Меню
Қашқадарё
ҲАММОМ ХАВФ ОСТИДАМИ?
Фотонигоҳ
Куни кеча Қарши шаҳар ҳокимлиги Telegramдаги расмий канали орқали XVI асрга оид қадимий ҳаммом ҳақидаги маълумотни ўз муштарийларига илинди.
Айтилишича, ушбу ҳаммом Абдуллахон II даврида, 1592-1593 йилларда қурилган.
Мазкур обида меъморчиликнинг ноёб намунаси ҳисобланиб, тарҳи - аниқ, пухта, тўғри тўртбурчак шаклида (22х14,4 метр), бўйламасига бешта ва энига учта хона жойлашган. Хоналар йирик гумбазли (баландлиги 5,6 метр) марказий зал атрофида уюшган. Ҳаммом доим иссиқ бўлиши учун ердан 3 метр пастда қурилгани ҳам эътиборга молик.
Зал уқалаш ва ювинишга мўлжалланган бўлиб, марказда катта супа қилинган. Миёнсарой қаршисида энг иссиқ хона, сувли ҳовуз билан туташ гармхона мавжуд. Ундан сўнг совуқ ва иссиқ сувли ҳовузларга туташ совуқхона (хунукхона), унинг ёнида эса мўрча жойлашган.
Деворлар сув ўтказмайдиган қир қоришмаси билан сувалган. Ер ости каналлари ганч қоришмада пишиқ ғиштдан тахланган. Ҳаммомда тагхонадан ёқилган олов туфайли қизитадиган иссиқ тош бўлган. Бел, суяк оғриғига дучор бўлган кишилар шу иссиқ тош устига ётишган ва шифо топишган.
Кўриниб турибдики, бу тарихий иншоот ўз даврининг, соҳасининг усталари томонидан катта маҳорат билан барпо қилинган. Энг муҳими, ушбу ҳаммом бизнинг давримизгача сақланиб қолган.
Ва бизнинг давримиздан нарига ўтадиганга ҳам ўхшамаяпти, афсус. Замонавий қурилишлар ҳар томондан қисиб келгани етмагандай, қадимий ҳаммом қаровсиз, кераксиз чиқинди улоқтириладиган бир масканга айланиб қолибди.
Дунёда шундай жойлар борки, ўтмишидан айтарли нарса сақланиб қолмаган, фахрланишга арзигулик тарихий обидалари йўқ. Бизда эса нафақат туман ва шаҳарларда, балки ҳар бир шаҳар ва қишлоқда тарихий обидага дуч келасиз. Балки тарихимизнинг юксак намуналари шунинг учун беқадрми?!
Туристларни жалб қилиш ҳақида кўп гапирамизу, тайёр меъморий иншоотлар турганда, уларни сақлаб, сайёҳлар қадами аримайдиган масканга айлантириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Агар муносабат, қаровсизлик шу кетишда давом этаверса (бир вақтлар бу ерда ҳожатхона ташкил қилишни ҳам мўлжаллашган экан), ноёб тарихий обида йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Ўйлаймизки, шаҳар ҳокимлигидагилар ҳаммом ҳақида маълумот айтиш билан кифояланмай, амалда ҳам аниқ чора-тадбирлар кўришади...
НАСРИДДИН
БОБУРБЕК олган суратлар.