Меню
Қашқадарё
АМИР ТЕМУР - ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ
Ҳарбий-ватанпарварлик сайли
Соҳибқирон Амир Темур етук давлат арбоби, моҳир саркарда, олиму фузалолар ҳомийси, бунёдкор, адолат ва тинчлик тарафдори сифатида эътироф қозонган, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган йирик шахсдир.
Соҳибқирон таваллудининг 685 йиллиги муносабати билан Қўнғиртоғ этакларида вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан халқ сайли шаклида ўтказилган "Амир Темур ўғлонлари" ҳарбий-ватанпарварлик фестивалида ҳам айни жиҳат ўз ифодасини топди.
Айтиш ўринли, одатда Соҳибқирон таваллуди Шаҳрисабздаги ҳайкал пойига гул қўйиш, театрда концерт ва давра суҳбатлари шаклида нишонланарди. Жорий йил эса буткул янги формат танландики, ҳарбий хизматчилар, ҳудуддаги куч тузилмалари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, санъат, маданият ходимлари, таълим масканлари ўқувчи-ёшлари ҳамда аҳоли вакиллари иштирокида ўтган тадбир ранг-баранг мавзуларга бой экани баробарида пандемия шароити талабларига ҳам тўла мувофиқ келди.
Тарихдан биламизки, сиёсий майдонга қадам қўйганида Амир Темур эндигина икки мучални қаршилаган эди. Мамлакат пароканда, сиёсий кучлар ўртасида қарама-қаршиликлар авж олган, боз устига мўғулларнинг Мовароуннаҳрга босқини барҳам топмаганди.
Бир асрдан зиёд давом этган бу шароитда жамият учун озодлик ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида жамлаган халоскор зарурати ўлароқ, Амир Темур тарих саҳнасига чиқди.
Соҳибқирон ўз даврида Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангдан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан Босфоргача улкан империя барпо этди. У Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этди. Болқон ярим ороли ва Европа халқларига озодлик бағишлади. Россиянинг мўғуллар ҳукмронлигидан қутулишини тезлаштирди.
Амир Темур ва унинг авлодлари саъй-ҳаракати билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар, бозорлар, қалъалар, каналлар, йўл ва кўприклар ва бошқа иншоотларнинг сон-саноғи йўқ. Бибихоним жомеъ масжиди, Гўри Амир, Аҳмад Яссавий, Занги ота мақбаралари, Оқсарой ва Шоҳи Зинда меъморий мажмуалари, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари гўзал сарой-боғлар ва бошқа иншоотлар шулар жумласидан.
Соҳибқирон таваллуд куни арафасида Қўнғиртоғ адирларида улкан 685 рақами пайдо бўлди. Қаранг, салкам етти аср ўтибдики, бу улуғ зот номи, жасорат ва қаҳрамонликлари ҳамон барҳаёт. Йўл-йўлакай ҳарбий техника ва замонавий қурол-аслаҳаларга кўзингиз тушади. Бу улуғ саркарда ворисларининг бугунги куч-қудратидан дарак аслида. Ярим ой шаклида бир-биридан тенг масофада саккизта ўтов тикилган. Уларнинг бирида шоир-ёзувчилар, ижодкорлар Амир Темур ҳақидаги асарлар хусусида сўз юритиб, ўз ижод намуналаридан парчалар ўқиб эшиттирмоқда.
- 1996 йилда буюк бобокалонимиз ҳақида "Илоҳий тун" номли қисса ёзгандим, - дейди адиба Шарофат Ашурова. - Ўтган йиллар ичида Амир Темур ҳаёти ва фаолияти акс этган мақолалар, маърузалар тайёрладим, кўп манбаларни ўргандим. Деҳқонободдаги Чакчак довонида Темур қўшинлари Амир Ҳусайн билан икки марта жанг қилган, бу ҳақда "Қадриятлар силсиласи" номли китобни нашрга тайёрладим. "Илоҳий тун" қиссасини янада бойитиб, роман ҳолига келтирдим. Насиб этса, ушбу китоблар яқин кунларда ўқувчилар қўлига етиб боради.
Яна сайилгоҳга юз бурамиз. Ўтовлардан бири ёнида Соҳибқирон ҳақидаги китоблар кўргазмаси. Яна бир нуқтада рассомлар ўзига хос маҳорат дарслари ўтмоқда. Бадиий академия вилоят бўлими раҳбари Азамат Сатторов баҳорги қуёш тиғи юзида аксланган йигит тасвирини қоғозга тушириш асносида Амир Темур замонасида тасвирий санъат, миниатюра каби йўналишлар жадал ривож топганидан сўз очади.
