Меню

Қашқадарё

15.03.2016 2337

АМИР ТЕМУР ЁҚУТИНИНГ ТАҚДИРИ

Соҳибқирон буларни ҳисобга олиб, жанг олдидан душман кутмаган чора-тадбирларни белгилаб қўйди, муҳораба пайтида уларни шундай ишга солдики, на жанговар филлар, на даҳшатли раъдлар фойда берди. Шиддатли жанг ҳинд қўшинининг мағлубияти, султон ва лашкарбошининг қочиб кетиши билан якунланди.

Деҳлини таслим этган амир Соҳибқирон 1398 йил 18 декабрь куни пойтахтнинг Майдон дарвозаси олдига келиб тушди. Унинг истиқболига шаҳарнинг саййиду акобирлари, қозилару муҳтарам зотлари чиқишди. Саркарда Маллухоннинг ноиби Фазлуллоҳ Балхий шаҳзодалар ва бекларни ўртага солиб, Соҳибқирони аъзамдан гуноҳларини афв қилишни сўради. Амир Темур ҳазратлари уларнинг раъйини қайтармай, гуноҳларидан кечди.

- Олампаноҳ, Сизни қутлуғ қадамингиз ҳинд заминига теккани билан муборакбод этамиз, - деди Фазлуллоҳ Балхий ҳазрат Соҳибқиронга таъзим қилиб. - Энди бизнинг диёрда сояи давлатингиз билан тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлишига ишонамиз. Сизга, буюк ҳукмдорга, чексиз ҳурмат-эҳтиромимиз, садоқатимиз ифодаси сифатида бир ноёб жавоҳирни туҳфа қилишга ижозат бергайсиз.

Амир Темурнинг розилигини фаҳмлаган Фазлуллоҳ Балхий ортига ўгирилди-да, патнис ушлаб турган хизматкорга қўлини узатди. Тилла патнис ўртасига қўйилган жавоҳир устига оқ чойшаб ёпиб қўйилган эди. Фазлуллоҳ Балхий икки букилди-да, патнисни қўш қўллаб Амир Темур ҳазратларига узатди. Соҳибқирони акбар тилла патнисни қўлига олиб, оқ чойшабни кўтарди. Шунда жавоҳирдан қуёшнинг заррин нурлари билан омихта бўлиб, атрофга қип-қизил ёғду таралди. Тубида майда юлдузчалар порлаб турган жавоҳир шундай жилоландики, беихтиёр жаҳонгир Соҳибқирон жилмайиб қўйди.

- Шоҳим, - деди Фазлуллоҳ Балхий Амир Темурга юзланиб, - кўриб турганингиз, бу қизил ёқут ҳинд заминидан топилган энг қадимий ва жуда ноёб жавоҳир. Уни камида саккиз юз ёшли дейишади. Султон Маҳмуд жавоҳирхонасида сақланарди. Энди, аълоҳазрат, сизнинг жавоҳирлар хазинангизни  безасин.

Буюк бобокалонимиз турли рангда товланувчи ёқутларни кўп кўрган. Унинг тасарруфидаги Бадахшон тоғларида кон бўлиб, маъданлар орасидан ёқут ажратиб олинарди. Ҳумоюн Соҳибқирон патнисдан ёқутни қўлига олиб, уни синчиклаб кўздан кечирди. Ҳақиқатан ҳам унга ҳадя қилинган бу ёқут бунгача ўзи кўрганлари орасида энг йириги ва чиройлиси эди. Ҳазрат Соҳибқирон чўғдек порлаб турган, жилоси билан ҳар қандай кишини мафтун қиладиган ёқутни патнисга авайлаб қўйиб, уни хазинабонга узатди.

Араблар бу жавоҳирни ёқут дейишади. Шарқда эса лаъл, тошлар қироли номи билан машҳур. Жавоҳиршуносларнинг аниқлашича, ер юзида ёқутнинг  тўққиз тури мавжуд, ҳар бирининг ўз номи бор. Амир Темурга совға қилинган тўқ қизил ёқут “ёқути райҳоний” дейилади. Ёқути райҳоний таркибидаги рутил моддаси қимматбаҳо тошнинг қирраларига ўзгача жило бағишлайди. Қизил рангли ёқутнинг ҳам турли кўринишлари мавжуд, энг қимматлиси ранги тиниқ, оч қирмизиси ҳисобланади. Бу афсонавий тошнинг сирли, шифобахш хусусиятлари ҳақида буюк алломаларимиз Беруний ва Абу Али Ибн Сино ўз асарларида ёзиб қолдирганлар.

1399 йил 28 апрелда Самарқандга қайтган соҳибқирон Амир Темур Ҳиндистондан олиб келган ёқутни ҳарбий юришлари вақтида қўлга киритган  жавоҳирлари қаторига қўшиб қўйди. Пойтахтнинг энг машҳур заргарига топшириб, унга ўз исмини ёздирди, ёқутга “Чироғи олам” деб ном берди. Ҳарбий сафарлари вақтида уни доимо ўз ёнида олиб юрди.

Ривоятларга кўра, қимматбаҳо тош-ёқутни севиб-ардоқлаган киши олдига олижаноб мақсад қўйган бўлса, ниятига албатта эришади. Ёқут унга бирор қарорга келишида ёрдам беради. Амур Темур бобомизнинг 1402 йил 20 июлдаги сўнгги энг йирик жангида Йилдирим Боязид устидан қозонган оламшумул ғалабасида “Чироғи олам” унга қўшимча куч бағишлаган бўлса, ажаб эмас.

Чироғи оламга эгалик қилганининг  еттинчи йили Соҳибқирон вафот этди. Хуросон ўлкасини бошқараётган Шоҳруҳ мирзо падари бузрукворининг васиятига зид иш қилаётган темурийзодалар қаршилигини енгиб, тўрт йил ўтгач Самарқанд тахтини эгаллади.  Соҳибқиронга тегишли “чироғи олам” ҳам унинг тасарруфига ўтиб, унга ўз номини битиб қўйди. Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтгач, афсонавий жавоҳирда Мирзо Улуғбек битиги пайдо бўлди. Ундан кейин “Чироғи олам” бошқа темурийзодаларга насиб этган эмас, агар шундай бўлганида, бу анъана давом этиб, унга навбатдаги эгасининг номи битиларди.

1611 йилда “Чироғи олам”га Аббос Сафавий исми ёзилди. Хўш, Амир Темур ёқути Мовароуннаҳрдан қандай қилиб Эронга, форсийлар юртига бориб қолди?

Туронзамин хони Валимуҳаммад Эрон шоҳи Аббос Сафавий билан дипломатик-иқтисодий муносабатларни яхши йўлга қўйган эди. Зарур пайтда ҳукмдордан ҳарбий ёрдам олиш, уни қўллаб-қувватлаш умиди ҳам бўлган. Шу мақсадларни кўзлаб, сафавийлар пойтахти Табризга борганида шоҳ  Аббосга уни мамнун қиладиган қимматбаҳо совға-саломлар топширади. Ноёб туҳфалар орасида “Чироғи олам” ҳам бор эди.

Аббос Сафавий бобурийзода Акбаршоҳ вафотидан (1605 йил 17 октябрь) сўнг унинг ўрнига тахтга ўтирган ўғли Салим - Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир билан ҳам дўстлик муносабатларини давом эттиради. Икки давлат ўртасида иқтисодий алоқалар, элчилар борди-келдиси узилмайди. Нуриддин Жаҳонгир ҳукмронлигининг ўн бешинчи йили, яъни 1621 йил 17 февралда Эрондан Ҳиндистонга Оқабек ва Муҳиб Али элчи бўлиб келишади, уларни Жаҳонгиршоҳ қабул қилади. Воқеанинг давоми унинг қаламига мансуб “Тузуки Жаҳонгирий” асарида шундай ёзилган: “Элчилар олий қадр биродарим (Шоҳ Аббос)нинг муҳаббат билан битилган мактубини топширдилар. Балиқнинг сўйлоқ тишини юборган эканлар, назаримдан ўтказдилар. Заргарлар уни эллик минг рупийга қийматладилар. Юборилган совғалар орасида тақдир тақозоси ва фалакнинг гардиши билан сафавийлар сулоласи қўлига бориб тушган Шоҳруҳ мирзонинг ўғли Мирзо Улуғбек жавоҳирхонасидан бўлмиш ўн икки данг вазнли лаъл ҳам бор эди. Ўша лаълга “Улуғбек ибн Мирзо Шоҳруҳ ибн Амир Темур Кўрагон” деб ёзиб қўйилганди. Биродарим шоҳ Аббос лаълнинг бошқа бир бурчагига настаълиқ хати билан “Банда шоҳи вилоят Аббос” сўзларини ёзишни буюрганлар. Сўнг уни жиға устига тақиб хотирим учун менга юборганлар. Менинг аждодларим номи ўша лаъл устига битилганини муқаддас билиб, ўзимга муборак қилдим. Заргархона доруғаси Саъидойга лаълнинг бошқа бир бурчагига “Жаҳонгиршоҳ ибн Акбаршоҳ” сўзларини ёзиб қўйишни буюрдим. Декан вилояти фатҳи ҳақида хабар келгандан бир неча кун кейин лаълни Хуррам (Шоҳ Жаҳон)га иноят қилиб юбордим”.

