Меню
Қашқадарё
«ҲАММАСИ ПАРВАРИШГА БОҒЛИҚ...»
Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотларга қараганда, бугунги кунда вилоятимиздаги интенсив боғларнинг умумий майдони 1934 гектарни ташкил қилади.
Маҳаллий боғлардан уларнинг фарқли жиҳатлари кўп. Яъни оддий боғдаги мевали дарахтларнинг ҳосилга кириши учун 4-5 йил талаб қилинса, интенсив боғда экилган кўчатлар кейинги йилиёқ ҳосилга киради. Пакана ва яримпакана навли дарахтларни парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олишда ҳам бирмунча қулайликлар мавжуд. Яъни бундай дарахтларни буташ, кесиш осон, мевасини нарвонсиз териш мумкин. Натижада иш унумдорлиги ошиб, ҳосил сифатига путур етмайди, нобудгарчилик камаяди. Шунинг учун ҳам бу турдаги боғларга қизиқиш ошаяпти.
Касби туманида яшовчи Раҳмат Примов ана шундай интенсив боғ соҳибларидан бири. У ўзи раҳбарлик қилаётган “Примов Раҳмат Аҳмадович” кўп тармоқли фермер хўжалигида пахта, ғалла ҳамда пилла парвариши билан шуғулланади. Бундан 4 йилча муқаддам хўжаликдаги тармоқлар сонини кўпайтириш ниятида 3 гектар ерда интенсив боғ ташкил қилди. Польшадан келтирилган “Мутсу-М9”, “Голден Делишес”, “Губен Стар” навли 2400 туп яримпакана олма кўчатларидан экди. Албатта, хориж иқлими билан бизнинг иқлим шароитимиз бир-биридан фарқ қилади. Қолаверса, ҳар бир дарахт, ўсимликнинг худди одамлар сингари ўзига хос инжиқлиги, хусусиятлари бор. Буни яхши билган фермер кўчатларни парвариш қилиш борасида бор билимларини ишга солди. Мутахассислар билан маслаҳатлашди.
- Бу кўчатларни экканимда, бекор қилибсиз-да, нав танлашни билмабсиз, бу дарахтлар Қашқадарёнинг иқлимига у қадар мос эмас, деганлар ҳам бўлди, - дейди Раҳмат Примов. - Лекин чекинмадим. Керакли йўл-йўриқларни суриштириш, биладиган одамлар билан маслаҳатлашишдан эринмадим. Берилган тавсияларга амал қилдим. Ўтган йили кўчатларим мевага кирди, оз бўлса ҳам ҳосил олдим. Бу йилги ҳосили аввалгидан бирмунча яхши.
Тавсияларга кўра, пакана ва яримпакана навли дарахтлар экилганидан сўнг дастлабки даврда суғоришга катта аҳамият қаратиш зарур бўлади. Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб кетиши учун уларнинг атрофидан айлана шаклда ариқчалар ўтказилиб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим. Ёки оқар сув билан суғорилганда кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиш шарт. Об-ҳаво ҳамда тупроқ шароитидан келиб чиқиб, янги боғларни йилига 12-20 мартагача суғориб туриш мақсадга мувофиқ бўлади. Сув бергандан сўнг кўчатлар таги қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун 10-12 сантиметр чуқурликда юмшатиб турилади. Экилганининг биринчи йили кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрнинг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилмаслиги керак.
Бундан ташқари, интенсив боғ ораларида полиз экинларини экиш ҳам яхши таъсир кўрсатади. Бу кўрсатмага амал қилган Раҳмат Примов ҳам боғидаги олма дарахтлари орасига полиз экинларини экади.
- Ошқовоқ, ловия, картошка каби экинларни экаяпмиз, - дейди фермер. – Маълумки, бу экинларга бир эмас, бир неча маротаба ишлов берилади. Кўп сув талаб қилади. Бу жиҳат яримпакана дарахтлар учун ҳам айни муддао: экинларга ишлов берилганда, кўчатлар таги ҳам юмшатилади. Экинлар неча марта сув ичса, улар ҳам шунча марта сувга қонади.
Мутахассислар пакана ва яримпакана навли дарахтлар у қадар чуқур томир отмаслиги туфайли бундай дарахтларни ҳатто ер ости сувлари юқорироқ жойлашган ҳудудларда ҳам экиш мумкинлигини таъкидлашади. Одатий дарахтлар эса бундай ҳолатда яхши ривожланмайди, тез қурийди.
Интенсив боғни ҳам оддий боғ каби тўғри парваришлаш талаб этилади. Айниқса, вақтида сув беришдан ташқари, тупроқ унумдорлигини оширишга ҳам эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун ҳар йили боғ ичига 30-40 тонна чиринди, тегишли миқдорда азот, фосфор, калий ўғитлари солиб туриш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда дарахтлар баравж ривожланиб, ҳосилдорлик юқори бўлади. Айтганча, бу йилги ҳосил чўғини Раҳмат ака шундай чамалайди:
- Ҳар қайси дарахт 10 килоча мева берадиган бўлса, боғдан ўрта ҳисобда 20 тоннадан ошиқ ҳосил кўтаришни мўлжал қилиб турибмиз. Олмаларимиз нави ўртапишар, августга бориб, ғарқ пишади. Ҳаммаси парваришга, астойдил қилинган меҳнат, ҳаракатга боғлиқ экан.
Хуллас, интенсив боғ парвариши ишнинг кўзини билган одам учун қийинчилик туғдирмайди. Аввало, яхши ният, ундан сўнг ғайрат-шижоат билан қилинган парвариш, меҳнат ҳамиша кўзланган натижани беради.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Суратда: фермер Раҳмат Примов.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат