Меню
Қашқадарё
ҚАМРОВИ КИЧИК, САЛМОҒИ ЮҚОРИ
Бугун юртимизда ана шундай қулай ишбилармонлик муҳити шаклланган, кичик бизнес учун катта имкониятлар муҳайё. Буни хусусий тадбиркорлар, илғор ишбилармонлар сафи кенгайиб бораётганидан ҳам илғаш мумкин.
Хусусий мулкчиликнинг қамрови нисбатан кичик бўлган шакли - оилавий тадбиркорлик яқин қариндошларни умумий манфаат атрофида бирлаштириш, оиланинг барча аъзоларини меҳнат билан бирдек банд этиш имконини бераяпти. Қолаверса, бизнес юритишнинг мазкур шакли ички бозорни сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Косон туманидаги “Асл ва асал тортлар” оилавий корхонаси фаолияти бошланганига 5 йилдан ошди. Бугун ушбу тадбиркорлик субъекти аҳолига қарийб 10 турдаги қандолат маҳсулотларини етказиб бермоқда.
- Бироз аввал цехимизни замонавий технологиялар асосида жиҳозлашга муваффақ бўлдик, - дейди оилавий корхона раҳбари Дилбар Ғайбуллаева. – Бунинг самарасида ишлаб чиқариш ҳажми ошди, маҳсулот сифати анча яхшиланди. Ҳозир кунига 300 килограммга яқин маҳсулот тайёрланаяпти. Ширинликларни ўз савдо дўконимизда сотишни ҳам йўлга қўйганмиз. Қўшимча равишда 5 нафар ёшни иш билан таъминладик. Қолаверса, қандолат пиширишни ўрганиш истагида бўлган қизлар учун ўқув курси ташкил қилдик.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда бугун оилавий тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий қилинган. Қолаверса, бу фаолиятни йўлга қўйиш учун у қадар катта маблағ талаб этилмайди. Айни шу жиҳатлар юртимизда оилавий корхоналар сони тобора кўпайиб боришига рағбат бўлаяпти, десак хато бўлмайди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Суратда: “Асл ва асал тортлар” оилавий корхонаси фаолиятидан лавҳа.
Сурат муаллифи Собир Нарзиев