Меню

Қашқадарё

22.06.2021 1859

ҲАММА НАРСА ЕТАРЛИ, ЖОЙИДА. ЛЕКИН НИМАДИР ЕТИШМАЙДИ...

Сараланган сатрлар

Инсон бу ҳаётда яшаркан, жамиятдаги мавқеи, мансаби, таъсир доирасига қараб ўзгаради, бузилади, айнийди. Ўзлигини сақлаб қолганларгина ҳурматга, эъзозга лойиқ. Бу эса ҳаммагаям насиб этавермайди. Аслида кўпчилигимиз яхши биламиз, англаймиз: аксар ҳолларда шахсга эгаллаб турган лавозимига қараб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, бояги лавозимдор "тахт"дан тушиши ҳамоно муносабатлар ҳам буткул ўзгаради, тескари тус олади.

Орамизда шундайлар бор: содда, дали-ғули, биров лавозимга минадими, тушадими, фарқи йўқ, барчага бирдай муносабатда, ёшниям, қариниям иззатини билади. Каттахиллик қилмайди, давралар тўрини кўзламайди, пойгакдан жой тегса, оғринмайди. Биз-чи? Ўзимизча бундайларни писанд этмаймиз. Шу қадарки, оёқ остидаги буюм сифатида қараймиз. Тупроқдай хокисорликни тупроқдай хорлик, деб тушунамиз. Аммо ана ўшалар вазиятга қараб турланмай-тусланмайдиган чинакам одам эканини вақти келганидагина тушуниб етамиз.

Эркин Аъзам "Анойининг жайдари олмаси" асарида ана шундай чинакам инсон ҳақида ёзади, тасвирларки, кўпларимизга таниш, қадрдон...

Қуйида шу гўзал асардан лавҳалар келтираяпмиз.

* * *

- Яна келдингми? Яна ўқишгами?

- Сенгинанинг жонгинангга тегишга! - дейди у ва баттар ғашингизни қўзғамоқчидек, белингиздан маҳкам кўтаради, айлантиради. - Ҳа, жўрамдан-да, жўражонимдан-да!

Уйга кирилгач, эгасидек бетайин - қулфланса очилмайдиган, очилса қулфланмайдиган антиқа чамадон минг бир амал-тақал билан очилади. Хона кузаки олмаларнинг ҳидига бурканади. Бир ёғи қирмизи, бир ёғи хол-хол, бандининг туби қизил қумга тўлган олмалар; кўримсиз, жайдари олмалар. Болалигингиз олмалари, болалигингиз ҳидлари. Бошингиз айланиб кетади. Кўп нарса бирдан эсингизга тушади, энтикасиз. Шу тобда уни қучоқлаб олгингиз, "Жўражон!" дегингиз келади. Аммо, нимадир, - бояги ғашликми, ғурурми йўл бермайди, ижирғаниб сўрайсиз:

- Нимага келдинг, Рамазон? Бари бир киролмайсан-ку?!

- Кирсам-чи? - дейди у яна чап кўзини қисинқираганча тиржайиб. - Кирсам-чи?

- Киролмайсан! Худога ҳам, бандасига ҳам аён!

- Майли, жўра, буям бир гап-да. Мана, сен ўқияпсан-ку, бўлади-да менга шу. Қўй-э, манави олмаларга қарасанг-чи! Бунақаси Боғи Эрамда ҳам битмайди! Сўнгра у чамадонини титкилаб, ўн қават дағал қоғозга ўралган алланимани чиқаради: - Мана буни энанг бериб юборди, сузма-чакки. "Чалоб қилиб ичсин, чанқоғи босилади, - деди. - Шаҳарлик қизларди кетидан югуравериб томоққиналари қақраб кетгандир болагинамнинг", деди.

* * *

...Рамазон чамадони қиррасига ўтириб олиб, "Қулоқ сол", дейди-да, шанғиллаганча гап бошлайди:

- Бойсундан гапирамиз! Тошкентда улоқиб юрган бойсунлик мусофирлар учун бериладиган эшиттиришимизни бошлаймиз! Она шаҳрингиз янгиликлари билан танишинг!

