Меню
Қашқадарё
ҚАНДЛИ ДИАБЕТ
- Ҳар бир инсон қонида энергия манбаи, яъни глюкоза мавжуд. Бу миқдор меъёрда эрталаб оч қоринга 3,3-3-5,5 ммоль/л ва овқатдан сўнг 7,8 ммол/л бўлиши мумкин. Ундан ошиб кетиши эса қандли диабет касаллиги дейилади, - дейди шифокор. - Қандли диабет касаллиги ошқозон ости бези ишлаб чиқарадиган инсулин гормонининг мутлақ ёки нисбий етишмовчилиги, шунингдек, атрофдаги тўқималарнинг инсулинга бўлган сезгирлигининг пасайиши натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Шунингдек, қандли диабет касаллиги қондаги қанд миқдорининг доимий равишда юқори бўлиши билан характерланади.
Касаллик белгилари
Касаллик белгилари чанқаш, тез-тез пешобга бориш, чарчоқ, мадорсизлик, асабийлик, кўнгил айниши (баъзан, қайт қилиш), оёқ-қўллардаги санчиқлар, оёқ кафтининг увишиб қолиши, кўриш қобилиятининг кескин пасайиши, буйраклар иш фаолиятининг бузилиши сифатида намоён бўлади. Бемор озиб кетади, айрим ҳолларда тана вазни ошиб кетиши кузатилади.
Қандай турлари мавжуд?
Бу касалликнинг бир неча турлари бўлиб, бизда энг кўп учрайдиган тури бу 1-тур ва 2-турдаги қандли диабетдир. 1-тур асосан ёш болаларда ва ўсмирларда учрайди. Унинг юзага келишига болаликда бошдан ўтказилган бир неча вирусли касалликлар (грипп, тепки, қизамиқ, қизилча) сабаб бўлиши мумкин. 2-тур қандли диабет асосан катта ёшдаги инсонларда учрайди.
Ундан қутулиш мумкинми?
Қандли диабет 1-турини йўқотиб бўлмайди, агар ота-онадан бирови касал бўлса, боласи ҳам касалланади. 2-тур қандли диабет касаллигининг олдини олишга соғлом турмуш тарзи ва семизликка йўл қўймаслик билан эришиш мумкин. Шунингдек, ҳар бир ортиқча вазнга эга киши ва яқин қариндошлари диабет билан оғриган шахс албатта қонидаги қанд миқдорини текширтириб туриши лозим. Қандли диабетга мойиллик айнан уларда юқори бўлади.
Тақиқланади
Ушбу касалликда хамирли маҳсулотлар, торт, пишириқлар, ёғли шўрва, ёрмали сутли бўтқалар, угра оши, ёғли гўшт, ўрдак ва ғоз гўшти, дудланган маҳсулотлар, колбаса, ёғли балиқ консервалари, икра ва тузланган балиқ, шўр пишлоқ, қаймоқ, ширин творог, гуруч, турли тузламалар, узум, банан, анжир мевалари, мураббо, конфетлар, музқаймоқ, шарбатлар, газланган ичимликлар ва лимонадлар, ҳайвон ёғи, спиртли ичимликлар кабиларни истеъмол қилиш тақиқланади.
Бир умрлик дардми?
Афсуски, бу касалликнинг буткул давоси йўқ. Агар касаллик аниқлангандан сўнг зарур чоралар ўз вақтида кўрилса, мунтазам равишда қондаги қанд миқдорини назорат қилиш ва организмни доимий инсулин гормони билан таъминлаш мумкин. Шунда қондаги қанд миқдори меъёрида бўлади ва касаллик ички органларга асорат бермайди. Фақат аёлларда ҳомиладор бўлиш, туғруқ жараёнлари эндокринолог ҳамда гинекологнинг қатъий назорати асосида ўтиши лозим бўлади.
Эътиборсиз бўлсангиз...
Одатда, 2-тур қандли диабет ташхиси қўйилган беморлар дастлабки вақтда ўзларини яхши ҳис қилишлари боис даво чораларини қўлламасам ҳам бўлади, деган фикрда касалликка қарши курашишмайди. Парҳезга риоя қилмаcлик, дори воситаларини ўз вақтида қабул қилмаслик организмга, хусусан, органларга салбий таъсир кўрсатади. Масалан, кўзларнинг хиралашиши, кўрмай қолиши, тана органларидаги қон алмашинувининг ёмонлашиши, қон билан тўлиқ таъминланмаслиги, юрак ишемик касалликларининг юзага келиши кабилар кузатилади. Ўта оғир асоратларда зарарланган тана аъзоларини ампутация қилишгача олиб келиши мумкин.
Парҳез – энг яхши даво
Бемор вақти-вақти билан шифокор кўригидан ўтиб, даволаниб туришдан ташқари, муайян парҳезга амал қилиши лозим. Диабет парҳези асосан ўсимлик, сут маҳсулотлари асосида бўлади. Чунки хом сабзавотлар ва меваларни истеъмол қилиш ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқаришини кучайтиради. Шу сабабли ҳам диабетдан азият чекувчи беморлар кундалик таомномасига иложи борича кўпроқ сабзавот, мевалар, пишлоқ, ёнғоқ, бошоқли ва дон дуккакли маҳсулотларини, пиёз, саримсоқ, бодринг ва турпни киритишлари лозим.
Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.