Дарҳақиқат, Темур тузуклари, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома", Ибн Арабшоҳнинг "Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари" ва бошқа тарихий манбаларда Соҳибқироннинг сурату сийрати, дунёқараши ва ибратли ишлари ҳақида жуда кўп маълумотлар келтирилганки, булар эл-юрт ва раиятнинг ташвиши билан яшаш, давлатни адолат ила бошқариш, инсонпарвар жамият қуриш, меҳр-мурувват, мардлик ва қаҳрамонликда шахсий намуна кўрсатиш Амир Темурнинг бир умрлик турмуш тарзига айланганидан далолат беради.
Қолаверса, манбаларда ёзилишича, Амир Темур ёшлигиданоқ риёзиёт, фалакиёт, тиббиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашган араб сайёҳи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Шу боис тадбирга спорт, санъат, илм-фан жабҳасида ютуқларга, юқори натижаларга эришган ёшлар ҳам таклиф этилган. Улар буюк аждодларга муносиб авлод эканликлари теран нигоҳлари, турли мусобақаларда эришилган ғалаба тимсоли бўлган медаллар шодасида кўриниб турибди.
- 5 йилдан буён спорт гимнастикаси билан шуғулланаман, - дейди Қарши шаҳридаги 12-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Баҳодир Баҳромов. - 2019 йилда Фарғонада ўтган мусобақада Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Келажакда янада юқори натижаларга эришиш ниятидаман. Бунинг учун яхши ўқиб, ўз устимда жиддий ишлашим зарур. Орзуйим - Миллий гвардия ходими бўлиш.
Сайилгоҳ аро дўмбира оҳанги ёйилади. Бахшилар не-не буюк боболаримиз қаҳрамонликларини мадҳ этади, ўлкамизни босқинчилик билан эгаллаб олганлар қаҳрамону, ҳақиқий қаҳрамонлар жаллод дея уқтирилган кунлар куйга солинади, истиқлол шарофати ила тарихий адолат қарор топгани оҳанг қатларида ўз мужассамини топади.
- Одатда қаҳрамонлик достонлари Алпомиш, Гўрўғли туркуми ва шунга яқин тўқима образлардан иборат бўлса-да, Амир Темур ҳақидаги достонлар ҳам кам эмас, - дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Маҳматмурод Ражабов. - Мисол учун, ўзим Рўзиқул Қултўраевдан "Соҳибқироннинг туғилиши" номли достонни эшитиб, ёд олганман. Биламиз, Амир Темур башорат билан дунёга келади. Соҳибқирон туғилиб, дунёни забт этиши мўғуллар қулоғига етиб боргач, туғилажак барча болаларни ҳатто она қорнидалигидаёқ қиличдан ўтказишади. Онасининг вақтида кўрган тадбири билан Темур омон қолади. Достонда ана шу воқеалар таъсирли баён этилади.
Иштирокчилар мақом, бахшичилик, "Курсантлар театри" томошаларидан руҳий оламини бойитиб, билак кучи синаладиган кураш майдони сари йўлга тушадилар. Бу даврада етти ёшдан етмиш ёшгача полвонлар бел олишади, билаги зўр ўнни йиқиб, тобоққа қўйилган совринга эга чиқади, достонларда куйланган - не-не алплар елкасини ерга теккизган Барчиной авлодлари гиламга тушади, шу аснода Тўмарис, Бибихонимлар жасорати кўз олдимизга келади...
Баҳаво, эндигина яшилликка бурканган адирлар, шамоллар кезинган юксак кенгликлар... Бу ерлардан бир вақтлар Темур ўз қўшини билан саф тортиб ўтган, бир муддат тўхтаб, салтанатнинг улкан сарҳадларига назар ташлаган, воҳанинг тоза ҳавосидан симирган эса не ажаб...
Тадбир доирасида "Энг китобхон ҳарбий", "Маҳоратли ижодкор", театр санъати ва актёрлик маҳорати йўналиши бўйича кўрик-танловлар, кўпкари мусобақалари ҳам ўтказилди.
Шунингдек, "Бибихоним издошлари" лойиҳаси доирасида ҳарбий хизматчи аёллар мулоқоти, авиамодель ва варраклар намойиши, ҳарбийларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ҳаваскор ёшлар ҳамда мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техника мутахассислигига тайёрлаш маркази курсантлари ўртасида спорт беллашувлари ўтказилди. Ғолибликни қўлга киритган жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Таниқли санъаткорлар чиқишлари даврани янада файзиёб этди.
Буюк Соҳибқирон таваллуд куни муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.
Б.САЙФИЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.