Меню
Қашқадарё
Ҳаммасига пандемия сабабми?
Бир қатор оммавий ахборот воситаларида Нишон тумани марказидаги “Истиқлол” истироҳат боғи қаровсиз аҳволга келиб қолгани, болалар учун аттракционлар йўқлиги танқид қилинганди.
Туман ҳокимлигининг бу бўйича билдирган муносабатида айтилишича, истироҳат боғини кўнгилдагидай масканга айлантириш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра камида 2,5 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Аммо сўнгги йилларда маҳаллий бюджет имкониятлари чекланганлиги сабабли истироҳат боғи фаолиятини талаб даражасида йўлга қўйиш имкони бўлмаган.
Шундай бўлса-да, охирги икки йил давомида туман ҳокимлиги ташаббуси ҳамда ҳомийлар кўмаги билан истироҳат боғи ҳудудида 500 миллион сўмга яқин маблағ эвазига ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган.
Жумладан, 3 та фаввора, 1 та аттракцион, катта ҳажмли монитор ўрнатилиб, кириш дарвозаси ва йўлаклар таъмирланган, тунги ёритиш тизими янгиланган.
Айтишларича, жорий йил бошида ҳам истироҳат боғида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган, бироқ пандемия шароитида аввалдан режалаштирилмаган харажатлар юзага келганлиги сабабли бу борадаги ишлар орқага сурилган. Қолган ишлар 2021 йилда қилинаркан.
Нишондаги истироҳат боғи келгуси йили чирой очса-ку, майли, бироқ масъуллар ўшанда ҳам турли сабаб-баҳоналарни қалаштириб ташлашмаса бўлгани...