Меню
Қашқадарё
ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА МОЙИЛЛИК КИМЛАРДА ЮҚОРИ БЎЛАДИ?
14 ноябрь - Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 420 миллиондан ортиқ одам қандли диабет касаллигига чалинган. Бу эса 40 йил олдинги кўрсаткичлардан 25 фоизга кўп.
Хўш, қандли диабет қандай касаллик? Унга чалинган шахсларда қандай белгилар кузатилади? Пайдо бўлишига сабаблар нима? Шу каби саволлар билан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Бобир ТЕШАЕВга мурожаат қилдик.
ХАВФЛИ ЖИҲАТИ НИМАДА?
- Қандли диабет бошланишида узоқ муддат беморга билинмайди. Кўп ҳолларда унинг аломатлари рўёбга чиққанидагина ташхис қўйилади. Кеч ташхис қўйилиши ва даволашнинг вақтида бошланмаслиги касалликнинг оғир ва асоратлар билан кечишига сабаб бўлади.
Қандли диабет асоратларини эрта ва кеч учрайдиган турларга бўлиш мумкин. Эрта учрайдиган асоратлар қонда қанд миқдорининг кескин пасайиб ёки кўтарилиб кетиши билан боғлиқ. Буларга гипо ва гипергликемия, диабетик кетоацидоз ва бошқалар киради. Кеч асоратларида асосан бош мия, кўз, юрак ва қон томир системаси, буйраклар, асаб толалари, оёқлар ва бошқа ички аъзолар зарарланади.
Қандли диабет билан оғриган беморларда узоқ муддат қанд миқдорининг баланд туриши натижасида кўз касаллиги (диабетик ретинопатия) вужудга келади. Бу кўриш қобилияти пасайиши ва ҳатто унинг йўқолишига ҳам олиб келиши мумкин. Қандли диабетнинг кўзга таъсири кўриш қобилияти пасайишидан анча олдин бошланади. Шунинг учун қандли диабет билан оғриган беморлар доимий равишда кўз шифокори назоратида бўлишлари керак.
Қон-томир асоратлари қандли диабетда ногиронликнинг ва ўлимнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Буларга стенокардия (кўкрак соҳасидаги санчиқлар ва оғриқлар), инсульт, оёқлардаги томир касалликлари (оёқларга қон бориши ёмонлашганда келиб чиқадиган йирингли яралар ва қорасон), ўпка ва бошқа тўқималарда сув йиғилиши билан кечадиган сурункали юрак етишмовчилиги ва бошқалар. Бу асоратларни қон босимининг баландлиги, қондаги холестерин ва қанд миқдори юқорилиги оғирлаштиради.
Қандли диабет буйрак сурункали касалликлари сабабчилари орасида етакчи ўринни эгаллайди. У буйрак ишининг пасайиб кетиши ва ҳаттоки тўхтаб қолишига сабаб бўладиган энг нозик қон томирлари жароҳати билан боғлиқ.
ОЁҚДА УЧРАЙДИГАН АСОРАТЛАРИ
- Кўп ҳолларда периферик нейропатия оёқларда учрайди. У оёқларда сезувчанликнинг пасайиши, санчиқлар ва оғриқлар билан кечади. Сезувчанликнинг пасайиши оқибатида бемор оёғида орттириб олган яра-чақаларни сезмаслиги мумкин. Бу жароҳатларга иккиламчи инфекция қўниши натижасида чуқур яраларга ва ҳаттоки ампутацияга сабаб бўладиган қорасон касаллигига олиб келиши мумкин. Оёқда учрайдиган бу асоратлар "диабетик товон", "диабетик тўпиқ", "диабетик оёқ" номлари билан юритилади.
Бундан ташқари, қандли диабет билан оғриган беморлар оёқ қон томирларининг бекилиб, қон айланишининг бузилишидан азият чекадилар. Қон айланишининг бузилиши яраларнинг оғир кечишида, ампутациялар кўпайишида яна бир асосий омил бўлиб қўшилади. Агар бемор оёқларини ўз вақтида текширтириб, қондаги қанд миқдорини бир меъёрда сақлаб турса, бундай хавфнинг олди олинади.
КАСАЛЛИКДАН ҚУТУЛИШ МУМКИНМИ?
- Қандли диабетнинг 1-турини йўқотиб бўлмайди, агарда ота-онасидан биттаси касал бўлса, боласи ҳам касалланади. 2-тур қандли диабетнинг олдини олишга соғлом турмуш тарзи ва семизликка йўл қўймаслик билан эришиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир ортиқча вазнга эга киши ва яқин қариндошлари, диабет билан оғриган шахс албатта қонидаги қанд миқдорини текширтириб туриши лозим. Қандли диабетга мойиллик айнан уларда юқори бўлади. Бундан ташқари, аёлларда ҳомиладорлик вақтида қонда қанд миқдори кўтарилганда ва 45-50 ёшдан сўнг атеросклероз белгилари пайдо бўлганда қандли диабет келиб чиқиши мумкин.
БИР УМРЛИК ДАРДМИ?
- Афсуски, бу касалликнинг буткул давоси йўқ. Агар у аниқлангандан сўнг зарур чоралар ўз вақтида кўрилса, мунтазам равишда қондаги қанд миқдорини назорат қилиш зарур деб топилса, организмни доимий инсулин билан таъминлаш мумкин. Шунда қондаги қанд миқдори меъёрида бўлади ва касаллик ички органларга салбий таъсир кўрсатмайди.
ЭНГ ЯХШИ ДАВО - ПАРҲЕЗ
- Бемор вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб, даволаниб туришидан ташқари, муайян парҳезга амал қилиши лозим. Диабет парҳези асосан ўсимлик-сут маҳсулотлари асосида бўлади. Чунки хом сабзавотлар ва меваларни истеъмол қилиш ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқаришини кучайтиради. Шу сабабли ҳам диабетдан азият чекувчи беморлар кундалик таомномасига иложи борича кўпроқ сабзавот, мевалар, пишлоқ, ёнғоқ, бошоқли ва дон, дуккакли маҳсулотларни, пиёз, саримсоқ, бодринг ва турпни киритишлари лозим.
Ш.БОЗОРОВА ёзиб олди.