Меню
Қашқадарё
ҚАМРОВ КЕНГАЙДИ
Ўз жабҳасида энг нуфузли саналган ушбу тадбир орқали ишбилармон ишига холис баҳо бериш имкони мавжуд. Албатта, ушбу танловда иштирок этиб, ҳеч бир тадбиркор ютқазмайди. Аксинча, ўзи учун янгилик топади, маҳсулотини кенг оммага намойиш эта олади, тажриба алмашади.
Маълумки, мазкур кўрик-танлов қамрови анча кенгайди, асосий йўналишлар сони ортди. Илгари бироз эътибордан четдан қолган соҳалар — хизмат кўрсатиш ва ёшлар тадбиркорлиги ривожига кўмак бериш, уларни ҳудуд равнақига қўшаётган ҳиссасига кўра тақдирлашга шароит ҳозирланди.
Шу кунларда кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтмоқда. Муборак туманида ҳам ушбу тадбир юқори савияда, холислик асосида ташкил этилишига алоҳида аҳамият қаратилди.
Бу босқичда ҳудудда фаолият юритувчи 30 га яқин тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ғолиблик учун кураш олиб борди. Шу мақсадда қатнашчилар ҳакамлар ҳайъати ва меҳмонларга ўз маҳсулотлари ва хизматлари кўргазмасини намойиш қилишди.
- Бизнесимиз асосан саноат йўналишига ихтисослашган, - дейди кўрик-танлов туман босқичи иштирокчиси, "Эко ҳаёт" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Собир Умиров. - Ҳали мақтанишга арзигулик ютуқларни қўлга киритдик, деб айтолмайман. Чунки фаолиятимизни йўлга қўйганимизга кўп бўлмади. Янги ускуналар олиб келиб, уй-рўзғор учун челак ҳамда блок ғишт ишлаб чиқараяпмиз. 15 нафар кишини иш билан таъминладик. Ҳозир маҳсулотимизга харидор кўп. Ойига 400 дона 5 ва 10 литр ҳажмли челак, кунига 1200 дона ғишт тайёрлаш қуввати мавжуд. Иккинчи чоракда тармоқларни кўпайтирамиз. Йўлакбоп плита, профилли эшик-ром сингари қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этамиз. Айтганимдек, кўрсаткичларимиз бироз қониқарли, шу ҳам натижамизга таъсир этди. Якунда "Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори" йўналишида иккинчи ўрин билан кифояландик.
Қайд этиш ўринли, Муборак тумани иқтисодиётида йирик саноат улуши салмоқли бўлса-да, бу ҳудудда кичик бизнес субъектлари ривожига халал бермаяпти. Муҳими, фаолият йўналишларида хилма-хиллик, бир-бирини такрорламаслик бор.
- 25 йил бўлибдики, гиламчилик билан шуғулланиб келамиз, - дейди ҳудудий босқич ғолибларидан бири, якка тартибдаги тадбиркор Эргаш Ярашев. - 10-15 йил илгари ҳунармандчиликнинг бу тури ҳудудимизга деярли хос эмасди, яъни кенг оммалашмаганди. Биз бошлаб бердик, қолганлар ривожлантиришди. Табиий, шу билан бирга, шифобахш маҳсулотга талаб ўлмаганидек, гиламларимизга ҳам доим харидор топилади. Асосан чет эллик сайёҳларга таклиф этамиз. Аҳоли буюртмаси билан ҳам гилам тўқиб берамиз. Бу иш оилавий машғулотга айланган. Туя, қўй ва эчки жунидан кигиз, шолча, гилам, сумка каби буюмларни тўқишни ташкил этганмиз. Келгусида қизиқувчилар учун ўқув курси очиш ниятимиз бор. Танловда маҳсулотимизни намойиш этиб, меҳмонларнинг эътирофини қозондик.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, барча асосий йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Қўшимча номинациялар бўйича ҳам бир қанча иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Маълумот ўрнида эслатиш жоиз, "Ташаббус-2019" кўрик-танловининг илк босқичлари Деҳқонобод, Косон, Касби, Чироқчи туманларида ҳам ўтказиб бўлинди.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.