Меню
Қашқадарё
"Амир Темур издошлари" ғалаба қозонишди
- Маълумки, "Ёш чегарачилар" ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаси мамлакатимизда 2011 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда, - дейди Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий қисм бўлинма бошлиғи, майор Айбек Даулетмуратов. - Мазкур мусобақа мамлакатимизнинг чегараолди туманларида жойлашган чақирув ёшидаги ўқувчиларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлаб бориш каби мақсадларни кўзлайди.
Мусобақанинг Нишон тумани босқичида ҳам жамоалар саф тортиш, сафда қўшиқ айтиб юриш, югуриш, турникка тортилиш борасидаги маҳоратини, шунингдек, ижтимоий-сиёсий, ҳарбий соҳага оид билимларини намойиш этди. Улар кўрсатган натижалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Нишон транспорт ва сервис касб-ҳунар коллежининг "Сергаклар" жамоаси учинчи, 24-сонли ўрта мактабнинг "Қалқон" жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди.
Тумандаги 13-сонли ўрта мактабнинг "Амир Темур издошлари" жамоаси эса мутлақ ғолиб бўлиб, мусобақанинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақа ғолибларига ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Собир НАРЗИЕВ
Суратда: тадбирдан лавҳа.