлар ва ундан айри яшашни ҳеч қачон тасаввур қилолмайдилар. Ўз маконида дарбадарлик ва қувғинга гирифтор бўлган бу ҳуркак мавжудот ўзи яшаётган дунёни абадий унутишни эмас, аксинча, уни яна ҳам кўпроқ ўзиники қилиб олишни истайди.

***

Хўрликка маҳкум этилган одамнинг бор-йўқ мақсади лабларини сувга тегизиш, хаёли каби тутқич бермас тўлқинни жиловлаб олиш ва уни ўз тақдирига айлантириш, холос. Бироқ бу амалга ошмас орзу: шу сабабли у хаёлан бўлса-да, орзусига етишни хоҳлайди - хаёлан бўлса-да тақдир ва ўлимдан устун келишни ва кўз олдидаги бесамар ва беадад дунёга қарама-қарши ўлароқ ўзининг хаёлий    дунёсига эга бўлишни истайди.

Мана шу ердан аксарият одамларда ўзгалар ҳаётига шафқатсиз муносабат ва ҳасад билан қараш пайдо бўлади.

***

Вақтдан устун бўлишга туганмас хоҳиш бизни мангу уқубатларга рўкач қилса, балки дунёвий уқубатларнинг моҳиятини чуқурроқ англаган бўлармидик? Эҳтимол, иродаси кучли одамлар ҳам дунёвий уқубатлар бир лаҳзалигини англаб етгандан кейин ваҳимага тушиб қолишар? Туганмас уқубатни ҳис қилгач, балки биз битмас-туганмас бахт борлигини ҳам тушуниб етармиз? Бироқ, афсуслар бўлсинки, бизнинг энг беадад машаққатимизнинг ҳам чегараси бор. Ва ажойиб кунларнинг бирида қалбимизни ҳаётга ташналик ҳисси чулғаб, биз умидсизликдан дафъатан уйғонармиз ва уқубат саналиб келинган нарсалар моҳиятан бахт эканини сезиб қолармиз?

***

Моҳият эса ҳамиша ҳам юз кўрсатмайди - у маълум бир тушунчага ҳеч қачон сиғмайди. Шу нуқтаи-назардан қарасак, ҳаёт шаклсиздир. У ўз шаклини излаб, тийиқсиз оқаётган дарёга ўхшайди. Бунинг акси ўлароқ одам ҳаётда ўзини шоҳ деб ҳис қилиш учун бетиним шакл излайди. Жилла қурса бирон-бир тирик мавжудот одам хоҳлаган шаклга кирганда эди, инсон дунё билан абадий сулҳ тузган бўлур эди.

***

Ёзиш - бутанлай олиш салоҳиятидир. Ўз-ўзидан ойдинки, на реаллик, на хаёлийлик уни четлаб ўтолмайди: четлаб ўтганлари эса асарни сўқир анъанапарастликка олиб боради…

***

Санъаткор эса ижод қила олиши мумкин, бироқ ўлдириш қўлидан келмайди. Уларнинг орасидан жаллодлар чиқиши даргумон. Шу нарса аниқки, инқилобий жамиятда санъат ҳалокатга маҳкумдир. Бироқ бундан инқилоб ҳеч нарса ютмайди. Ижодкор одамни ўлдириш билан бирга жамият ижодкор қиёфасидаги ўз куч-қувватини ҳам ўлдиради: санъат билан бирга ўз танасидаги қувватни ҳам сўриб чиқаради. Охир-оқибат мустабидлар ўз ниятларига мутлақ эришган тақдирда ҳам бу билан ер юзини жаннатга эмас, нақ жаҳаннамнинг ўзига айлантирган бўлур эдилар. Ва лекин ҳатто жаҳаннамда ҳам санъатга ўрин топилади: у абадий таназзул чўккан беадад ўлик кунлар ичра сўниб ётган умидга йилт этган илинж - тириклик бағишлаш билан ғалабаси муқаррар исён - ижодни бошлаб беради.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!