1628 йилда Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ вафот этгач, давлатни бошқаришга киришган Шоҳ Жаҳон Деҳли саройида ўзи учун “Тахти товус” қурдириб, уни турли хил қимматбаҳо жавоҳирлар, шу жумладан, икки бобокалони – Амир Темур ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан мерос бўлиб қолган “чироғи олам” ва Кўҳинур билан безаттиради. Ундан кейин шоҳ бўлган Аврангзеб Оламгир, Муъаззам Баҳодиршоҳ, Жаҳондошшоҳ ва Муҳаммад Фаррух Сайёр “Тахти товус”га ўтирадилар.

1739 йилда Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Ҳиндистонни босиб олиб, “Тахти товус”га эгалик қилади. Шундан кейин у Аҳмадхон Дурронийга насиб этади. У Афғонистон подшоси мартабасида вафот этгач, икки машҳур жавоҳирли тахт унинг ўғли Шужоъ ул-Мулкка мерос бўлди. У тақдир тақозосига кўра кўп йиллар эскидан таниши бўлган Лаҳор валийси рожа Ранжит Сингх паноҳида яшади. Унда “Тахти товус” борлигидан хабардор бўлган Ранжит Сингх Аҳмадхон Дурронийни кўзларидан мосуво қилиш билан қўрқитиб, “Тахти товус”ни тортиб олади.

Ранжит Сингх вафотидан сўнг, Лаҳорни унинг укаси Далип Сингх бошқаради. Бу вақтда Европадан инглизларнинг Ҳиндистондаги босқинчилик ҳаракатлари бошланган эди. Мустамлакачиларнинг эгаллаган ҳудудлари тобора кенгая борди. 1849 йилда улар Лаҳорни ҳам ўз қўлларига олдилар. 12 ёшли Далип Сингх тахтдан ва хазинадан воз кечиш тўғрисидаги  шартномага имзо чекишга мажбур қилинди. Шундай қилиб, “Тахти товус” ва ундаги Кўҳинур ҳамда “Чироғи олам” ҳам компания бойликлари қаторига қўшилди.

Инглизлар “Чироғи олам” ва Кўҳинурни тахтдан ажратиб олиб, Лондонга жўнатишди. Тахтни эса “Гроусвинер” кемасига юкладилар. Аммо кема Шарқий Африка қирғоқларида ҳалокатга учраб, Тинч океанида чўкиб кетди. “Тахти товус” ҳам уммон тубига ғарқ бўлди. Ҳозиргача кема чўккан жойнинг аниқ координатлари аниқланмаган.

“Ост-Индия” компанияси хўжайинлари “Чироғи олам” ва учта кичик шпинель ёқутдан тақинчоқ ясаттириб, 1851 йилда уни қиролича Викторияга тақдим этишди. Сўнгра тақинчоқ Букингем саройига қўйилди.

