Меню
Қашқадарё
Ҳамма хурсанд, аммо...
Қатралар
Ҳамма хурсанд, аммо...
Тўй авжига чиққан. Тўйхонанинг бир бурчагидан янграётган хониш атрофга таралган, мияга гурзидай урилган. Ўртада аёллар бир-бирига муқом қилиб ўйнаган, куй шовқинига мос тебранган. Юзида қувонч, шодлик, тантанавор руҳ балқиб турган.
Бу шод-у хуррамликлардан таъсирланган аёллардан бири: "Тўй яхши нарса-да", деб қўйган. Яна хаёлида харажатлар зоҳир бўлиб: "Итдай чопамиз. Елиб-югурамиз, йиғинамиз. Икки соатлик тўй учун", деб қўйган.
Оёқ остида болалар ўралашган, жувонлар уларни ёнларига чорлаган. Қай бири гўдагига тинмай кола ичирган. Бошқаси хом-хатала колбасани едирган. Яна бири торт устидаги рангин кремларни қошиқ билан оғзига солган...
Ўртага чиқиб олган кайвони суннат боланинг бувиси олиб келган кийимларни зўр бериб мақтаган, бирма-бир кўрсатиб чиққан. Бошқа бири сарпо тарқатган. Тўйхонага айиқчалар-у кучукчалар кириб келган, атрофида болалар айланишган, катталар пул сочиб юборган, айиқчалар ҳам қолиб ҳамма ўзини пулнинг устига ташлаган...
Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Тўй эгасиям, тўйга келганлар ҳам...
Фақат ҳаёт бўлганларида Беҳбудий ҳазратлари хафа бўлардилар ва юз йил олдин айтган гапларини яна такрорлар эдилар: "Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар илм ва дин йўлига сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз, ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур"...
Совға
Ўқитувчи ва мураббийлар куни қўшнининг ўғилчаси бир даста гул келтириб табриклаб кетди мени. Буни кўриб қолган набирачам югуриб келди ёнимга:
- Онажон, сиз ҳам устозмисиз?
Ака-опаларининг гап-сўзларидан байрамни ўқитувчига дахлдор деб билгани учун ажаблангани шундоққина сезилиб турарди.
- Ҳа, устозман, - дедим кулиб. - Сенга қанча нарса ўргатганман-ку.
Бу ёғи қизиқ бўлди. Ёнимдан югуриб кетди ҳеч нарса демай. Уйга кира солиб дадаси билан аясининг ҳоли-жонига қўймабди:
- Тез менга совға беринглар, онажонимни табриклай...
Бемор
Касалхонада ётган бемор аёлнинг ёнига қариндош келин кўргани келди гулдаста кўтариб. "Сиз учун атай ясатдим, - деди гулдастани узатаркан. - Қаранг, қандай чиройли, баҳри дилингиз очилади. Манави қизил гулни ёшлар муҳаббат тимсоли дейишади. Муҳими, рангнинг ўзида ҳикмат борлиги - ҳаётга иштиёқни ошириши. Боз устига узоқ вақт ўзгармай тураркан. Оқ гул ҳам қўштирдим. Вафо белгиси! Сизни ёшингизда эриш туюлар, барибир рамз яхши.
Ҳеч яшил гулга кўзингиз тушганми? Қаранг, гулдастага кўрк бериб турибди. Яшил ранг ўсишга, саломатликка товон дейишади. Яна бир гап айтайми, яшил пайғамбаримизнинг яхши кўрган ранглари.
Сариқ гул олмадим. Тўғри, сариқ ранг энергияни оширади, ёруғлик тимсоли деган гаплар бор. Аммо айрим салбий фикрлар эшитганим учунми, шу рангни ёқтирмайман. Мовий ранг ишонч ранги бўлгани учун мовий гул ҳам қўштирдим. Қаранг, битта бўлиб турибди гулдастанинг ичида. Юлдузлар ичида ойдай худди...
...Дори олишга пули қолмаган аёл гулдастанинг неча сўм туришини чамалар ва пулга айланиб қолиши ҳақида хом хаёл сурарди...
Элга ош
Элга ош берди Отавой. Тўймисан тўй бўлди ўзиям. Неча йилдан бери жўраларининг тўйини еб юрган эмасми, бир йўла қайтарди бор ошна-оғайнисини чақириб. Қариндош-уруғлар-ку ёпирилиб келди - аёлиям, эркагиям, бола-чақасиям.
