Меню
Қашқадарё
ҲАММАГА МАЪҚУЛ МЎЪЖАЗ МАЙДОНЧАЛАР
Болалигимизда кўнгилдагидек футбол ўйнай олмасдик. Чунки тўп тепиш учун ҳар доим ҳам маъқул жой топилавермасди. Кўп қаватли уйлар, маҳаллалар атрофида бехос бирор хонадон деразасини синдириб қўйишдан чўчирдик. Ёки шовқин-сурон, бақир-чақирдан безиган хонадон соҳибларидан баъзан дакки эшитардик, баъзан улар бизни ҳайдаб солишарди. Энг қизиғи, қийшайган “труба”, синган ғишт бўлаклари бизнинг “дарвоза”мизга, нотекис, тўпни тепсанг чанг кўтариладиган кўча эса “майдон”имизга айланарди. Шу тариқа кўча чангитиб тўп тепардик…
ЭНДИ ТЎПНИ ТЕПСАНГ ЧАНГ КЎТАРИЛМАЙДИ
Бугун эса ҳаммаси бутунлай ўзгача. Айниқса, Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда спортни янада ривожлантиришга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Бу эса ёш авлоднинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий саломатлиги мустаҳкамланишида беқиёс ўрин тутмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида жойлардаги бўш, қаровсиз ерлар тадбиркорларга янги ва замонавий, сунъий қопламали футбол майдончалари қуриш учун берилди ва тез фурсатларда ажойиб ўйингоҳлар бунёд этилди. Бунда ҳомийлик ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватлангани ишлар суръатини янада оширди. Натижада барча шаҳару қишлоқларда энди замонавий футбол майдончалари бор. Масалан, Китоб туманидаги Мустақиллик маҳалласида ана шундай масканлардан учтаси қурилган.
- Маҳалламиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жамил Ғаппоров. – Сунъий қопламали футбол майдончалари эса уларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, жисмонан чиниқиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулайлик яратаяпти.
Ўтган йили шу маҳаллалик тадбиркор Содиқ Ашуров сунъий қопламали 2 та замонавий футбол майдончасини қуриб, фойдаланишга топширди. Бугун бу маскан маҳалла аҳли билан гавжум.
- Аввалига пойтахт, водий ва вилоятимиз марказидаги мана шундай футбол майдончаларини кўрдик, ўргандик, шарт-шароитлари билан танишдик, - дейди Содиқ Ашуров. – Шундан сўнг худди шундай объектни ўзимизда қуришга киришдик. 20х40 ўлчамдаги бу майдончаларга энг замонавий ёритиш тизими ўрнатилгани тунда ҳам футбол ўйнаш имконини беради.
Спорт билан шуғулланиш инсоннинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий камолотида, соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис вилоятимиздаги футбол майдончалари каттаю кичик футболсеварларнинг севимли масканига айланган. Масалан, Қарши туманилик Элдор Абраев ҳам шундай мини-стадионларга тез-тез бориб туради.
- Бир неча йил олдин Қарши шаҳридаги бундай футбол майдончаларини кўриб ҳавас қилардик, – дейди у. - Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, орзуимиздагидан ҳам яхшироқ стадион ўзимизнинг маҳаллада қурилди. Ҳафтада икки-уч бор ишдан сўнг дўстлар, ака-укалар, ошна-оғайнилар билан шу ерда футбол ўйнаб, чарчоғимизни ёзамиз.
“КЎЧА ФУТБОЛИ”ДАН КАТТА ФУТБОЛГА
Футболда “кўча футболи” деган атама мавжуд. Бугун спорт оламида порлаётган кўплаб футбол юлдузлари ҳам айнан “кўча футболи”дан етишиб чиққан. Ҳатто футбол қироли Пеле ҳам шундай йўлни босиб ўтиб, катта футболга қадам қўйган. Шу боис жаҳонга машҳур топ-футбол академиялари селекциячилари “кўча футболи” билан машғул ёшлар ичидан энг иқтидорлиларини саралаб, ўз тарбияларига олишади.
Тан олиш керак, бугунги кунда юртимизда Қашқадарё футболи ўз ўрни ва мавқеига эга. Вилоятимиздаги кўплаб ёшлар, эркаклар ва аёллар футбол жамоалари мамлакат миқёсидаги ҳамда халқаро мусобақаларда арзирли ютуқларга эришган ва янги марралар сари дадил бормоқда. Айниқса, маҳалла ва қишлоқларда ёшлар ўртасида анъанавий футбол мусобақалари ташкил этилаётгани янгидан-янги иқтидор эгалари кашф этилишига замин яратаяпти.
- Эътибор берганмисиз, бугун вилоятимизнинг қай гўшасига борманг, замонавий футбол майдонлари кексаю ёш билан гавжум, барча футбол билан ҳамнафас, - дейди “Насаф” футбол жамоаси мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Нурали Султонов. – Энг муҳими, нафақат шаҳар ва туманлар марказлари, балки олис ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мажмуалари, стадионлар, сунъий қопламали майдончалар барпо этилаяпти.
Нурали Султоновнинг айтишига қараганда, “Насаф” футбол мактаби тарбияланувчиларининг деярли 50 фоизини вилоятимизнинг туман ва қишлоқларида ўтказилган анъанавий футбол мусобақаларида кузатилиб, сараланиб олинган ёшлар ташкил этади.
Маълумотларга кўра, вилоятимизнинг турли ҳудудларида шу кунга қадар 63 та сунъий қопламали кичик футбол майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилган. Жорий йилда эса жойларда яна 30 дан ошиқ ана шундай мўъжаз стадион бунёд этилиши кўзда тутилган.
Спорт бу – соғлом турмуш тарзининг асоси. Унинг бирор тури билан мунтазам шуғулланиш кишини жисмонан чиниқтириб, руҳан тетик қилади. Шу жумладан, футбол ҳам ғоятда фойдали спорт туридир.
Азизбек НОРОВ.