Меню
Қашқадарё
ҚАМОҚХОНАДАГИ ЖИҲОДЧИЛАР
1985 йилда Қарши шаҳрида туғилган, Нахшаб маҳалласида яшаган Олим Азимовни аслида ҳаётда омади чопмаган, деб бўлмасди. Бир йигит эришадиган нарсаларга секин-аста етишиб келаётганди. Қарши шаҳридаги 43-мактабни тамомлаб, сув хўжаликлари насос станцияси корхонасида иш бошлаган, кейин ҳарбий хизматга кетиб, хизматни Наманган вилояти Чуст туманида ўтаганди.
У 2011 йилнинг июль ойларида ишлаш мақсадида Россия федерациясига чиқиб кетади ва Москва вилоятига бориб, қурилишда ишлай бошлайди. Бир ярим йилдан кейин фаолиятини иссиқ сув қувурларини ўтказиш корхонасида давом эттиради.
Бироқ шу орада қирғизистонлик фуқаролар билан жанжаллашиб қолиб, уларни пичоқлаб қўяди. Воқеа жойида полиция ходимлари томонидан ушланиб, Москва шаҳар судининг Россия федерацияси жиноят кодексининг 111-моддаси билан чиқарган ҳукмига асосан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Жазони Липецк шаҳридаги қамоқхонада ўтай бошлайди.
Кўр кўрни қоронғида топади, деганларидек, Олим бу ерда жазо муддатини ўтаётган, Қарши шаҳар ИИБ томонидан диний экстремистик оқим аъзоси сифатида қидирувда бўлган, 1986 йилда туғилган Ҳусан Рўзиқулов таъсирига тушиб қолади. Ваҳоланки, хориждаги маҳбуслик унга хатоларини англаб, пушаймон бўлиш, бундан буёғига тўғри йўлни топиш имконини бериши керак эди.
У бўлса Ойбек Юсупов, тожикистонлик Муҳаммад, Файзали, россиялик Артур Егенян (исломий исми "Муслим"), "Зубайр" исмли шахслардан иборат, Ҳусан бошчилигидаги "Жиҳодчилар" экстремистик оқими аъзоларидан иборат "жамоат"га қўшилади. "Жамоат" амири ҳисобланган Ҳ.Рўзиқулов телефони хотирасига ёзилган Фозил қори, Абдували қори ва Тоҳир Йўлдош даъватлари орқали унинг онгини экстремистик, террористик, қўпорувчилик ва диний мутаассиблик қарашлари билан заҳарлайди. Шу орқали Сурия, Ироқ, Афғонистон, Покистон ва бошқа исломий давлатлардаги "мужоҳид"ларга кофирларга қарши жанг қилишда ёрдам бериш, Ўзбекистонда ҳам ислом давлати қуриш ғояларини илгари суради.
Натижада Олим Азимов ҳам "дурустгина" даъватчига айланиб қолади. У Россия федерацияси ҳудудида турли жиноятлар содир этгани учун озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини ўташ учун келтирилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, жумладан, 1989 йилда туғилган, Касби туманидан бўлган У.Ҳ., 1985 йилда туғилган, андижонлик Э.С., 1980 йилда Қарши тумани Ҳилол қишлоғида туғилган Ш.М., 1981 йилда Яккабоғда туғилган А.Т.ни ўзи мансуб экстремистик "жамоат"га қўшилишга тарғиб қилади.
Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан экстремистик ва террористик ташкилот аъзоси сифатида қидирувда бўлган ва Сурия давлатида жангарилик ҳаракатларида иштирок этиб келаётган бир неча шахслар билан интернет орқали боғланган ва жазо муддати тугаганидан сўнг Сурияга чиқиб кетишни режалаштирган.
Олим Азимовнинг ушбу мақсади ва конституциявий тузумга қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлари мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан аниқланган ва Россия федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ёрдами билан Ўзбекистон Республикасига олиб келинишига эришилган.
Мазкур ҳолат бўйича Олим Азимовга нисбатан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг турли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бир инсон ва унинг йўлдан адашиш тафсилотларига назар ташларкансан, ўша машҳур тўртликда айтилган "Ким нени изласа топгай бегумон, иллат излаганга иллатдир дунё" сатрлари айни ҳақиқат экани ёдга келаверади.
Фаррух АХМУРОДОВ,
Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ТЭҚКБ ходими, катта лейтенант