Меню

Қашқадарё

12.07.2018 2710

ҲАММАЯМ ТОНГДА ТУРИБ ЮГУРГИСИ КЕЛАДИ, БИРОҚ...

Қизиғи, четдан жуда кўп бўлар-бўлмас нарсаларни ўзлаштирамизу, фойдалисига келганда эътибор бермай кетаверамиз. Дейлик, очиқ табиат қўйнида бадантарбия билан шуғулланиш  борасида. Юртимизнинг бирор жойида ана шундай оммавий  машғулот билан шуғулланиладиган гўшани учратганмисиз? Очиқ табиат қўйнида эрталабдан гўшт чайнаб, ароқ ичиб ўтирган, ёинки хўрозу кучук уриштираётган тўда одамларга кўп дуч келганмиз, аммо кўп одам йиғилиб, бадантарбия қилаётганига деярли кўзимиз тушмаган.

Ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Бадантарбия” номли ҳикояси бор. Унда бир амалдорга юрагини ёғ босгани учун дўхтир пиёда юришни, саҳарда югуришни маслаҳат беради. Жон ширин – амалдор ҳайдовчисига жавоб бериб, тонглаб югуришни одат қилади. Аммо биринчи кунданоқ муаммоларга дуч келади: қўни-қўшни, таниш-билишлар унга ҳайрон бўлиб қарайди. Оқибат шу бўладики, пиёда юргани сабаб уни ишдан бўшаганга чиқаришади, ҳатто яқинларининг муносабати ҳам ўзгариб қолади. Амалдор эса иложсиз яна машинада юра бошлайди...

Тонгда югуришни истаган, бироқ ён-атрофдагиларнинг муносабати сабаб истагига мунтазамлик бахш этолмаган жуда кўп кишиларга таниш ҳолат бу. Ўзимдан мисол: бир гал қатъий аҳд билан кун оқармасдан югуришга чиқдим. Шу пайт йўлимдан бир қўшни чиқиб қолса-да. “Ҳа, тинчликми?” дейди хавотир билан. Мени бирор ташвиш билан чопиб юрибди деб ўйлади. Шундай ҳолатда нима қиласиз? Бошқаларни ташвишга қўймаслик учун югурмайсиз, тамом-вассалом. Қайси одамга ҳижжалаб тушунтирасиз соғлиқ учун югураяпман деб.

Бордию ҳамма эмин-эркин шуғулланадиган махсус жой, майдон бўлганида, бундай истиҳолага ўрин қолмасди. Дейлик, ўша, телевизорда кўрганимиз – ям-яшил яланглик бўлсаю, ҳамма бадантарбия қилса, югурса.

Бироқ афсуски, бизда бундай шароит йўқ. Масалан, Қарши шаҳрида эрталабки соат 5-6 ларда югуриб юрган кишиларни кўп учратамиз. Бироқ қишлоқларда-чи? Йўқ, югурган ёшлар бўлиши мумкин, ёши катталарни учратмайсиз. Сабабини эса юқорида айтдик.

Бундай ўйлаб қарасак, қишлоқ кишисига кўчани тўлдириб югуриб юриш сал ноқулай. Шаҳардаги муҳит эса сал бошқача – биров-бировни танимаслиги шу жойда қўл келади. Қолаверса, шаҳарда қишин-ёзин югуриш учун шароит бор, қишлоқда эса бир кун ёғингарчилик бўлса, бир ҳафта кўчага чиқиб бўлмайди.

Шундай экан, ҳар бир маҳаллада оммавий спорт, бадантарбия билан шуғулланиш учун майдонлар ташкил қилиниши, маҳалла фаоллари соғлом турмуш тарзини тарғиб этиши керак.

Шу ҳақда сўз юритарканмиз, одатда якка тартибда уй-жой қуриш учун янги ер участкалари ажратиларкан, бунда спорт майдончалари ҳам назарда тутилгани, маълум ҳудуд айнан шунинг учун ажратиб қолдирилгани эсга келади. Бироқ ҳозир ўша майдончалар қани, қаерда бор? Бугун уларнинг бари эгали, ўрнига уй ёки мутлақо бошқа-бошқа объектлар қуриб олинган ва бир вақтлар шу жой айнан нима учун бўш қолдирилгани бировнинг хаёлига келмайди. Қолаверса, 2009 йилдан қурилиши бошланган намунавий лойиҳа асосидаги турар жойлар массивларида ҳам ижтимоий объектлар қаторида болалар спорт майдончалари, стадион назарда тутилган, яъники кишиларнинг спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш истаги бўлган, бироқ озгина вақт ўтиши билан уларнинг аксари тадбиркорлик субъектларига ёки жисмоний шахсларга буткул ўзга мақсадлар кўйида “беғараз” бериб юборилгани аламли ҳол.

Бундан ким манфаат кўргану ким жабр чекаётганини узоқдан қидириб юрмаса ҳам бўлади.

Масаланинг муҳимлигини далиллаш учун бир фактни келтираман: биргина ўтган йили вилоятда юрак касалликлари билан боғлиқ 130 мингдан зиёд бемор рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 60 минги доимий текширувдан ўтиб туриши керак, 4 минг нафарга яқин инсон эса операцияга муҳтож.

Тўғри, юрак касалликларининг сабаблари кўп. Бироқ ёши катталарда юрак безовта қилишининг асосий омиллардан бири – кам ҳаракатлиликдир. Агар ҳар бир қишлоқ, маҳаллада оммавий равишда спорт билан шуғулланишга, югуришга шароитлар яратиб қўйилса (пуллик майдонларни эса барчанинг ҳам чўнтаги кўтармайди), табиийки, ҳамма  машғулотларга боради. Ўз-ўзидан соғлом одамлар кўпаяди. Аксинча, ҳозирги туришда юқоридаги рақамлар ортиб бораверади.

Б.ЎКТАМ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!