Меню

Қашқадарё

26.04.2024 4823

“Ҳамшира–2024”:  Зарнигор Маллаева – финал босқич йўлланмасининг соҳибаси

Қарши Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида “Ҳамшира-2024” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ҳамширалар касбий билим ва малакаларини ошириб боришни қўллаб-қувватлаш, меҳнатда ютуқларга эришиб келаётган ўрта тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, улар фаолиятини оммалаштириш, ўз касбининг моҳир эгалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилган бу тадбирда кўрик-танловнинг саралаш  босқичларида ғолиб бўлган 18 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.

Танлов иштирокчилари беморларни қабул қилиш, аҳволини баҳолаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги маҳоратини намойиш этиб, ижтимоий–сиёсий ва тиббий жабҳаларга оид тезкор саволларга жавоб беришди. Шунингдек, ҳакамлар ҳайъати зукко ҳамшираларнинг одам анатомияси ва физиологияси, касаллик белгилари, ҳамширалик иши, тиббий ҳужжатлар, шошилинч тиббий ёрдам, дори воситалари, юқумли касалликлар профилактикаси ҳамда кундалик касбий иш салоҳиятини кўрсатувчи эркин мавзулар бўйича чиқишларини ҳам баҳолаб борди.

-  "Ҳамшира-2024" кўрик-танловининг қуйи босқичлари шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, республика ихтисослаштирилган марказлари филиаллари, шошилинч тиббий ёрдам ҳамда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, бошқа даволаш-профилактика муассасаларида ташкил қилиниб, уларда жами 400 нафардан зиёд ҳамширанинг касбий билим маҳорати ва амалий кўникмалари синовдан ўтказилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Елена Парембо. - Бу йилги танловнинг аввалгиларидан фарқи, номинациялар сонининг ортгани ва шу тариқа янада кўпроқ тиббиёт ходимлари рағбатлантирилганидадир.  

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлими ҳамшираси Зарнигор Маллаева қўлга киритиб, 12 май - Халқаро ҳамширалар куни арафасида ўтказиладиган “Ҳамшира-2024” кўрик-танловининг республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Кўрик-танлов ғолиб ва иштирокчилари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилояти кенгаши ҳамда вилоят ҳамширалар ассоциациясининг  ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, тадбир сўнгида "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Жорий йилда ушбу танловда вилоятимизда фаолият юритувчи ўрта тиббиёт ходимлари 14 та номинация бўйича куч синашди. Вилоят босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 1-, 2- ва 3-ўринларни қўлга киритган 42 нафар ўрта тиббиёт ходими ғолиб деб топилиб, диплом, рағбатлантирувчи мукофот ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!