Меню
Қашқадарё
ҲАМКОРЛИК САМАРАСИ
Тадбир давомида элчи хоним диспансер фаолияти билан яқиндан танишди. Замонавий даволаш ускуналари билан жиҳозланган ушбу муассаса 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган.
- Маълумки, сил дунёда кенг тарқалган юқумли хасталиклар сирасига киради, - дейди вилоят сил касалликлари диспансери бош шифокори Тўлқин Ашуров. – Мазкур касалликка қарши курашиш, аҳоли орасида унга оид зарур тушунтиришлар олиб бориш, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида юртимизда кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги ҳамкорлигидаги дастур асосида бугунги кунда вилоятимизда “беморлар мактаби” гуруҳи фаолияти йўлга қўйилган. Гуруҳнинг асосий вазифаси касаллик тўғрисида тўлиқ маълумот акс этган буклетлар тайёрлаш, шу орқали одамларнинг ҳушёрлигини ошириш ҳисобланади. Ташриф чоғида муҳтарам элчи бундай гуруҳлар иши билан танишди, қилинган ишларга юқори баҳо берди ва мамнунлигини изҳор қилди.
Таъкидлаш жоиз, тегишли дастурга мувофиқ вилоятимиз туманларида “беморларни қўллаб-қувватлаш” гуруҳлари ҳам самарали иш олиб бормоқда. АҚШ дипломати гуруҳнинг аҳоли орасида сил касаллигининг олдини олиш, касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва беморларни даволашга жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлади. Бундан ташқари, элчи Қарши шаҳридаги маҳалла фаоллари билан учрашди, улар томонидан сил касаллигининг олдини олиш борасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари билан танишди. Памела Спратлен хонимнинг вилоятдаги бир гуруҳ журналистлар билан мулоқоти ҳам қизиқарли ўтди. Суҳбат давомида оммавий ахборот воситалари ходимларининг сил касаллиги ҳақидаги маълумотларни аҳолига етказишда кўрсатаётган фаоллигига таҳсин айтилди.
М.ЖЎРАЕВ