Меню
Қашқадарё
ҲАМЖИҲАТЛИКНИНГ ЮКСАК НАМУНАСИ
Шу кунлари мўмин-мусулмонлар Ҳайит намозини ўқиб, эҳсонлар қиладилар. Ота-она, ёру биродар, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, етим-есир, бева-бечора ва беморларнинг ҳолидан хабар олинади, аразлашганлар бир-бирларидан узр сўрайдилар.
Қурбон ҳайити кунлари шуни мамнуният билан эслаймизки, мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Бунда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс бўлди. Буюк Йўлбошчимиз миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Виждон эркинлиги ҳақида муҳим қонунлар қабул қилинди. Ҳар йили муборак Ҳаж сафарига борувчи фуқаролар учун қулай шароитлар вужудга келди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1991 йил 20 июндаги фармони эса муборак Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти эътиборга олиниб, миллий-диний қадриятларимизни сақлаш ва улуғлашга қаратилгани, шунингдек, диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш хусусида экани билан аҳамиятлидир. Ўша вақтдан буён бу кун барча юртдошларимиз томонидан шоду хуррамликда, кўтаринки руҳда байрам қилинади.
Қурбон ҳайитининг номидан маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга ҳар бир мўмин-мусулмонга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботишидан олдин тугайди.
Қурбонликка сўйиладиган ҳайвон мол, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол ёки туяни етти киши номидан сўйиш шерикларнинг ҳаммаси қурбонлик ва садақани ният қилиш шарти билан жоиз. Бу ҳайвонларнинг эркаги, урғочиси, бичилгани ва бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Булардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди. Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбдор бўлмаслиги керак. Қанча соғлом ва кўркам бўлса, шунча савоби кўп бўлади.
Қурбонлик диний ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий ва иқтисодий аҳамияти ҳам жуда катта. Қурбонлик қилган киши гўштнинг бир қисмини моддий имконияти ночор оилаларга, етим-есирларга тарқатса ва бу билан уларнинг ҳам қозони қайнаб, хурсанд бўлишларига сабаб бўлса, улкан ажр-савобга эга бўлади.
Шунингдек, ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, оила аъзоларига совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Ҳайит кунларида беморларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Ҳайит кунлари силаи раҳм қилиш, қариндош-уруғ, кексалар ва беморларни, қуда-андаларни зиёрат қилишнинг савоби ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бўлади.
Узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки инсонларга гина қилган кишиларга фазилатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис бунга жиддий қараш керак.
Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Токи, фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадриятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишида, улар Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш барчага ярашадиган ишдир.
Ҳайит арафасида қўни-қўшниларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан бирга моддий ёрдамга муҳтож кишилар, яъни кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилинса, уларнинг хонадонларига ҳам байрам шукуҳи кириб келган бўлади.
Ҳайит кунлари дуолар қабул қилинадиган кундир. Бу кунда баъзи жойларда урф бўлган тўп-тўп бўлиб қабристонга, азадор хонадонларга бориш, йиғи-сиғи қилиш шаръан дуруст эмас. Бундай ношаръий амаллардан қайтайлик, ўзимизни ортиқча бидъат амаллардан сақлайлик. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг тинчлик, хотиржамлик каби неъматларига шукур қилиб, қўлларимизни дуога очсак, қалбимиздаги истакларимизни Яратгандан сўрасак, иншааллоҳ, бунинг савоби ўзимизга ҳам, биздан умидвор бўлган марҳумларимизга ҳам етиб боради.
Энг муҳими, бу хайрли амалларимиз кишилар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг гўзал намуналарини ўзида ифода этгани билан ғоят қадрлидир.
Ражабали НОРҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили ўринбосари