Тўрт қиз ичида ўсган ёлғиз ўғилнинг тўйини бундайроқ қилиб бўларканми, данғиллатди. Бекор кетмади қарийб икки йил хорижда тилини осилтириб ишлагани, топган пулини тишининг кавагида асрагани, ҳатто ўқувчи қизлари хоҳиш-истакларини ҳам тўйдан кейинга суриб қўйгани...
Хуллас, тўймисан тўй бўлди. Аввал ўтганлар руҳини шодлаш учун қўй сўйиб худойи қилди. "Тўйнинг дебочаси" деб атади "тўйча"га айланиб кетган худойини.
Наҳорги ошни икки қозонда дамлатди одамим кўп, деб. Чангини чиқариб кетишди азаматлар. Ошнинг ўзи кифоя дейишсаям дастурхонга қўйиб ташлади тандир-пандир, яхни-пахни деганларини. Каллайи саҳарлаб дастурхон устида ғоздай керилиб турган ароқларни ҳам "юмалатиб ташлади "шинаванда" ўртоқлари.
Бўлса бўлсин, ўнта ўғлим борми қизғансам, дея "вечер" ҳам қилди кечда. Худойига келганиям келди, ошга келганиям келди, келмаганиям келди. Хуллас, у ёғи-бу ёғи уч юз-тўрт юз одам йиғилди. Артистниям зўрини айтди, бошловчиниям. Тўйхонанинг томини тешиб юборгудай шовқинга тинмай ўйнади шоввозлар. Қистир-қистир ҳам кам бўлмади. Юзта-юзта отиб олган Отавой тўй охирида чўнтагидаги бор пулни сочиб юборди ўйнаётганлар устидан.
Хуллас, тўймисан тўй бўлди - эр-хотиннинг кўнгли тўлди. Кейин... Сарҳисоб бўлди, фақат тўёнани қўшиб мошин-пошин оламиз дегани бўлмади - пул қолмади...
"Хотин яна бир бориб ишлаб келмасам бўлмайди. Болалар сенга омонат".
Бир ҳафтадан сўнг қарзга чипта олиб, қайдасан хориж, деб жўнаб кетди эркак...
Шакл ва мазмун
Осмонга учириб кетди уни шакл.
Этагидан тортиб ерга тушириб қўйди мазмун.
Ҳали кўрасиз...
- Ҳей, манга қаранг, янгамулло. Ҳа, сиз, сизга айтомман. Мабодо арпайизди хом ўрганим йўғми? Мабодо эризди тоттиб оганим йўғми? Мабодо сизга билиб-билмай ямонлик қиганим йўғми? Нимага қўлиз билан имо қилиб кўссатасиз мани? Нимага ғийватимни қиласиз? Сиздан нон-ош сўрадимми? Пишагизди пиш дедимми? Ҳар дойим ёнимдан ижирғаниб ўтасиз. Нима, ман маховманми? Юқадиган касалим боми? Индамасам ерга тиқиб юворасиз одамни. Андишани оти қўрқоғми сизга?
Ҳозирам қўлиз билан имо қиллиз. Манави аёлга нимадир дедиз. Нима деганиздиям биламан. Эри милиссайди, ташлаб кетти дегансиз. Ўғли ўттизга кирди, ҳали хотин огани йўғ, дегансиз. Камбағал, бечора, одамладан пул сўраб юради, дегансиз. Ўзи битта ўғли бо, уннанам худо сомаган, дегансиз. Ёддам сўрап маҳаллани охучча қилиб ташлаган, бети йўғ, дегансиз. Ё гапим ялғонми?
Шуни билип қўйинг: эрим ташлап кеткан бўсаям милисса бўган. Ўғлим ана шу милиссани баласи. Уям ҳали милисса бўлади. Бир йигит бўладики... Ҳамма ҳавас қилоткон... Иши тушоткон... Ёддам сўрап келоткон... Чунки у милиссани ўғли... Чунки алмани тагига алма тушади, шоптолимас...
...Айни шу дамда унинг ўғли улфатлари билан букиб ичаётган эди...
Лола ЎРОҚОВА