Ашур кал эскилик сарқити сифатида носдан воз кечиб, замонавийликка интилиб сигаретга ўтибди ("Кошки фойдаси бўлса, телпакни ташлаб, шляпа кийганида ҳам бари бир ҳаммага маълум: боши ялтироқ кал!"); ўзининг бобоси кўкнорнинг кайфида момоси билан ғижиллашиб, аммасининг чорбоғига кўчиб кетибди ("Мени бошқа нарса ўйлантиради. Уккағар бобонинг бир сандиқчаси бор. Бошининг остига қўйиб ётарди доим. Гап кўп-да унда. Олиб кетди! Ўшандан умид катта эди"); Эсонбердиев, ўша ғуддайган "Эсонбердиев-ҳукумат", Бойсун тарихидаги баттол милиса, истеъфога чиққач, Қўрғончадаги нафаси ўткир мулладан бир ой эскича сабоқ олиб, дастор ўраб қайтибди, ҳозир хатми Қуръону чилёсингача усиз ўтмас эмиш ("Бир куни худойига кетаётиб бошида салла, қўлида асо, милисахона олдидан ўтганда чест бериб юборибди")...

Рамазоннинг ҳангамаларини тингларкансиз, Бойсун оралаб юргандек, ажабтовур одамлар тўдасига кириб қолгандек бўласиз.

* * *

Рамазон туриш-турмуши билан шаҳарга ярашмайди, шаҳарга сиғмайди. Унга қўшилиб кўчага чиққани ҳам уяласиз. Юрган йўлида лакалов қилиқлар қилиб, ҳаммани ўзига қаратиб, шанғиллаганча алланималарни вайсаб кетаверади. Луғати ҳам антиқа: трамвайни "уч тийинлик" дейди, таксини -"пулютар", ресторанни -"регистрон". Худо денг, йўлда суратхона учрамасин - тилла топган тентакдек қичқириб юборади у:

- Ана-а!.. Юр, жўражон, бир портретга тушайлик!

- Портретни нима қиласан?

- Эсдаликка-да. Бир кун катта одам бўлиб, бурнинг кўтарилиб кетса, "Мана, икковимиз жўра эдик" деб ўзингга кўрсатаман.

- Кўрсатсанг нима бўлади?

- Уялиб, бурнинг яна... жойига тушади.

* * *

Рамазонга ҳаммаёқ - ўзиники, кўрган одами - аммаваччасидек синашта, дарров гап қўшиб, апоқ-чапоқ бўлиб олаверади. Ошхонада навбатга турганида дуч келган кимсага: "Ҳўв жўра, анави жойни банд қилиб, чой-пой тайёрлаб туринг", дейиши ҳеч гап эмас. Муқаррар можарони кутганингизда аҳвол бошқача бўлиб чиқади: ҳалиги киши бир зум Рамазонга бақраядию, алланечук итоаткорлик билан бўш чойнак қидириб кетади. Рамазон ҳам қарздор бўлиб қолмайди: у қилади, бу қилади - ўша заҳоти унинг кўнглини олади. У хўжалик дўконига кириб  бошоғриқ дори сўраши ҳам мумкин, хотиржам бўлинг - албатта топиб беришади. У қўпол қилиб сўрайди - унга мулойим жавоб қайтаришади.

* * *

Бешёғочда Тош дегани бўларди, безориларнинг безориси. Ростми, ёлғонми, "Пичоқлашиб, уч марта қамалган, тоғаси каттаконлардан, ўша қутқарган", дейишарди. Ўзи мароқ билан эслармиш: "Ҳи, шундоқ қилган - ҳазиллашиб қўйганмиз-де". Худо ҳам турқни ўйлаб берган: калла тарвуздек, қорин - тарвузча, барра - корсоннинг ўзи, сергўштликдан кўзлар кўринмайди, тилла тишлар доим томошага иршайиб туради. Каттаю кичик уни "ака" дейишга мажбур, ўзи эса ҳаммани, авжи келса, отаси тенгини ҳам сенсирайверади. Бир тўда "шотири" билан эртаю кеч кинотеатр олдида писта чақиб, ўтган-кетганни тергайди. Бориб етти букилиб кўришмасангиз - кун йўқ. "Ҳи, ўқивоссанларми? - дейди, кўзи бошқа ёқда, кўкимтир ёзувли биққи бармоқларининг учини чўзиб. - Маладес, ўқиларинг. Ўқиб бўлларинг-де, қуённи расмини чизларинг".

