Меню

Қашқадарё

26.05.2018 1777

ҲАМЖИҲАТЛИКДА ҲИКМАТ КЎП

Миришкор маҳалласида бугунги кунда 605 та хонадонда 3 минг 558 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Маҳалла аҳли орасида ўзаро ҳурмат-иззат муҳити камол топган. Оилавий тадбиркорлик, томорқачилик кенг ривожланган. Ҳамма нимадир юмуш билан банд. Энг асосийси, охирги 4 йил давомида бу маҳаллада бирорта жиноят содир этилмаган. Хўш, миришкорликлар бунга қандай эришмоқда?

- Маҳалламизда кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга фахрийлар кўп, - дейди маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси    Ҳилола Аҳмедова. –Тўрақул бобо Маматов, Бегмамат бобо Очилов, Очилбой бобо Камолов, Тўрақул бобо Нусратов каби халқнинг ҳурмат-эътиборини қозонган кўплаб нуронийлар доимо маҳалла идорасига келиб, амалга оширилажак ишлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ўз фикрларини, маслаҳатларини бериб боришади. Уларнинг гапи маҳалла аҳли учун ҳам, фаоллар учун ҳам қонун.

Дарҳақиқат, маҳалланинг фахрига айланган бу инсонлар нафақат ўз вақтида қилган хизматлари, балки бугун олиб бораётган ишлари билан ҳам кўпчиликка ўрнак бўлишмоқда экан. Мисол учун, Тўрақул бобо Нусратов томорқачиликда катта ютуқларга эришмоқда. Ҳар йили ердан яхшигина даромад олади. Шу билан биргаликда, бошқаларни ҳам томорқадан тўғри фойдаланишга, ишларни ўз вақтида бажаришга ундайди. Ўз кўчасида бирор кишининг бир қарич ерни бўш қолдирганини кўрса, албатта, ёнига чорлаб, дакки беради. Маҳаллада ҳеч ким унинг гапини икки қилмайди.

Узоқ йиллар давомида шифокорлик касбида ишлаб, обрў-эътибор қозонган, 5 фарзандни тарбиялаб элга қўшган, ҳозирда невара-чеваралар ардоғида кексалик гаштини сураётган пиру бадавлат отахон Очилбой ҳожи Камолов ҳам мудом маҳалла ишларида фаол. Маҳаллада ўтказилаётган ҳар бир тадбир, йиғин ёки маслаҳатли ишга бош-қош.

- Бирор яқин кишингиз қандайдир номақбул ҳаракат содир этса, сиз ҳам бундан истиҳола қиласиз, вақтида тўғри йўл кўрсата олмаганингиздан афсусланасиз, - дейди у. – Маҳалла ҳам худди шундай. Бу ерда ҳеч ким бегона эмас, ҳамма бир-бирига қадирдон, қавму-қариндош. Шундай экан, нима тадбир, нима маслаҳат бўлса, дарров етиб келаман. Бирор кишининг муаммоси бўлса, ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, ўз маслаҳатларимни айтаман. Ёшларга йўл-йўриқ кўрсатаман. Шукурки, улар гапимга қулоқ тутишади.

Таъкидлаш жоизки, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш оилалар ва маҳаллаларда тинчлик, осойишталикни, ижтимоий ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, ёш авлод вакилларини халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялашда  юксак самара беради. Миришкор маҳалласи фаолларининг асосий ютуқларидан бири ҳам ана шу имкониятдан унумли фойдалана олаётганлигида эканига шубҳа йўқ.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!