1912 йилда инглиз жавоҳиршуноси Жеймс Херберт Смитга кўрган кишининг кўзини қувнатадиган қимматбаҳо тақинчоқнинг ҳолатини текшириш буюрилди. У тақинчоқдаги ёқутни заррабин билан кўздан кечирар экан, ундаги ёзувлар диққатини тортди. Букингем саройига таклиф этилган мутахассис ёқутга Нодиршоҳ томонидан битилган “Бу Исфаҳонга Ҳиндистондан олиб келинган ёқут, шоҳлар шоҳи   султон Соҳибқироннинг йигирма беш минг асл жавоҳиротларидан биридир” деган ёзувни ва бошқа битикларни ўқиди. Бу кутилмаган кашфиёт бўлиб, хушхабарни қиролича Виктория ва юқори мартабали мулозимлар хурсандчилик билан кутиб олдилар. Чунки инглизлар афсонавий ёқут ҳақида эшитишган, аммо у йўқолган деб ҳисобланарди. Сиртига битилган тарихий битиклар туфайли “Чироғи олам” яна ўзини ошкор этди. Шундан кейин у “Амир Темур ёқути” деб атала бошланди.

Буюк саркарда ёқути ҳақида эшитганлар, билганлардан тилларда достон бўлган бу қимматбаҳо тош ҳозир ҳам Лондонда, Букингем саройининг Ҳиндистон хонасида сақланаяптими, деб сўрасангиз, албатта, ўша ерда, деб жавоб беришлари аниқ. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2015 йил 10 апрель сонида босилган “Соҳибқироннинг сирли тоши” сарлавҳали мақола муаллифи Бахтиёр Ҳайдаров ҳам унинг Буюк Британияда эканини ёзган.

Бундан икки йил бурун шаҳрисабзлик муаллим, тарих мухлиси Илҳом Тўлаев менга қўнғироқ қилиб, “Темур бобомизга тегишли машҳур ёқут Лондонни тарк этган экан, келсангиз, бу тўғридаги маълумотни сизга олиб  бераман”, деди. Биродаримдан Амир Темур ёқутининг янги эгаси ҳақидаги маълумотни олган бўлсам-да, унда “Чироғи олам”нинг қандай қўлга киритилгани аниқ эмас эди.

Каминанинг илтимосига мувофиқ, биродарим изланишларини давом эттирди. Шу йилнинг бошларида Илҳом Тўлаевнинг таклифи билан ёнига бордим. Менга интернетдан олинган “Амир Темур ёқутининг тарихи” мақоласи ёзилган варақларни узатди.

1990 йил 6 августда собиқ Совет Иттифоқидаги энг йирик кўргазмалардан бири Эрмитажда “Дунё хазинаси. Буюк мўғуллар даврида Ҳиндистонда заргарлик санъати” кўргазмаси очилди. Иккинчи марта шундай кўргазма 2009 йил февраль ойида Кремлнинг Успенский залида ташкил этилди. “Время новостей” интернет журнали шарҳловчиси Елена Супонина кўргазма ташкилотчиси, Қувайтдаги “Ислом бойликлари” музейи директори Ҳисса ас-Сабаҳ билан Россия маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу кўргазма ҳақида суҳбатлашди.

Ҳисса ас-Сабаҳ Қувайт давлати ҳукмрон сулоласи вакиласи бўлиб, эри Қувайт қироли шайх Носир ас-Сабаҳ билан бирга буюк мўғуллар хазинаси коллекцияси эгаси ва тузувчиси ҳисобланади. Қироличанинг сўзларига қараганда, эр-хотин йиллар давомида буюк мўғуллар мулки бўлган жавоҳирларни турли аукционларда сотиб олишган.

Ўшанда Ҳисса ас-Сабаҳ уларнинг коллекциясида Амир Темур ёқути ҳам борлиги ва бу ноёб тош кўргазмада  намойиш этилаётганини фахр билан гапирди.

Москвадан кейин кўргазма ўша йилнинг августида Санкт-Петербургда намойиш этилди. Бундан олдин Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларига тегишли қимматбаҳо буюмларни ва соҳибқирон Амир Темур ёқутини Лондон, Нью-Йорк ва парижликлар  томоша қилишга муяссар бўлишди.

Тарихда ўтган қанчадан-қанча ҳукмдорлар хазинасини яшнатган, уларга қувонч улашган, шуҳрат келтирган жавоҳирлар, уларнинг султони буюк бобокалонимиз Амир Темур ҳазратларининг жаҳонгашта ёқути ҳозир ҳам дунё кезиб юрибди.

Мўмин АЗИЗОВ.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!