* * *

Худо омадни ҳам ўлчаб, мисқоллаб берар экан. У бир кетса... ҳаммаси кетар экан.

* * *

Бир пайт қандайдир шанғиллаган овоз қулоғимга чалинди:

- Э-эй, шеърингни ўқидим - газета берар экан!

Овоз келган тарафга қарасам - Рамазон! Қўллари орқада, икки соқчининг ўртасида ёпиқ машина томон кетяпти, кўзлари чақнайди: "Э-эй, шеърингни ўқидим..."

"Ўл-а,- дедим ичимда, - шундай пайтда менинг шеъримга бало борми, ўзингни ўйласанг-чи! - лекин худбинлик устун келди: - Ўқибди-я, ўша ерда ўқибди-я!"

Рамазоннинг ортидан қараб қоларканман, негадир унинг севимли қўшиғи эсимга тушди: "Хуш қол эн-ди-и, Зуҳрохоним..."

- Жўранг қип-қизил ғалча экан, - деди судга бирга борган ёзувчи дўстим қайтишда. - Ўзини ўзи қаматди. - Чеховнинг "Ёвуз ниятли киши" ҳикоясидаги Дениснинг ўзгинаси-я! Ўқиганда шунақа одамлар борлигига ишонмаган эдим...

* * *

- ...Кап-катта одам, кўзига ёш олиб гапирганда ишонмай бўладими? Сочлари ҳам оқ эди... Майли, жўра, энди пушаймоннинг фойдаси йўқ - бўлгани бўлди, бўёғи сўнди. Дунёни панжарадан ҳам бир кўриб қўйдим-да, зиён қилмас...

Рамазон чаккасини кафтига босган кўйи дераза оша перронга тикилиб ўтирарди. Ўйчан, беозор, хокисоргина... "Уни хушламаслик, ёқтирмаслик мумкин, лекин ёмон кўриб бўлмайди", деб ўйладим ичимда.

* * *

Мендан аҳвол сўрасанг - турмушим эскича, бир маромда. Чатоғи шундаки, би-ир маромда! Нолиётганим йўқ, ҳамма нарсам етарли, жойида. Лекин ҳаётимга нимадир етишмайди, нимадир - йирикроқ ташвиш деймизми, тўполон деймизми ёки бир мўъжизами... Қилаётган ишларимдан кўнглим тўлмайди, ҳаммаси кўзимга майда, арзимасдек туюлади. Ишга бориб кутасан ўша нарсани, уйга келиб кутасан - беҳуда. Гоҳо бошингни деворга ургинг келади - шояд бирор янгилик рўй берса!..

Бу нолиш, шикоят эмас, Рамазон - ҳасрат, дўстнинг дўстга ҳасрати!

Кеча кечаси бировнинг йўталидан уйғониб кетдим. Қаттиқ йўталарди, бетон деворга қозиқ қоққандек бўғиқ йўтал. "Қизимми?!" Уйқу қочди. Хотинимни уйғотиб, "Туриб қарасанг-чи!" дедим. Нариги хонага чиқиб, қизимдан хабар олган хотиним "Э, қўшнининг боласи-ку!" деди. Ўша заҳоти хотиржамгина уйқуга кетибман.

Нега бундай, Рамазон?

Ўтган ҳафта тунга яқин уйимга телефон бўлди. Бойсундан. Бир ҳамшаҳаримизнинг тоғаси вафот этибди, эрталаб чиқаришмоқчи, иложи бўлса, шу гапни жиянига етказишим керак экан. "Бемаҳалда сизни безовта қилдик-да, оғажон, овора бўласиз-да", деб қайта-қайта узр сўрашди, "Илоё бир ўғлингиз ўнта бўлсин, барака топинг", дея роса алқашди. Ишдан қаттиқ чарчаб келган эдим, ўзимча мулоҳаза юритдим: "Жиянининг уйи шаҳарнинг бир четида! Эрталаб чиқаришаркан, бугун бориб айтдим нимаю саҳарда ишхонасига телефон қилиб қўйдим нима - бари бир жанозага етиб боролмайди". Етиб боролмаслиги аниқ эди, лекин...

Ана шундай, менинг уйимда телефон бор! Мен ишдан чарчаб келаман! Нега бундай, Рамазон? Ўрнимда сен бўлганингда нима қилардинг?

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!