Меню
Қашқадарё
ҲАМШИРА ЎЗИНИ ЎЗИ ҚАНДАЙ БАНД ҚИЛИШИ МУМКИН?
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги тегишли фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги тегишли қарори билан эса ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида "ҳамширалик иши" фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахслар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши мумкин.
Шундан сўнг ҳамширага ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида тегишли QR кодига эга бўлган мустақил ҳамшира маълумотномаси берилади.
Мустақил ҳамшира ўз фаолиятини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартиб ва йўриқномаларга асосан амалга оширади.
Низомда шунингдек, мустақил ҳамширанинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятни амалга ошириш асослари тўлиқ белгилаб берилган.
М.МУҲАММАДИЕВА,
Қарши шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёри