Меню
Қашқадарё
АМИР ТЕМУР:
Амир Темур Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарларида бўлгани каби ўз саройида ҳам кутубхона ташкил қилади. Ушбу кутубхона учун бутун мамлакат бўйлаб машҳур муаллифларнинг бежирим безатилган китоб нусхалари сотиб олинади. Кутубхонада қўлёзма кўчириш, китобларни безатиш ишларини миллий китоб санъатининг моҳир усталари олиб борган. Самарқанд шаҳрида араб, форс, турк, санскрит, юнон, лотин, арман тилидаги кўплаб бебаҳо қўлёзмалар Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Арманистон каби давлатлардан, Истанбул, Брусс, Исфахон, Ҳамадон, Шероз, Бағдод, Басра, Дамашқ каби қадимий маданият ўчоғи бўлган шаҳарлардан олиб келинади.
Соҳибқирон Амир Темур китобхонликни бениҳоя севган. Буни унинг қуйидаги фикрида ҳам кўриш мумкин:
“Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир”.
У ёшлик даврларидан китобга меҳр қўйганди. Тарихий манбаларда Темур ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини пухта ўргангани айтилади, у билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган араб файласуфи Ибн Халдун Амир Темур турк, араб, форс халқлари тарихи, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Амир Темур Мовароуннаҳрга ўзга юртлардан ҳунармандлар, олимлар, илм-маърифат алломалари, санъаткор, муҳандисларни жалб қилиб, улардан ўз марҳаматини аямади. Натижада Самарқанд ва Ҳиротда кўплаб мадраса, кутубхона, расадхоналар қурилди. Тиббиёт, ҳандаса, риёзиёт, фалакиёт, жўғрофия, тарих, адабиёт, фалсафага оид бетакрор асарлар яратилди. Тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди”.
Шунингдек, Темурнинг кўплаб соҳалар равнақига юксак эътибор бергани ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди”.
Навоий таърифи билан айтганда эса у нафақат буюк бунёдкор, буюк ҳукмдор, балки илм-фан ҳомийси, жаҳон тарихи ва адабиётини мукаммал билган улуғ шахс эди.
Шу тариқа, Амир Темур ўз саройида улкан кутубхона яратиб, у ерга жаҳоннинг турли жойларидан ноёб битиклар, бебаҳо қўлёзмалар ва нодир китобларни тўплайди. Эътиборлиси, кутубхонадан фақат сарой аҳли эмас, балки барча китобхонлар фойдаланган. Ўз навбатида, ўша даврда Самарқандда яшаб, фаолият кўрсатган алломаларнинг асарлари ҳам бу кутубхонани бойитган.
Амир Темур девонида мавлоно шайх Муҳаммад ибн хожа Бандкор Термизий, Йўл Қутлуғ, Амир Муҳаммад Бадриддин, Хожа Абдулло Кеший каби ажойиб хаттотлар ҳам фаолият кўрсатишган. Буюк саркарда китоблар хазинасининг айримларини сафар ва юриш вақтларида ўзи билан бирга олиб юрган, яъни кўчма кутубхона ташкил этган. У ҳукмронлиги даврида Самарқанд шаҳридан китоб олиб чиқишни қатъий ман этган, чунки китоблар тенгсиз бойлик сифатида қўриқланган.
Тарихий манбалардан маълумки, Темур Кеш мадрасасида таҳсил олган йилларида озарбайжон шоири Маҳмуд Шабистарий ижодига маҳлиё бўлган. Орадан кўп йиллар ўтиб, Озарбайжонни ҳимоя этиш учун қўшин тортиб борганида, Шабистар қишлоғидан ўтаётиб, беихтиёр шоирни эслайди ва унинг қабри шу ерда хароб аҳволда эканини билиб, зиёратга чоғланади. Улуғ саркарда қишлоқ аҳлига бойлик тақдим қилиб, Маҳмуд Шабистарий қабри узра мақбара кўтариш ва бу ерни зиёратгоҳга айлантириш ҳақида фармон беради.
Биламизки, Амир Темур авлоди ичидан олиму фузалолар етишиб чиқишини орзу қилган. Шу мақсадда набираларининг етук шахс бўлиб камол топишига катта аҳамият берган. Хусусан, Соҳибқирон ноёб кутубхонасининг бўлажак эгаси, набираси Улуғбек чуқур билим олиши учун Ҳиротдан Қозизода Румийдек йирик фалакшунос олимни Самарқандга олиб келгани тарихдан яхши маълум. Шунингдек, Улуғбек бобосининг кўплаб ҳарбий юришларида қатнашади. Шундай сафарларда илмга чанқоқ ёш шаҳзода кўчма кутубхонадан фойдаланган. Яна “жонли кутубхона” - тарихчилар, шоирлар, олимлар суҳбатидан баҳра оларди.
Тахминларга қараганда, Мирзо Улуғбек тўплаган китоблар хазинаси Пергам қўлёзмаларидан бошланган, Амир Темур Пергам шаҳрини босиб олганида қўлёзмаларни ҳам карвон билан Самарқандга олиб келган. Унинг кутубхонаси набираси Улуғбек даврида янада бойиб борган. Улуғбек бу кутубхонада соатлаб ўтириб мутолаа қиларди. Бу даргоҳда Платон, Гиппократ, Птолемей, Аристотель сингари буюк зотларнинг асарлари тўпланиб, яхши сақланганди. Шу билан бирга, кутубхонада Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг алгебрага доир машҳур рисоласи, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва “Астрономия калити” номли асарлари, Ал-Баттонийнинг астрономик жадваллари, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” рисоласи бўлган.
Шоҳрух Мирзонинг яна бир ўғли Мирзо Бойсунғур ҳам зеҳнли бўлиб вояга етади, ўқиш ва ёзишни жуда барвақт ўрганади. Улуғбек каби Бойсунғур ҳам маърифатпарварлиги билан танилади. У ҳам Ҳиротда улкан кутубхона ташкил этади. Таъкидлаш жоиз, Мирзо Бойсунғур кутубхонасида ўз даврининг энг олди наққош, хаттот ва мусаввирлари, хусусан, Мавлоно Шамс Бойсунғурий, олти нав ёзувини мукаммал билган етук хаттот Халил Ҳаравий каби ижодкорлар фаолият юритишган. Айнан Халил Ҳаравий чизган Амир Темур сурати бизнинг даврга қадар етиб келган.
Нафақат илм-фан ҳомийси, балки моҳир ижодкор сифатида донг таратган Мирзо Бойсунғур кўплаб сафдошлари билан бирга Абулқосим Фирдавсий қаламига мансуб “Шоҳнома” асарининг турли қўлёзма нусхаларини тўплаб, илк бор тўлиқ ва мукаммал нусхада кўчиришади. Бу қўлёзма Жаъфар Табризий томонидан 1425-1430 йиллари кўчирилиб, мусаввирлар уни йигирма сурат билан безаб тасвирлашади.
Хулоса ўрнида айтганда, Темур ва темурийлар кутубхоналар маънавият ва маърифат ўчоғи бўлгани, улар жамият ҳаётининг ажралмас қисми экани ва инсон зоти ҳар доим китобларга интилиб яшаганини чуқур англашган. Шу боис ҳам илм-фан, адабиёт ва бошқа санъат турларига ҳомийлик қилишган, уларни асраб-авайлаб, бойитиб боришган.
Азизбек НОРОВ