Меню
Қашқадарё
Амударё гулбалиғини овлаган шахсга 71 миллион сўм жарима ҳисобланди
Амударё гулбалиғи Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, илгари кўп бўлган, кейинги ўн йилликлар давомида кескин камайиб кетган тур ҳисобланади. Унинг камайишига дарёлар оқимининг сунъий тартибланиши натижасида табиий сув режимининг ўзгариши ва ифлосланиши, рекреацион фаолият, браконьерлик сабаб бўлмоқда.
Амударё гулбалиғи тез оқадиган, суви совуқ ва туби тош-шағалли тоғ дарёларида, хусусан, Амударёнинг юқори қисми (Сурхондарё, Сангардак ва Тўпаланг дарёлари ҳавзалари)да учрайди, Танхоздарёга келтирилган, Қорадарё ва Норинда иқлимлаштирилган. Ўзбекистондан ташқарида Қирғизистон (иқлимлаштирилган), Тожикистон, Афғонистон, Орол, Каспий, Қора, Болтиқ, Баренц ва Оқ денгизлар ҳавзаларида, Жанубий Европа, АҚШда (иқлимлаштирилган) учрайди.
Ўрганишларга кўра, юртимизда ушбу балиқ турини яна кўпайтириш имкони мавжуд, аммо айрим кишиларнинг қонунга зид фаолияти бунга тўсқинлик қилмоқда.
Жумладан, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси тизимидаги ходимлар томонидан Яккабоғ тумани Татар МФЙ Тошқўрғон ўрмон хўжалиги ҳудудидан ўтган Қизилдарё дарёсининг юқори оқимида фуқаро А.Т. ноқонуний равишда, балиқ овлаш тақиқланган вақтда Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 16 дона Амударё гулбалиғини овлагани аниқланган эди.
Судда ушбу хатти-ҳаракатга қонуний баҳо берилди. Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар миқдори 71 миллион 538 минг сўм деб баҳоланди.
Балиқ овлашга ишқибоз киши мавжуд тартиб-қоидаларга амал қилиб, табиат қонунларини ҳурмат қилганида, ўзига ҳам, атроф-муҳитга ҳам фойда келтирган бўларди. Афсуски, бу сафар тескариси бўлди.
Н.ХЎЖАЕВ