Меню

Қашқадарё

11.05.2018 2311

ҲАМШИРА БИРИНЧИ НАВБАТДА ПСИХОЛОГ БЎЛИШИ КЕРАК

- Айни пайтда тизимдаги тиббиёт муассасаларида 30 минг 200 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Уларнинг кўпчилиги замон талаблари даражасидаги билим салоҳиятига, тажрибага эга. Айниқса, улар орасидаги олий маълумотли ҳамширалар шифокорлар қатори барча муолажаларни малакали бажара оладилар.

Жаҳондаги илғор тажрибалардан келиб чиқиб, юртимизда ўрта ва олий маълумотли ҳамширалар тайёрлаш бўйича ўзига хос тизим яратилган ва бу жараён узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида анестезиология ва реанимация, хирургия, акушерлик ва менежмент йўналишлари бўйича олий маълумотли ҳамшираларни тайёрлаш йўлга қўйилгани фикримизни қувватлайди.

- Охирги пайтларда ҳамширалар фаолиятига бўлган эътибор сезиларли даражада кучайди, - дейди вилоят болалар  кўп тармоқли тиббиёт маркази олий маълумотли ҳамшираси Шаҳноза Нормуродова. - Айниқса, ҳукуматимиз бу касб эгалари меҳнатини эъзозлаб, алоҳида қўллаб-қувватламоқда. Ҳамшира биринчи навбатда психолог бўлиши керак. У илиқ сўзлари билан беморни ҳаётга қайтаришга, ишонтира олишга қодир шахс бўлмоғи лозим.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда ҳамширалик иши тубдан ривожланиб, улар фаолияти янада чуқурлашди. “Ҳамшира жараёни ва ёзуви” тизими амалиётга татбиқ этилди. Барча муассасаларнинг ҳар бир бўлимида ҳамширалар хонаси ташкил этилган. У ердаги иш жараёни ҳар бир ҳамширанинг ўз касбини қай даражада эгаллаганини билдириб туради. Чунки ҳамшира ҳар бир бемордаги муолажа натижаларини кунма-кун ёзиб боради.

Ҳамширалар фаолиятида касбий таълимни ривожлантириш, узлуксиз малака ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Саломатлик-2”, “Аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш”, Тиббий таълимни ривожлантириш маркази, USAID/ЗдравПлюс лойиҳалари томонидан кўпгина истиқболли таълим дастурлари ишлаб чиқилиб, жаҳон стандартларига мос ҳолда ўқув семинарлари ташкил этилмоқда. Жумладан, “Бирламчи тиббий санитария тизимидаги ҳамширалар ишининг асосий кўникмалари” мавзуидаги семинарларда патронаж ҳамширалари тўлиқ қамраб олинмоқда.

 - Бизнинг ишда кеча ҳам, кундуз ҳам баробар, - дейди Яккабоғ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонанинг олий тоифали ҳамшираси Наргиза Муродова. – Ишдан қайтгач, қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй хизматида бўламиз. Эртами, кечми, эшигимиздан нажот истаб келган кишига оғринмай, қўлимиздан келганча ёрдам берамиз. Чунки ҳар бир инсон ўз вазифасини бажарар экан, аввало халқ хизматида эканлигини унутишга маънан хаққи йўқ. Чарчаб, толиқиб қолганингизда беморларнинг “Қўлингиз дард кўрмасин, умрингиздан барака топинг” деган сўзларини эшитгач, барчаси унут бўлади, ўзингизни енгил ҳис этасиз.

Дарҳақиқат, шундагина ҳамширалар ҳар бир оиланинг аъзоси, меҳрибон ва жонкуяр кишисига айланади. Зеро, уларнинг вазифаси ҳам эл дардига дармон бўлмоқ.

Эзгу нияти халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилиш экан, бугунги кун ҳамшираси ўзининг меҳрибонлиги, касбига ташналиги ва инсонларга бўлган самимий муносабати билан ажралиб туриши муҳим. Ана шу талабни аввало бўлғуси ҳамшираларга уқтирсак, албатта улар келгусида халқимиз соғлиғи муҳофазаси учун астойдил меҳнат қиладилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!