Меню

Қашқадарё

28.07.2022 3412

ҲАММА ФАРОВОН, ОЗОД ҲАЁТ КЕЧИРАЁТГАНДАЙ, ОДДИЙ ХАЛҚ БАХТЛИДЕК, ТАҚДИРИДАН РОЗИДЕК КЎРИНАДИ! АСЛИДА-ЧИ?

Сараланган сатрлар

Касаллик, вирус, эпидемия тарқаса, дарҳол унинг олдини олиш чоралари кўрилади, карантин, чекловлар, вакцина ва ҳоказо. Мақсад - одамлар саломатлигини муҳофаза қилиш. Биргина вирус бутун дунёни оёққа қалқитганини ҳаммамиз ўз кўзимиз билан кўрдик, танимизда ҳис қилдик. Бир ўйлаб кўринг-а, нега инсоният маънавий таназзул, қадриятлар емирилиши, ахлоқсизлик урчиши авж олган шароитда ҳам худди ўшандай оёққа турмайди? Чекловлар, "вакцина"лар жорий қилмайди? Боиси, маънавий инқироз таъсири вирусники каби дарҳол кўзга ташлана қолмайди. Унинг оқибати эса ўта аянчли: ахлоқан тубанликка бурканган авлодлар бало-қазога дучор бўлган, қирилиб битган ёки ўзгалар қулига айланган. Халқимиз 100 йилдан ошиқ вақт давомида истибдодда яшагани сабабларини изласак, бунинг ҳам илдизлари биз айтаётган масалага бориб тақалади.

Ёзувчи Аббос Саид яқиндагина ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилган "Қазои қадар" романида маънавий таназзул оқибатларини бир оила мисолида кўрсатиб беради."Хончорбоғликлар", "Беш кунлик дунё", "Кўчада қолган одам" асарлари орқали ўзбек китобхонларига яхши таниш муаллифнинг янги романи 3 китобдан иборат бўлиб, нақ 2 минг саҳифа экан. Ҳозирча фақат биринчи китоб дунё юзини кўрди. Янги ўзбек романини сиз ҳам ўқиб кўринг, фикрларингиз янада теранлашади.

* * *

Бу одам дунёни тозаламоқчи бўлади, лекин бу тозаламоққа уринаётгани дунё қани энди у ўйлагандай бўлолса?! Дунё бундайин бадбахт, бундайин тубан, разил одамларга тўла эканини наҳотам тушунмаса? Наҳотам шунчалар болаларча тасаввур, болаларча тафаккур қилади?! Ахир, бунақаларни тарбиялаб бўларканми? Бунақалар сон мингта, миллионта, ундан ҳам кўп бўлса, сон-саноғига, ҳисобига етиб бўлмаса, буларни Яратганнинг ўзи тўғри йўлга солмаса, бандасининг қўлидан келарканми? Ақалли шуни тушунмаяпти, шуни тушунишни истамаяпти! Умри ана шунақа бадкирдор, ғаламис кимсалар билан курашда ўтаяпти, аммо нимага эришди? Ҳеч нарсага эришгани йўқ, эришолмайди ҳам, фақат ўзини ўзи азоблагани, ўзини ўзи яна дардга чалинтиргани қолади! Лоақал шунга ақли етмаса-я! Нима қилиш мумкин? Уни бу эътиқодидан қандай қайтариш мумкин? Бутун инсониятни тарбиялаб бўлмаслигини, бунга нафақат унинг, ҳатто пайғамбарларнинг ҳам кучи етмаганини қандай қилиб унинг онгига сингдириш, унга уқдириш мумкин?

* * *

Бу форма кийганларнинг кўпи бетайин, субутсиз бўлади. Қайси томон кучли, пулдор бўлса ўша томонга оғиб кетаверади, қонунни истаган тарафга буришдан чўчимайдилар ҳам, бунақа бемазагарчиликдан, шарманда ишлардан уялмайдилар ҳам...

* * *

Қарияларнинг, бева-бечораларнинг уйига тунаш учун кириб сўнгги маблағларини тортиб олишгача борган тубан кимсалардан нафратланди, муаллима эмасми, ёдига ўрис ёзувчиси Гоголнинг "Ўлик жонлар" асари тушиб, ўликлар - майит савдоси билан шуғулланишгача бориб етган ўта тубан, пасткаш одамлар қиёфаси кўз ўнгида гавдаландию: "Булар ҳам ўшаларга ўхшаган ўлик жонлар экан-да! Улардан-да қабиҳ, ярамас кимсалар экан!", деб хулосаланди.

* * *

Содданинг сири - тилида, деганларича бор экан.

* * *

Булар бугунги кун распутинлари, мажидиддинлари, бугунги кун абужаҳл ва абулаҳаблари, бугунги кун гулшанларию қумрихонлари, салулларию ҳомидлари! Улар орамизда, ичимизда, улар нафсимизда, улар шайтонлари билан бирга истиқомат қилмоқдалар! Улардан фориғ бўлиш даркор - жамиятлар, мамлакатлар, инсоният, курраи замин бундай эбола безгаги ва шунга ўхшаган, шундан-да даҳшатли безгак вирусларидан ҳам қўрқинчлироқ бўлган эпидемия - маънавият таназзули - руҳоний таназзул - қиёфасизлик - қалб қашшоқлиги - ёвузлик ва разолат, қабоҳат, тубанлик, жаҳолат ботқоғидан халос бўлмас экан, инсоният бошига бундан бешбаттар балолар, кўргиликлар ёғилавериши ҳеч гап эмас! Инсоният онгу шуурини, жисму жонини - бутун борлиғини, вужудини маҳв этишга - бузишга, чиритишга ўтган бундайин саратонни таг-томири билан тугатилмас экан, бошимизга ҳар турли балолар ёғилавериши муқаррар.

* * *

"Дажжол" деб қўйди ичида. У тушганда ер юзида ҳар турли фисқу фасод ишлар авж олиб кетаркан, ҳар турли сеҳру жодулар, макр-ҳийлалар ишлатиб, бузғунчиликлар қиларкан, яна одамларни ҳайратлантириш мақсадида табиий ўзгаришлар содир этиб, осмонга амр этса ёмғир ёғиб, ерга амр қилса турфа набототларни ўстиришга ҳам эришаркан, бўлар-бўлмас башоратлар бериб, ҳали сигирларнинг елинини сутга тўлдириб, ҳали хароба уйларда хазиналар пайдо қилиб, ҳали одамларни қилич билан чопиб, кейин эса ҳеч қанча ўтмай тирилтириб барчани ҳангу манг қолдиришгача бориб етиши ҳақида ҳам ўқигандим...

* * *

Миртемир домладек камтарин - хокисор, ҳалим бир зотнинг устидан кулиб, ўша даврларда одат тусига кирган, анъанага айланган ўт ўчирувчиларнинг кўкрак нишонини бўлак ижодкорлар қуриб қолгандек, улуғ шоирга "муносиб кўрганлар".

* * *

Кўрганман қанча оталарни - чойхонага чиқиб ёнбошлаб олиб нос чекишдан ё бўлмаса қарта-нарда ўйнашдан, маишат қилишдан бошқага ярамаганлар, айримлари эса анави Вали пўконга ўхшаганлари қўлига ўзига ўхшаган туллак беданани олволиб, тумшуғига тўплаб бедана қолиб ўзи "вавақ-вавақ, питпилиқ"лаб умрини ўтказганидан ҳам хабарим бор.

* * *

Бу қизнинг юзидаги маъюсият, кўзларидаги ўйчанлик худди она Осиёмизнинг маъюслигига, она   юртимизнинг ўруслар томонидан топталиб, ғам-андуҳга ботгандай бир ташвишли нигоҳига - ҳолатига ўхшайди, мен бу қиздаги маъюсият-ғамгинлик, тушкунлик тимсолида барчамизнинг бугунги аҳволимизни кўз олдимга келтиряпман! Мустамлака, ўзгаларга қарам - қўлидан-оёғигача кишанланган юртнинг маънавий-руҳий аҳволини, аянчли қисматини кўряпман.

* * *

Ташқаридан қараганда ҳеч нарса бўлмагандай, ҳамма фаровон, озод ҳаёт кечираётгандай, оддий халқ бахтлидек, тақдиридан розидек кўринади! Аслида-чи? Аслида ундай эмас, оддий ҳақиқатга ҳам муҳтож ана шу халқ ўзининг таг-туги кўринмас маънавий қуллик ботқоғига улоқтирилганини, неча ўн йиллардан бери ана шу "ер"ни маскан тутиб яшаётганини ҳам фаҳмламайдиган даражага келиб қолган! Фаҳмлаган, англаган, идрок этган, унга қарши чиққанлари эса аллақачон йўқ қилиб юборилган, соғ-омон қайтганларини эса ҳали-ҳамон таъқиб остида ушлайдилар! Бу тузумнинг жабрини, айниқса, домлага ўхшаган истибдодга, зулму зўравонликка қарши чиққан - адолат истаган зиёлиларимиз тортишди-да.

* * *

Бу нарса нафақат ёзувчиларда, балки мусаввирларда ҳам бор-ку! Энг ёқтирган аёлларининг портретини чизадилар, уларни ҳатто фаришта қиёфали - малаксиймо акс эттирадилар, ваҳоланки, ўша аёл ё севганлари ё бўлмаса ўзларининг турмуш ўртоқлари бўлиб чиқади.

* * *

Ташқи кўриниш ҳам маълум маънода қалбнинг кўзгуси.

* * *

Китобсиз уй - вайрона қалбга ўхшайди.

* * *

Бундай нобакорлар сизга ўхшаган ёшларни тарбиялар эканми? Малакангизни оширарканми? Булар ёшларнинг малакасини ошириб тарбияламайдилар, балки уларни ўзларига ўхшаган тутуриқсиз сотқин кимсаларга айлантирадилар, ёшларни ҳеч бир ишга яроқсиз мунофиқларга, наинки миллати, халқи, балки ўз ота-онасини ҳам танимайдиган, ўтмиши ҳақида фикр юритмайдиган, юритолмайдиган ахлоқсиз бадбахтларга - қиёфасиз касофатларга айлантирадилар, ана уларнинг тарбияси, кўрсатган кароматлари!

* * *

Ҳали айтади-ку, "ўзингдан чиққан балога, қайга борасан даъвога", деб... Булар ҳам сиз айтгандай, миллий озодлик ғояларини илгари сурган барча илғор фикрли кишиларимизни ўз қолипларига солишмоқчи эди, бироқ бундай қилиб бўлмаслигини тарихнинг ўзи кўрсатиб турибди...

* * *

Миллионлаб одамларни бундай "коммунистик отхона"га боғлаб, уларнинг онгу тафаккурини ҳар турли "бадҳазм бўлган хас-хашаклар" билан заҳарлаб бўлмайди. Қачондир бу кишанлар, албатта, парчаланади.

* * *

Озодлик берилмайди, озодлик курашиб олинади... Ҳиндлар ҳам, жазоирлик араблар ҳам қон кечиб мустақилликка эришганлар. Минг-минглаб аёллар эрларини, минг-минглаб оналар жигарпораларини йўқотиш эвазига, фарзанд доғида куйиб, кул бўлиб, ҳурриятга етишдилар, уларга осон кечмади озодликка, истиқлолга эришиш!

* * *

- Биздаги пахта яккаҳокимлиги халқимизни ҳабаш қулларидан бешбаттар аянчли турмуш кечиришига олиб келди, - деди Тўлқин Турсунзода, айни чоғда устози Мунаввар қорининг бир жумласи ёдига тушди. "Худо барчасини кўриб турибди - ер юзига тушган биргина баргни билган, ўрмалаган ҳар бир жонивордан хабардор бўлган Роббимиз бизнинг курашдан мақсадимиз Миллат озодлиги, ҳуррияти эканини наҳот билмайди, деб ўйлайсизлар? Фалакнинг гардиши бугун биз туркистонликларнинг иродасига қарши айланса, эрта-индин ёхуд қачондир, албатта, биз томонга айланади, ҳаммасининг ҳисоб-китоби бор".

НАСРИДДИН тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!